Сени шарафлайман, Ўзбекистоним! (2018 йил 36-37 сон)

257

Сени шарафлайман

Сени шарафлайман, Ўзбекистоним,
Етгунча овозим, етгунча созим.
Иссиқ қучоғингда очилди кўзим,
Англадим оламни, англадим ўзим,
Сени шарафлайман, Ўзбекистоним!

Шарафлайман, токи танда жоним бор,
Ўзбек онасини такрору такрор.
Даҳоми, фақирми ўзингиз посбон,
Сиздай азиз зотга мангу шараф-шон,
Сени шарафлайман, Ўзбекистоним!

Шарафлайман, бедор найчи чўпонинг,
Эртаю кеч тиним билмас деҳқонинг.
“Луғотит турк”ка жо жонажон тилим,
Эзгуликни байроқ айлаган элим,
Сени шарафлайман, Ўзбекистоним!

Шарафлайман, азим Тангритоғингни,
Аму, Сир дарёлар, дур тупроғингни.
Боғбон боболардан мерос боғингни,
Навоийдан мерос наволарингни,
Сени шарафлайман, Ўзбекистоним!

Шарафлайман, ҳар бир ўсган гиёҳинг,
Хазина тоғларинг, яқин-йироғинг.
Бухоро, Тошкенту Самарқандингни,
Юрт учун фидойи ҳар фарзандингни,
Сени шарафлайман, Ўзбекистоним!

Шарафлайман, нурли истиқлолингни,
Тикланган бўйингни, истиқболингни.
Беадад шукрона айтаман ҳар кун,
Шу эркин кунларни кўрганим учун,
Сени шарафлайман, Ўзбекистоним!

Шарафлайман, бугун туғилган гўдак,
Оқил бўл, расо бўл, бўлгин шерюрак.
Олд сафларда дадил қадамлар ташла,
Буюк келажакка дўстларинг бошла,
Сени шарафлайман, Ўзбекистоним!

Асрор МЎМИН

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг