Умр ибрати: Биз билган ва билмаган Баҳрулла ака (36-37 сон)

1142

Камтарин инсон, бетакрор композитор Баҳрулла Лутфуллаевни салкам қирқ йилдан буён таниганим, 2001 йилдан буён “Ўзбекконцерт” қошидаги лицензия кенгашида жамоатчилик асосида биргаликда иш олиб бораётганимиз сабабли, бу самимий ижодкорни яхши биламан, деб юргандим. Яқинда, хотиржам ўтириб суҳбатлашганимиздан сўнг, кўз олдимда Б.Лутфуллаев ҳаёти ва ижодининг янги саҳифалари бирма-бир очила бошлади. Танишинг, балки санъаткорнинг умр саҳифаларидан олинган баъзи лавҳалар сиз учун ҳам янгилик бўлса ажабмас.

— Жиззахнинг Гараша қишлоғиданман, — дея сўз бошлади Баҳрулла ака санъат оламига кириб келиши ҳақидаги саволимга жавобан. — Санъат менга бобомерос. Бобом Лутфулла ҳофиз Жиззах ва  Самарқандда машҳур бўлган. Унинг ижросидаги “Ушшоқ”, “Сувора”, “Феруз” каби ашулаларни мухлислар севиб тинглашган. Афсуски, бобом 1937 йилги қатағон қурбонларидан бирига айланган. Улардан Зикриллохон, Амриллохон ва Эсонхон исмли уч ўғил қолган. Мен Амриллохон исмли ўғлининг фарзандиман. Амаким Эсон Лутфуллаев юртимизнинг таниқли ҳофизларидан бири сифатида санъатсевар халқимизнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди. Бобом ва амакимнинг ортидан мен ҳам болалигимдан санъат йўлини танладим. Дастлаб Тошкентдаги маданий-оқартув техникумининг хор дирижёрлиги бўлимини, кейин консерваториянинг хор дирижёрлиги ва педагог мутахассислигини, бир неча йилдан сўнг композиторлик факультетини тугатдим.

— Устоз, бугун сиз Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби,  таниқли композиторсиз, атрофингизда қанча шогирдларингиз ижод қилишяпти. Шубҳасиз, бундай ютуқларга эришишингизда устозларингизнинг ҳам хизматлари бор…

— Албатта. Мен устозлардан ёлчиган ижодкорман. Биринчи мусиқий устозим, шубҳасиз, Эсон акам бўлган. Улардан санъатнинг, мусиқанинг нозик жиҳатларини, ижодкор одобини, санъатга ва мухлисларга муносабатни ўрганганман. Қобил Орипов, Абдусамад Илёсов, Роза Бектошева, Мирсодиқ Умаров, Ричард Хубларов, Ботир Умиджонов, Мирсодиқ Тожиев каби устозлардан фақат мусиқа илмидан эмас, одамийлик, меҳр-оқибат, садоқат каби инсоний фазилатлардан ҳам сабоқ олганман. Бундан ташқари, қаерда ишлаган бўлсам, ўзимдан каттами-кичикми, ҳаммадан ниманидир ўрганишга ҳаракат қилганман. Одам қайси соҳада ишлашидан қатъи назар, умр бўйи ўрганиб, ибрат олиб яшаши керак. Ўқиш ва иш жараёнида яна бир нарсага амин бўлдим. Мусиқа оламига кирган одам, созандами, хонандами ё бошқа йўналишдами, фарқи йўқ, албатта, бирор чолғу асбобини чала олиши, адабиётдан, айниқса, шеъриятдан хабардор бўлиши керак. Мақомларимиз, халқ куй-қўшиқларимиздан, фольклоримиздан хабари йўқ одам ҳар мақомга йўрғалайверади.

— Айни ҳолат куйлаш учун лицензияга даъвогар бўлиб келаётган ёшлар, ҳатто катта ёшлиларда ҳам кўзга ташланиб турибди, назаримда.

— Ҳа, ўзингиз ҳам гувоҳсиз, лицензия олмоқчи бўлганларнинг аксарияти шеър, шеърият ҳақида тушунчага эга эмас. Ҳатто баъзилар куйлаётган матнни шеър деб ҳам бўлмайди. Шу матнларни ёзиб бераётганларнинг аксарияти шеъриятдан йироқ, манфаат илинжида юрган одамлар ёки мусиқа сайқалловчилар. Бу, аввало, куйлашга иштиёқмандларнинг китоб, газета-журнал ўқимаслигидан далолат беради. Агар ўқиганида оддий сўзлар йиғиндиси билан шеърнинг фарқига борган бўларди. Аслини олганда лицензияга даъвогарларнинг кўпчилиги машҳурлик ва фойда илинжида бўлади. Санъатга ҳақиқий иштиёқманд, истеъдодли одам меъёрида куйлайди. Бунга ўзимиз ҳам бевосита гувоҳ бўлиб турибмиз.

Кези келганда, бир фикрни ўртага ташламоқчи эдим. Ҳозирги лицензия кенгаши ишини такомиллаштириш керак. Яъни, биринчи нав­батда, кенгаш жамоатчилик асосида эмас, ҳақ тўланадиган тарзда ташкил этилиши лозим. Моддий манфаатдорлик бўлса, масъулият ҳисси ҳам мустаҳкамланади. Яна муҳими, битта бадиий кенгашнинг рухсати телевидение, радио ва мусиқа билан боғлиқ барча ташкилотларга тааллуқли бўлиши лозим. Майли, ягона кенгашга давлат ва нодавлат радио-телевидение каналларидан ҳам мутахассислар жалб этилсин. Агар шу иш амалга ошмаса, ҳамма оловни ўз ўчоғига тортиш билан шуғулланиб юраверади, мухлислар эса саёз ижролардан шикоят қилаверади. Илгари радиода битта бадиий кенгаш иш олиб борарди. Санъатимизнинг ҳақиқий дарғалари кенгаш аъзолари эди. Ўзим ижро этган илк қўшиғим — “Қорасоч” ана шу дарғалар назаридан ўтган.

Очиғи, Баҳрулло аканинг бу гапи мен учун катта янгилик бўлди. Ростдан ҳам устозни ҳали яхши билмас эканман. Ҳатто қўшиқ айтишларини тасаввур ҳам қилмагандим. Ваҳоланки, Б.Лутфуллаев Пўлат Мўмин, Нормурод Нарзуллаев, Анвар Исроилов каби таниқли шоирлар, Мирсодиқ Тожиев, Мустафо Бафоев, Мирхалил Маҳмудов, Ҳабибулла Раҳимов,    Нурилла Зокиров сингари таниқли композиторлар билан ҳамкорликда ишлаб, олтмишга яқин қўшиқ куйлаган. Бу қўшиқлар ҳозир радионинг олтин фондида сақланади. Россия, Озарбайжон, Арманистонда бўлиб ўтган бастакорлар йиғинларида хор жамоаси билан куйлаган қўшиқлари мухлислар ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлган. Устоз деярли ҳамма мусиқа чолғуларида, жумладан, дутор, тор, пианинода чала   олади. Баҳрулла ака, ўзи айтганидек, мусиқа оламига кириб келган ҳар бир одам ҳеч бўлмаганда бирор созни  чалишни билиши шарт, деган қоидага амал қилган ижодкорлардан. Суҳбат асносида устоз композитор    фарзандларимизни миллий мусиқага ошно қилиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

— Болани миллий куй-қўшиқларни, мақомларни тинглашга ўргатиш гўдаклигидан бошланиши керак. Бунда она алласи биринчи ўринда туради. Қолаверса ўзбек халқ қўшиқ-яллалари, куйлари ҳам бу борада яхши натижа беради. Айнан шундай усулни боғча, мактабларда давом эттириш зарур. Иложи бўлса, мактаб ўқувчиларини миллий куй-қўшиқлардан, миллий  оркестрлар ижросидан тузилган концертларга олиб боришни ташкил қилиш лозим. Ана шунда фарзандларимиз миллий ўзбек оҳангларига мойил бўлиб боради. Мусиқа мактабларида композитор ва бастакорлар асарларини чалишга кўпроқ эътибор берилади. Албатта, техникани мукаммаллаштириш учун бу усул мақсадга мувофиқ. Лекин ҳар бир ўқувчи мусиқа асбобида мақом куйларини чалишни ҳам билиши керак. Шу маънода мусиқа мактаблари дастурини яна бир кўриб чиқиш лозим. Бадиий жамоалар, хор жамоалари фаолияти ҳам янгиланишга муҳтож, деб ўйлайман. Худди шу фикрлар педагогика институтларининг мусиқа факультетлари фаолиятига ҳам тааллуқли.

Тўғри, бугун юртимизда мақом меросимизга муносабат тубдан ўзгарган. Очиғи, мақомда уйғониш даври бошланди, дейиш мумкин. Ўзбек мақомлари эфирларда янграмай қўйган вақтлар ҳам бўлди. Президентимиз жуда катта хайрли ишни бошлади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ҳар икки йилда бир марта Шаҳрисабзда ўтказилиши мўлжалланган биринчи мақом фестивали бошланишига саноқли кунлар қолди. Шубҳасиз, бу анжуман мақомимизнинг дунё бўйлаб янада кенг жаранглашига катта туртки беради. Мазкур тадбирнинг натижалари ҳадемай ўз самарасини бера бошлайди. Ҳозирданоқ мақом санъатига қизиқиш    кучайган. Илгари мақом ижрочилари саноқли эди. Бугун ёшлар, мактаб ўқувчилари орасида мақом ашулаларига қизиқувчиларни кўплаб учратиш мумкин. Фақат ёшларни тарбиялаб бориш зарур. Мақомнинг даромад, ўрта авж, авж пардаларини ҳамма ҳам уддалаб айтолмайди. Бунинг учун овозни чархлаб туриш, эҳтиётлаш  керак. Асосийси, радио ва телеканалларда мақом ашулалари берилишининг мунтазамлигини таъминлаш,  тарғиб қилиш зарур. Мақомга эътибор мавсумий бўлиб қолмаслиги миллий санъатимиз ривожи учун жуда муҳим.

Баҳрулла Лутфуллаев сўзи билан иши бир инсонлар сирасидан. Том маънода миллий руҳ билан суғорилган, халқимиз, ёшлар руҳини кўтарадиган, ўзбек санъатига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган ва қўшилаётган катта-кичик жанрда ёзилган асарлари фикримизни тасдиқлайди. Устоз санъаткор ижод билан бирга ижтимоий ва педагоглик фаолиятини самарали олиб бормоқда.

Кўплаб қўшиқлари, поэма ва симфониялари, хор асарлари, мусиқали драмалари билан ўзбек композиторлик ижодиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Баҳрулла Лутфуллаев шу йилнинг ўзида “Кашмир қўшиғи” (Ш.Рашидов асари) ва “Орият” (Н.Қобил либреттоси) мусиқали драмаларини, “Ўзбекистон” (С.Тўйчиева шеъри) қўшиғини мухлисларга тақдим этди. Айни вақтда устоз янги асарлар устидаги ишларини ниҳоясига етказмоқда.

Етуклик довонида турган устоз композитор, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Баҳрулла Лутфуллаевга узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, ижодий ютуқлар тилаймиз.

 

Гулчеҳра УМАРОВА   

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг