Озод ҳилпирайди юрт байроғи

196

Ватан… Бу туйғу кўнгил қадар кенг. Бу кенгликнинг, меҳригиёнинг сарҳади йўқ. У томиримдаги ҳар томчи қонда, кўзим етган ҳар бир ҳудудда, онажоним ўстирган райҳонлар ифорида, болам суйгич – ёллари шамолда рақс этган тулпор қанотида яшайди. Бу меҳрнинг чексизлиги-да осмон қадар беадоғ…

Йўл бўйи хаёлимда ёруғ фикрлар жўш уради. Тошкент вилоятининг сўлим табиати, сувга тўлиб оқувчи сойлари, оқ булутлар хаёл сурган тиниқ осмони остида мевалари ғарқ пишган боғларига назар соларканман, бу юртни севмай бўладими, дейман беихтиёр. Нақш олмалар меҳмонларни саховати билан қутлагандай солланиб турибди. Олмалиққа кириб борганимизда эса, шаҳардаги ободлик кўзимизни янада яшнатиб юборди. Манбаларда ёзилишича, мўғул босқинлари даврида қалъалари мустаҳкам бу кентни душман шунча уринса-да, ололмабди. Якдил шаҳар аҳли уни ёвуз душман қўлига бермабди. Шунда аламда қолган ёв бу жойни «ололмадиқ» деган экан. Кейинчалик бу сўз «олмалиқ»қа айланган.

Текис ва равон кўчалар, янги қурилган шинам уй-жойлар, дам олиш масканлари, «Олтин олма» хиёбони кончилар шаҳрига кўркамлик бағишлаб турибди. Айниқса, 41 метр баландликда ҳилпираётган Ватанимиз байроғи ғурурингизни осмон қадар юксалтиради. 130 мингдан зиёд аҳолиси бўлган Олмалиқда 30 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, шод-хуррам яшамоқда. Кончилик, маъдан тозалаш ва кимё саноати ривожланган шаҳарда кон металлургия комбинатининг муносиб ўрни бор.

Корхона ахборот хизмати раҳбари Ойсара Дадаева билан комбинатга саёҳатимиз Қалмоққир конидан бошланди. Конни ўзлаштириш 1954 йилдан бери олиб борилади. Очиғи, юзлаб метр пастдаги чанг-ғубор сузиб юрган, улкан автоуловлар ғир-ғир елиб юк ташиган, тонналаб маъданларни манзил томон элтаётган ағдарма вагонларни томоша қилиш ўзгача завқ уйғотар экан.  

– Акциядорлик жамиятимизнинг Қалмоққир кон бошқармасида Устки қатлам, Марказий ва Шарқий конлар ҳамда «Сариқ-чўққи» кони бор, – дейди Ойсара опа ҳудуд билан таништирар экан. – Ушбу кон МДҲ давлатларидаги энг йирик рангли металлургия кони ҳисобланади. Мис бойитиш фабрикаси Марказий Осиёдаги биринчи металлургия корхонаси саналади…

Кўк билан бўйлашган улкан қирларни ақл-заковат, куч-ғайрат билан ўзига бўйсиндираётган кончилар ишига қойил қоласан. Тарам-тарам бўлиб, бағридаги маъданларни инъом этаётган табиатнинг мўъжизакор ҳудудида ҳар дақиқа иш қизғин.

– Бир пайтлар бу ерларда камқувват экскаваторлар ишлаган эди, – дейди Ойсара опа. – Уларнинг имконияти чеклангани боис иш самараси ҳам шунга яраша бўларди. Эндиликда чўмичининг сиғими 16 кубометрлик улкан техникалар ишлаяпти. Маъдан ташиётган ва ортаётган машиналар ичида ишчилар учун кондиционер ва совутгичлар муҳайё қилинган. Қазиб олинган маъданлар мис бойитиш фабрикасига юборилади.

Ишчиларнинг асосий қисми маҳаллий аҳоли фарзандлари. Боиси олмалиқликлар азалдан кончиликка меҳр қўйган. Қадимда бу тепаликлар Илоқ давлати ҳудудига кирган. Пойтахт Тункент осмонига кечаю кундуз қандайдир буғ чиқиб тураркан. Олисдан кўринган бу манзара мис ва руҳни қўлбола усулда эритиб, ундан турли буюмлар тайёрлаш туфайли ҳосил бўларкан. Шу сабабли олмалиқликлар азалдан кончилик ҳадисини олишган.

2017 йилнинг 11 августи комбинат тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олмалиққа ташриф буюриб, кончилар билан ҳамсуҳбат бўлди. Давлатимиз раҳбари ишчиларнинг қувонч-ташвишлари, орзу-ниятлари билан ўртоқлашди. Бу учрашув уларнинг руҳини кўтариб юборди.

Президентимиз ўшанда «Ёшлик-I» ва «Ёшлик-II» конларини ўзлаштиришга “оқ фотиҳа” берди. Эндиликда бу ердаги мис конларини ўзлаштириш ҳисобига илғор технологиялар билан жиҳозланган янги ишлаб чиқариш тармоқлари барпо этилади. Йилига «Ёшлик-I» конидан 23,0 млн., «Ёшлик-II» конидан 2,0 млн. тонна руда қазиб олиниб, янги лойи­ҳалар доирасида йилига 28 млн. тонна рудани қайта ишлаш қувватлари ишга туширилади. 11 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади, йилига 520 млн. доллардан зиёд экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бир сўз билан айтганда, замонавий технология билан жиҳозланган иккинчи Олмалиқ кон-металлургия комбинати қад ростлайди.

Кейинги манзилимиз Мис эритиш заводи. Димоғингизга бир оз ачимтир ҳид урилади. Улкан бинолар билан ўралган заводда тупроқ ҳам қора ранг­да, қулочингиз етмайдиган катта чўян идишлар иссиқдан чатнаб кетган. Баҳайбат қурилмалар ёнида маъдандан мис ажратиб олаётганлар ишини кузатаман. Қумғонга сув қўйсангиз қайнайдиган иссиқдан бир оз лоҳас бўлиб, ўзимизни сояга олдик. Лекин бу ҳарорат завод ишчилари учун «ҳолва» эканини, тонналаб маъданлардан мисни ажратиб олиш жараёнида бундан ҳам юқори ҳароратда ишлаш зарурлигини эшитиб, уларнинг матонатига қойил қолмай иложингиз йўқ. Бундай оғир ва машаққаатли меҳнатга ўзини фидо этган кишининг юртга бўлган садоқатига ҳавас қилади киши.

– Одам ўз ишидан завқ олиши керак, – дейди металлургия цехи конвертер-анод бўлими бошлиғи ўринбосари Жасур Тўрақулов. – Ҳар тонг ишга ошиқиб келаман. Ловуллаган оловда миснинг эришини кузатиш, қайноқ суюқликни қотишма ҳолига келтириш, уни 95,5 фоизли мисга айлантириш мен завқ оладиган жараён. Бу мисдан халқимиз эҳтиёжи учун қанчадан-қанча зарур буюмлар тайёрланишини ўйласам, бекорга яшамаяпмиз, дейман. Цехимизда саккиз юздан зиёд ишчи меҳнат қилади. Тўғри, бу оғир меҳнат, аммо ҳеч ким ишини ташлаб, бошқа жойга ўтганини эшитмаганман.   

Марказий таъмирлаш-механика заводи комбинат учун зарур бутловчи қисмлар, насослар, жами мингдан ортиқ буюмлар ишлаб чиқаради.

– Илгари энг кичкина муруватчалар ҳам четдан келтириларди, – дейди цех бошлиғи ўринбосари Суҳроб Пардаев. – Бугун деярли барча эҳтиёт қисм­лар ўзимизда ишлаб чиқарилади. Сиз кўрган ўша улкан техникаларнинг барча зарур қисмларини мана шу қўли гул ишчиларимиз ясаяпти.

Цехда эркаклар қатори хотин-қизлар ҳам саноатимиз учун муҳим техника ускуналари тайёрламоқда. Улкан техникалар соз бўлишини таъминловчи майда қисмлар бекаму кўст бўлишида ҳар бир ходимнинг зийраклиги, ўз соҳасига нисбатан билим ва салоҳият жуда муҳим.

  – Металлургия заводимиз маҳаллийлаштириш дастури асосида иш юритади, – дейди бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи Козимжон Жумабоев. – Шу дастурга мувофиқ, 2018 йилда умумий қиймати 29 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини берувчи 32 та лойиҳа амалга оширилади. Комбинат таркибида бешта кон бор: Қалмоққир, Ангрен, Чодак, Хонжизза, Ковулди кон бошқармалари. Президентимиз қарорига биноан Сурхондарёдаги Учқулоч кони ҳам ўзлаштирилмоқда. Жами 34 мингдан зиёд ишчи-хизматчиси бўлган комбинат 32 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаради.     

Ангрендаги қувур заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг  чет элларда ҳам харидорлари кўп. Бундан ташқари, комбинатнинг яна 15 турдаги маҳсулотлари Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон каби кўплаб давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхона ишлаб чиқараётган олтин ва кумуш Лондон қимматбаҳо металлар бирлашмасининг сифат белгиси, яна бир қанча маҳсулотлар эса халқаро сертификатларга эга.  

Комбинат ҳудудидаги кўплаб цехлар фаолияти билан танишиб, кўзи қора, қўли қадоқ минглаб ишчиларнинг пешона тери, қалб қўри эвазига қазиб олинадиган маъданлардан бино бўладиган буюмлар кундалик ҳаётимизда қанчалик аҳамиятга эгалигини яна бир карра англадим. Ноёб маъданлардан ясалган жиҳозлар ҳаётимизга файз бағишлашини ҳис қилдим.

Олмалиқдан қайтаётиб, оқшом пардаси остида шаҳарнинг янада гўзаллашганини сездим. Меҳридарё хал­қимиз фарзандлари яратаётган бунёдкорлик мустақил Ватанимиз белига қувват эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Буни шаҳар осмони узра ҳилпираётган ҳурлик байроғи ҳам тасдиқлаётгандек эди, гўё…

Наргиза АСАДОВА,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг