“Ёввойи ушшоқ”нинг сеҳру жозибаси

151

Ўзбекистон халқ артисти, композитор Дони Зокиров ашула, романс, мусиқали драма, балет, симфоник ва халқ чолғулари оркестри учун яратган асарлари билан миллий мусиқа маданиятимизни бойитишга катта ҳисса қўшган санъаткордир.

Қарийб ўттиз йиллик ижодий фаолияти давомида Д.Зокировнинг халқ чолғулари оркестри ва якка чолғулар учун ўзбек мумтоз куйлари асосида ёзган асарлари бадиий мукаммаллиги билан таҳсинга лойиқ. Хусусан, “Ёввойи Чоргоҳ”, “Наво”, “Савти Наво”, “Уфори Наво”, “Гардуни Сегоҳ”, “Таснифи Дугоҳ”, “Мухаммаси Ироқ”, “Насруллойи”, “Чўли Ироқ” кабилар шундай асарлар сирасидан. Бу ўринда махсус адабиёт ва ўқув қўлланмаларда композиторнинг айнан шу жабҳадаги ижодий талқинида қўлланган “қайта ишлаш”, “мослаштириш” каби иборалар мазкур асарлар моҳиятини тўғри ифода этмаганини қайд этиш жоиз. Зеро, устоз ижодидаги барча мақом намуналари янгича бадиий етуклик ва композитор услубига хос сифатларга эга. Буни биз “Ёввойи ушшоқ” асари мисолида батафсилроқ тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Таъкидлаш жоизки, Д.Зокиров етук композитор бўлиши баробарида, устоз-шогирдликка таянган мумтоз мусиқа асосларини, шу жумладан, бастакорликда кенг ўрин тутган назира анъаналарини амалий ўзлаштирган ижодкор эди. Шу фазилатлари боис унинг кенг қамровли ижодий тафаккури, оригинал бадиий ечимлари, машҳур куйларнинг янги қирраларини намоён этган ёрқин гармония ва оркестр бўёқлар ҳар бир асарига янгича сурур бахш этган. Най ва халқ чолғулари оркестри учун ёзилган “Ёввойи ушшоқ” бунинг ёрқин далилидир.

Маълумки, ўзбек миллий мусиқасида назира анъанаси муҳим ўрин тутади. Мусиқадаги “назира” сўзи мазмунида устозлар яратган юксак санъат намуналарига издошлар томонидан ижодий ўхшатиш, уларнинг тамойилларига эргашиш, тақлид қилиш кабилар тушунилади. “Ушшоқ” номли кўплаб мумтоз мусиқий намуналар назира анъаналарига яққол далилдир. “Ушшоқ”лар қадимдан бастакорлар ижодида кенг ўрин тутиб келади. Бунга Содирхон ушшоғи, Мулла Тўйчи ушшоғи, Қўқон ушшоғи, Самарқанд ушшоғи, сурнай ушшоқлари мисол бўла олади. Д.Зокировнинг “Ёввойи ушшоқ” асари кўп овозли ва бир овозли тизимлар уйғунлигида яратилган назирадир. Мазкур асар ўзбек мусиқасида янгилик бўлганини таъкидлаш керак. Композиторнинг бу асари бир неча жиҳатлари билан эътиборни тортади. Анъанага кўра, “Ёввойи ушшоқ” авж пардаларидан бошланиб, ҳофизлар томонидан доира усулисиз ижро этилади. Зотан, “ёввойи” сўзи доира усулидан холи, яъни эркин услубда ижро этиладиган айтим намунасига нисбатан ишлатилади. Бошқача айтганда, “Ёввойи ушшоқ” деганда мақом намуналарининг катта ашула услубида ижро этилиши тушунилади. Айнан шундай услубда донг таратган Акбар Қори Ҳайдаров, Мамат бобо Сатторов, Жўрахон Султонов, Фаттоҳхон  Мамадалиев каби санъаткорлар ижросини  халқимиз ҳамон мароқ билан тинглайди.

Д.Зокировнинг “Ёввойи ушшоқ” асарида эса бутунлай ўзгача манзарани кўрамиз. Бунда, бир томондан, мақом, иккинчи томондан эса “Ёввойи мақом” ва катта ашула  жанрларининг ўзаро уйғун хусусиятлари янги композиция юзага келишига хизмат қилган. Дастлабки янгилик ижродаги ўзига хосликда кўзга ташланади: мазкур асар ҳофиз ёки ҳофизалар ижросига эмас, балки халқ чолғулари оркестри жамоаси учун мўлжалланган. Асарнинг шакл тузилишида ҳам “Ёввойи ушшоқ”нинг анъанавий кўринишидан фарқли томонлари бор. Жумладан, Д.Зокиров асари мақом шўъбалари каби қуйи пардаларда, икки ҳиссали (зарбул қадим) доира усулига асосланган чолғу муқаддимаси билан бошланади. Сўнгра найнинг якка ижросида асосий мавзу баёни(даромади), ривожи (миёнхати) келиб, авж пардаларга интилади. Асарнинг энг муҳим қисми, яъни авжга келиб эркин ижро услубига ўтилади. Шу асосда якканавоз найнинг юқори пардалардаги сурурли садолари янграйди. Маълумки, бундай ижрочилик услублари, асосан, Тошкент ва Фарғона водийсида машҳур катта ашула ва “Ёввойи мақом”ларда кузатилади. Ашуланинг авж сари иккинчи тўлқини ҳам қуйи пардалардан бошланади. Навбатдаги куй авжи асарнинг энг юқори чўққиси сифатида ижодкор истеъдоди билан алоҳида урғуланган: якканавоз найнинг бетакрор авж нолалари оркестр усул билан қўллаб-қувватланмайди,  аксинча, ҳис-ҳаяжонли дақиқаларни янада кучайтирувчи “рез” (замин) товушларини катта тезлик билан такрорлаб туради. Айни шу авж жараёнида “ёввойи мақом” ҳам кучга кириб, най садоси эркин суръатда янада жозибали янграйди. Бундай авж ижодкорнинг Фарғона-Тошкент мақом йўлларига хос айрим авжларни ижодий ўзлаштиргани натижасидир. “Ёввойи ушшоқ” композицияси мақомлар каби тушурим воситасида дастлабки таянч пардаларга интилади, илк усул қарор топиб, шу асосда най ижросидаги хотима билан ниҳоясига етади.

Аён бўладики, Д.Зокировнинг “Ёввойи ушшоқ” асарида Фарғона-Тошкент мақом йўллари, “Ёввойи мақом” ва катта ашула жанрларига хос хусусиятлар композиторлик    (полифиник) услублар билан уйғунлаштирилган ва натижада қадимдан келаётган ушшоқларнинг замон руҳи    билан суғорилган янги намунаси юзага келган. Композиторнинг мазкур асари юксак бадиий қимматга эгалигини, моҳирлик билан чолғулаштирилганини, оркестр  ижросида анъанавий классик куй ифодавий воситаларининг ҳамоҳанг янграшини, миллий  монодиянинг янги қирраларини ёритувчи замонавий оркестрда шакл маҳорати ва услуб яхлитлигини таъкидлаш лозим. Хулоса қилиб айтганда, Дони Зокировнинг бастакорлик ва композиторлик ижодиёти уйғунлигида ёзилган “Ёввойи ушшоқ” юксак бадиий асар сифатида бугунги ва келгуси авлодларни ҳам баҳраманд этишига ишонамиз.

Озода ТОШМАТОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг