Абдулла Қодирий кашфиёти (36-37 сон)

325

Йигирманчи юз йилликдаги тарихимизда, афсуски, қонли саҳифалар ҳам озмунча эмас. Ўша таҳликали асрда оммавий қатағоннинг икки мудҳиш  тўлқини не-не тараққийпарвар зиёлиларимизни ўз домига тортмади, дейсиз.  Жасур овози бизга  юз йил наридан ҳам  баралла эшитилиб турган фидойи аждодларимиз ҳақидаги яна бир китоб шу кунларда қўлимизга етиб келди. Таниқли адабиётшунос олим Собир Мирвалиевнинг Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди ҳомийлигида чоп этилган бу мажмуаси “Абдулла Қодирий кашфиёти” деб номланган. Қуйида ўзбек қодирийшунослигини янги илмий далил ва хулосалар билан бойитувчи мазкур китоб­дан парча эълон қилмоқдамиз. 

Абдулла Қодирий қисқа умр кўрган, қисқа давр ижод қилган бўлса ҳам, ўзбек халқи ва адабиёти учун ғоят катта, салмоқли, айни чоғда муҳим маънавий-маърифий, бадиий-эстетик аҳамиятга молик ижодий мерос қолдириб кетди. У бир вақтнинг ўзида шоир, публицист, ҳикоянавис, ҳажвиётчи, қиссанавис, драматург, энг муҳими, буюк ва такрорланмас романнавис сифатида халқимиз маънавий-бадиий ривожида ўзига хос ўрин тутади.

Аёнки, XX аср янги ўзбек адабиётининг туғилишида, бизнингча, асосан тўртта муҳим омил етакчи аҳамият касб этган. Булар: а) тарихий; б) сиёсий; в) маънавий; ва ниҳоят, г) тил бирлиги билан тавсифланади. Эътибор берсак, бугунги Ўрта Осиё халқлари қадим-қадимдан бир хил тарихий-жуғрофий муҳитда яшаган ва ижод қилган. Шу туфайли уларнинг тарихий-ижтимоий, маданий-маърифий, ҳатто оилавий муносабатлари ҳам ягона илдизга бориб тақалади. Демак, ана шу тарихий бирлик адабиётлар, маданиятлар ривожидаги илк омил вазифасини ўтаган, десак хато бўлмас.

Қолаверса, ана шу халқлар XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб янги бир сиёсий-ижтимоий босқични бошдан кечирди. Худди шу даврдан бошлаб чор мустамлакачилиги – мустабид тузум шароитида яшашга тўғри келди. Оқибатда миллий онгимизда иккиёқлама ўзгаришлар кечди. Яъни биз, бир вақтнинг ўзида, миллий бадиий-тарихий қадриятлардан узоқлаша бошлаганимиздек, рус ва Европа бадиияти, маънавиятига яқинлашдик. Бу ҳол бадиий адабиётимиз ривожига ҳам таъсир этмай қолмади.

Юқоридаги тарихий;  сиёсий омил қаторига учинчи бир муҳим омил – маънавий-маърифий омил, яъни диний-исломий эътиқод муштараклиги келиб қўшилди. Қуръони карим, ҳадиси шарифнинг маънавий-маърифий таъсири халқ оғзаки ижодида ҳам, ёзма адабиётлар ривожида ҳам етакчи омиллардан бирига айланди.

Ниҳоят, биз – Марказий Осиё эллари туркий халқлар ҳисобланганимиз боис тилимиз ҳам муштарак бўлиб, у ёки бу халқ яратган сара асарлар таржимасиз ҳам адабиётлараро умумбадиий-маънавий мулкка –меросга айланди. Хуллас, биз – ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ халқлари адабиёти ана шу тўрт муҳим, етакчи омил таъсирида ривож топди, маълум маънода байналминаллашди ҳам дейиш мумкин.

Хўш, Марказий Осиё халқлари адабиётлари деярли бир хил тарихий-ижтимоий, маданий-маънавий омиллардан баҳра олиб ривож топган экан, уларнинг ўзаро фарқлари, ўзига хосликлари нимада, деган савол пайдо бўлиши табиий, албатта. Ўзига хослик, ҳар бир халқнинг оғзаки ижодиёти ва ёзма адабиётининг ривожи даражаси билан боғлиқ масала бўлиб, худди шу нуқтада улар бир-биридан фарқланади, ўзига хослик касб этади. Масалан,  қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқларда халқ оғзаки ижоди анча қадимий ва бой бўлгани ҳолда ёзма адабиёт анча кеч вужудга келган. Шу жиҳатдан, ўзбек адабиёти оғзаки ва ёзма мақомда ривожланиш жараёнида анча устувор бўлган. Бу эса ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам, ёзма адабиётида ҳам эпик ривоя, эпик образ яратиш тизимини тезлаштирган, ривожлантирган.  Гўрўғли, Алпомиш туркумига кирувчи халқ достонлари, Алишер Навоий “Хамса”си таркибидаги ёзма шеърий романлардан орттирилган эпик ривоя, эпик образ тажрибаси, анъанаси Абдулла Қодирийни етказиб берди. Агар халқ оғзаки ижоди ва ёзма мумтоз адабиётида булар шеърий шаклда ва романтик тасвирда юзага келган бўлса, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари насрий шаклда, реалистик тасвир усулида яратилди ва янги эпик ривоя (баён), эпик образ тизимини бошлаб берди. Энг муҳими, бу янгилик қардош халқ­лар адабиётлари, хусусан, Садриддин Айний, Мухтор Авезов, Берди Кербобоев, Хидир Деряев каби довруғи оламга таралган санъаткорлар тимсолида кучли, бақувват тизимга айланди. Абдулла Қодирий ана шу тизим асосчиси сифатида ҳам буюклик мақомига кўтарилди. Айни чоғда, ўзбек ёзма адабиётининг ўзига хослиги, мустақиллиги ҳам таъминланди.

Иккинчи бир гап, Абдулла Қодирий нафақат ўз халқи, балки бутун Ўрта Осиё халқ­лари тарихидаги энг муҳим бурилиш палласининг бадиий-эстетик талқинини бошлаб бергани масаласидир. “Ўткан кунлар”да ҳам, “Меҳробдан чаён”да ҳам XIX асрнинг иккинчи ярмидаги хонликларнинг емирилиш даври, мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш жараёнлари илк бор бадиий насрда реалистик тасвирлаб берилди. Худди шу ҳолат кейинчалик, С.Айний, М.Авезов, Б.Кербобоев, Х.Деряев романлари мазмун-мундарижасига ҳам кўчиб ўтди. Бунда Абдулла Қодирийнинг ўз халқи тарихидаги бурилиш палласини тасвирлаш анъанаси, тажрибаси ижодий  ўрганилиб, ўзлаштирилди.

Учинчи бир гап, янги ўзбек адабий тилини яратишга доир адиб асос солган тамо­йиллар масаласидир. Биламизки, Алишер Навоий даврига келиб туркий тил – эски ўзбек тили араб, форс тилларидан ажралиб, мустақил адабий тил даражасига кўтарилди. Бунда буюк шоир хизматлари сўзсиз беқиёс, чунки ҳазрат Навоий ўз она тилини араб ва форс тиллари таъсиридан тозалаб, ягона туркий адабий тилга асос солди. ­Абдулла Қодирий замонасига келиб, она тилимиз нафақат араб, форс-тожик тиллари қоришиғида, ҳатто рус, татар тиллари таъсирида ҳам бўлгани маълум. Бир томондан Юсуфбек ҳожи, Мирзакарим қутидор, бошқа томондан Отабек ва Кумуш нутқига хос ширали, бой, содда, равон, ифодали тил, қолаверса, улардаги муомала маданияти, андиша, риоя, ибо, иффат, тортинчоқлик – халқимиз, миллатимиз характерининг ҳам ёрқин ифодаси эмасми?! Бежиз Ойбек ҳам “Ўткан кунлар” романининг тили ҳақида тўхтаб, “ёзувчи тил устида катта маҳорат кўрсатган”ини алоҳида қайд этмаган: “Романнинг тили, ҳақиқатан бой, бўёқли, содда, ифода кучи зўр, оммага англашиларли бир тилдир”. Қолаверса, “Ўзбек адабий тилининг шаклланишида бу асарнинг роли, шубҳасиз, ғоят каттадир”.

Абдулла Қодирий ижодига доир тўртинчи масала миллийликнинг намоён бўлишидир. Абдулла Қодирий ижодида миллийлик икки йўналишда ўз ифодасини топади. Биринчидан, адиб барча асарлари, хусусан, “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида бадиий ниятига мавзуни ўз она юрти, она халқи тарихи, менталитетидан келиб чиқиб ифодалаш орқали эришади. Иккинчидан, мавзу, ғоя, образ ечими ислом маърифати ҳамда жадидчилик таълимотига йўғрилган ва бу эса миллийликни янада чуқурлаштирган, десак хато бўлмас.

Адиб XX аср янги ўзбек адабиётининг туғилиши, шаклланиши ва камолотида ана шу тўрт тамойилни яратиш билан сўз санъатимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Қўшибгина қолмади, балки намуна, анъана сифатида мерос этиб қолдирди. Айни шу фазилати Абдулла Қодирийни адиб сифатида буюклик шоҳсупасига кўтарди, унга бар­ҳаётлик инъом этди.

Айтиш мумкинки, янги ўзбек адабиётида эпик образ ва эпик ривоя (баён), аввало, Абдулла Қодирийдан бошланган бўлиб, бунда унинг халқ оғзаки ижоди ва ёзма мумтоз адабиётдаги поэтик тасвир шаклини, романтик ифода усулини реалистик насрга ниҳоятда табиий кўчиргани улкан кашфиёт бўлди.

Хуллас, истиқлол даври адабиётшунослиги кўплар қатори Абдулла Қодирий феноменини ҳам янгича, ҳалол, ошкора, рўй-рост баҳолаш сари юз тутган экан, ишонамизки, унинг ҳали етарли ўрганилмаган ижод йўли ҳақида кўп ва хўп ёзилади. Биз фақат бу масалага яна бир бор эътиборни қаратдик, холос.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг