Ойдин кўчаларда учрашув

670

Санъаткорнинг ижоди, ҳаёт йўли уни камолга етказган эл-юрт тақдири билан узвий боғланган бўлади. Мухлислар қалбини забт этган куй ва қўшиқлари эса ҳеч қачон унутилмайди. Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева иштирокида ўтган концерт дастури ҳам мухлислар соғиниб кутган воқеага айланди. Шу муносабат билан юртимизда меҳмон бўлиб турган санъаткорлар ўз миннатдорлигини изҳор қилишди. 

Изро МАЛАКОВ,

Ўзбекистон халқ артисти:

— Ўзбекистон киндик қонимиз тўкилган Ватанимиз. Санъатга муҳаббат, истеъдод ва илҳомни ҳам бизга шу замин берди. Мен буни ҳеч қачон унутмаганман. Гарчи умримнинг сўнгги йигирма беш йилини океан ортидаги олис диёрда ўтказган бўлсам ҳам, ўзбек халқининг мумтоз куй ва наволари юрагимни бир зум ҳам тарк этмади. Қаерда бўлмай, ҳамиша миллий мақомларимизни барчага танитишга, тарғиб этишга ҳаракат қилдим.   Америкада “Шашмақом” ансамблини ташкил этиб, ўттиздан зиёд штатда концертлар бердик, йигирмага яқин мамлакатга ижодий сафарлар уюштирилди. Бу тадбирлар орқали ўзбек санъати, маданияти ва анъаналари ҳам тарғиб қилинди. 2014 йилда АҚШда мақом академиясини ҳам очдик. Ҳозир бу ерда америкалик болаларга мақом сирларини ўргатиб келмоқдаман. 

Албатта, шогирдларимни мақомнинг асл ватанига олиб боришни ўйлаб юрардим. Буни қарангки, шу мақсадда Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилганимда ажойиб воқеа юз берди. Кутилмаганда қўнғироқ бўлиб, “Президент Шавкат Мирзиёев сизни “Ўзбекистон халқ       артисти” унвон билан тақдирлади”, дейишди. Янгиликни эшитиб, “Бу ўнгимми ё тушимми?” дея ҳайратга тушдим. Орадан кўп вақт ўтмай, Президентимиз  АҚШга расмий ташрифи доирасида ўтказилган тантанали маросимда менга бу унвонни топшириб, чин дилдан табриклаганида беҳад хурсанд бўлдим. Ижодим,  изланишларим юксак даражада эътироф этилганидан чексиз миннатдорман.

Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма етти йиллиги арафасида “Туркистон” саройида бўлиб ўтган мақом концерти ҳам унутилмас воқеага айланди. Очиғи, ўзбек санъаткорлари, мухлисларини жуда соғингандим. Узоқ йиллардан сўнг қадрдон дўстларим, шогирдларим билан бирга яна ўзбек саҳнасига чиқдик… Мақом ихлосмандлари бизни жону дили билан тинглади. Яқин кунлар ичида Шаҳрисабзда бошланадиган Халқаро мақом анжуманида ҳам иштирок этишимдан бахтиёрман. Ушбу форум “Шарқ тароналари” фестивали сингари дунёда нуфузга эга бўлиб, мақом санъатининг ривожига  ҳисса қўшиши аниқ. Унда америкалик ёш шогирдларим билан бирга қатнашишни режалаштирганман.

Муҳаббат ШАМАЕВА,

Ўзбекистон халқ артисти:

— Изро ака билан йўл бўйи “Ойдин кўчалар”ни хиргойи қилиб, кўп ажойиб хотираларни эсладик. Ёшлигимиз ўтган ёруғ кўчаларни, қалби дарё одамларни жуда соғинганимни сездим. Самолётимиз Тошкент аэропортига қўнаётганида юрагим ҳаяжондан ҳапқирди. Она юртимга қайтганимдан хурсанд бўлсам-да, “Мухлислар мени қандай қабул қиларкин?” деган савол хаёлимдан кетмасди. Ахир, улар билан узоқ вақт учрашмадик. Қўшиқларимни катта авлод вакиллари яхши билса ҳам, бугунги ёшлар қандай қабул қилиши мен учун қизиқ эди.  Бу ҳам санъаткор учун ўзига хос синов. 

“Туркистон” саройи саҳнасида куйлаётиб мухлислар жўр бўлаётганини кўрганимдан кейингина кўнглимга хотиржамлик инди. Кечада раҳматли турмуш ўртоғим, моҳир мақомдон Илёс Маллаев куйлаган ашулалар ҳам янграганидан хурсанд бўлдим. Бугун Ўзбекистонда миллий мусиқий меросни асраш, ривожлантириш борасида эътирофга лойиқ ишлар қилинмоқда. Шаҳрисабзда биринчи бор ўтадиган  халқаро мақом анжумани катта санъат байрамига айланиб, ўзбек мусиқаси тарихида янги саҳифа очиши шубҳасиз. Ушбу анжуман иштирокчиси сифатида зиммамда катта масъулият борлигини ҳис қиляпман. Унда қатнашаётган истеъдодли ёш мақом ижрочилари бизнинг авлод ижодкорларига насиб қилмаган кўп ишларни амалга оширишига умид қиламиз.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг