Истиқлол фидойилари: Ходимул миллат

1095

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бутун умр юртни озод, миллатни ҳур кўрмоқ орзуси билан яшади. Шу йўлда у тиним билмай курашди, мактаблар очди, газета-журналлар таъсис этди, сиёсий-ижтимоий мубоҳасаларда фаол қатнашди, охир-оқибат манфур кучлар томонидан маҳв этилди. Вафотидан сўнг бир муддат унинг хизматлари эътироф қилинди, номи абадийлаштирилди, бироқ кўп ўтмай бу мўътабар зот унутилди, аниқроғи, унуттирилди, оқибатда бутун бошли авлод Беҳбудийни билмай, танимай вояга етди. Ўтган асрнинг 80-йиллари сўнгига келиб у ҳақда гапирила бошланди, асарлари нашр юзини кўрди, истиқлол даврида эса бу борадаги ишлар кўлами бир неча баробар ортди, махсус тадқиқотлар олиб борилди, диссертациялар ҳимоя қилинди.

Таниқли олим, архив ҳужжатлари билимдони Сирожиддин Аҳмад тайёрлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий “Танланган асарлар”и икки жилдлигининг ”Академнашр” (2018)    нашриётида чоп этилиши мамлакатимиз маданий ҳаётидаги қувонарли воқеадир. Ушбу китоб олдинги нашрлардан нисбатан тўлалиги, айрим мақолалар илк бор чоп этилаётгани, Беҳбудий ҳаётининг асосий саналари ва ижодий меросининг тўла рўйхати келтирилгани, мазкур    нашрга кирмай қолган асарлари номма-ном зикр қилингани ҳамда ёзилган, бироқ босилмаган битиклари ҳақида маълумотлар берилгани билан фарқланади. Бундан    ташқари, иловадан адиб асарларида исм-фамилиялари зикр этилган тарихий шахслар рўйхати ва тушунилиши қийин сўзлар луғати ўрин олган. Бир сўз билан айтганда, илмий аппарат пухта тузилган.

Китобга “Туркистон халқининг миллий қаҳрамони” номли салмоқли кириш сўзи ёзилганки, уни илмий тадқиқот дейиш мумкин. Кириш сўзи муаллифи – Сирожиддин Аҳмад адиб ҳаёти, ижоди, ижтимоий, сиёсий, илмий фаолиятига алоқадор кўплаб материалларни синчиклаб ўрганиб, фактларни чоғиштириб, салафлари ишларига танқидий ёндашиб, ўз мулоҳазаларини босиқлик билан баён этади. Масалан, адиб туғилган сана айрим адабиётларда 1873 ёки 1875 йил, баъзан эса 1874 йил март ойи деб кўрсатилади. Тадқиқотчи бу зиддиятли ҳолатнинг юзага келиш сабабларини атрофлича   ўрганиб, мавжуд фактларни синчковлик билан қиёслаб, адиб оила аъзоларининг маълумотларига суяниб,  “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг таваллуд санасини 1873 йил ёки 1875 йил эмас, балки 1874 йилнинг 30 январи деб    белгилаш илмий жиҳатдан тўғридир”, деган хулосага  келади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида 1875 йил санаси қайд этилган.

Олим Беҳбудий меросини, мавзу нуқтаи назаридан, қуйидаги рукнларга ажратади: бадиий асарлар, ижтимоий-сиёсий ва маърифий мақолалар, адабий-танқидий мақолалар, иймон-эътиқодга доир мақолалар, саёҳат хотиралари. Кўриниб турибдики, адиб қалам тебратган мавзулар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган. Беҳбудий меросида ижтимоий-сиёсий ва маърифий мавзуда ёзилган мақолалар устунлик қилади. Бунинг боиси шуки, адиб ижтимоий-сиёсий муаммолар ечими билан кўпроқ машғул бўлди. Зеро, узоқ давр таназзулни бошдан кечирган ўлка қаддини тикламоқ учун, биринчи     навбатда, янги миллий маориф тизимини йўлга қўймоқ зарур эди. Сирожиддин Аҳмад тўғри таъкидлаганидек, “Бу идора миллий мустақилликни амалга оширувчи кадрларни тайёрлаш ўчоғи вазифасини бажариши лозим эди”. Шу боис Беҳбудий янги миллий маориф тизимини йўлга қўймоққа жон-жаҳди билан киришди. Албатта, ўтган аср бошларида тараққийпарвар, элпарвар миллатдошларимиз кўп бўлган. Бироқ Беҳбудий сиёсий етуклиги, узоқни кўра билиши ҳамда ниҳоятда жўшқин фаолияти билан улардан  ажралиб туради.

Маълумки, Беҳбудий тил масалалари билан ҳам изчил шуғулланган ва маҳаллий матбуотда айни мавзуга доир фикр-мулоҳазалари билан доимо қатнашиб турган. Мисол учун, “Тил масаласи” мақоласида Туркистонда тил сиёсати, тилимиз шевалари, асл туркий сўзларни тиклаш хусусида сўзлаб, тилни “тозалаш”га уриниш ҳақида ёзади: “Баъзи афандиларимиз меҳмонни “қўноқ” дейулсун, деб таклиф этарлар. Ҳолбуки, “қўноқ” деганда бир турк фаҳмлайдур. “Меҳмон” деганда турк фаҳмлагани устида, яна бир форсий мусулмон қариндошимизда англайдур. “Тилимиздан форсий ва арабийни қувайлук”, бу кўб енгил орзу, аммо ижроси мумкин эмас орзулардандур”.

Айни чоқда, Беҳбудий вақтли матбуотда давр адабий жараёни юзасидан ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини мунтазам билдириб борган. Масалан, 1914 йили ёзилган “Танқид – сараламоқдур” мақоласида адабий танқиднинг предмети ва уни тўғри қабул қилиш борасида қатор эътиборга молик фикрларни билдирган: “ Иттифоқо, танқид шаклинда бир нимарса ёзилса, бизларға қаттиғ тегар. Ёзганларимизни бузуғлиги ва фикримизни хатолиги, ишимизни ноқислигини бирор киши кўрсатса, аччиғимиз келур. Ва ул одамни душман кўруб, шахсидан нафрат ва фикриға норозилик баён этармизки, бул бизни янгитдан ишни бошлаганимиздан, бошқа тил ила ноқислигимиздандур”. Шу тариқа адиб танқиднинг вазифасию мубоҳаса маданиятидан сабоқ беради.

Диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган Беҳбудий ижтимоий фаолияти давомида шу икки жиҳатни узвий боғлай олди. Бу мўътабар зот айни шу фазилатлари билан бугунги уламоларимизга ҳам ўрнакдир. Унинг туркум мақолалари муқаддас динимизнинг жамиятдаги ўрни, мудом ўзгаришларга маҳкум ҳаётда дин арбобларининг вазифалари каби ўта муҳим масалаларга бағишланган.

Китобдан, шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг  маш­ҳур муҳаррир Н.П.Остроумов (1846-1930) билан муносабатларига доир бир қатор қизиқарли лавҳалар ҳам жой олган. Беҳбудий ўз мақолаларини “Туркистон вилоятининг газети”да мунтазам чоп эттирар экан, табиийки, муҳаррир билан муайян муносабатларга киришади. Сирожиддин Аҳмаднинг ёзишича, ўз даврида адиб ва муҳаррир ўртасидаги муносабатлар хусусида ҳар хил гап-сўзлар урчиган: “…хорижда нашр этилувчи газеталар адибнинг фақат миссионер нашрига боғланиб қолганини писанда қилиб шубҳаланишган”. Ваҳоланки, Беҳбудий Н.П.Остроумовнинг сиёсий маслагини нозик илғагани ҳолда, ўзига берилган минбардан унумли фойдаланади. Сирожиддин Аҳмад бу фикрни далиллаш учун “Туркистон вилоятининг газети”да 1908 йили эълон этилган бир мақолага мурожаат этади: “Беҳбудий басирати ўткир шахс сифатида… Русияни “ватан”, рус, армани, яҳудийларни “ҳамватан” сифатида тилга олар экан, гўё уларни маҳаллий халққа ибратдек кўрсата туриб, бу миллатлар ўз болаларини Туркис­тон маблағи ҳисобига саводли мутахассис қилаётганларини, маҳаллий аҳоли болалари ҳаммол бўлиб қолаётганликларини куюниб ёзади: “….яҳудий, армани ва бошқалар бизни Туркистонни(нг) ақчаси билан очилған гимназия, тижорат,   саноат мактабларинда болаларини ўқутуб, ҳам тижорат, ҳам ҳукмронлигини қўлга киргузуб, бизларға ўн йилдан сўнг моддатан ва маънан ғалаба қиладурлар ва бизларға замона илмидан ошно кишилар топилмаган учун ҳукумат ҳам аларға ён берадур, ароға зарари диний ва дунёвийни бизлар кўрамиз”. Аён бўлаётирки, Беҳбудий замонасининг ўта долзарб муаммоларига ўз муносабатини очиқдан-очиқ билдирмоқда ва бу сўзлар даврнинг марказий газетаси орқали айтилмоқда. Китобда бу каби ибратли ва қизиқарли лавҳалар талай ва уларни ноширнинг топилмалари сифатида баҳолаш мумкин.

Бундан ташқари, китобдан Беҳбудий ўлими муносабати билан унинг замондошлари тарафидан ёзилган таъзияномалар, хотиралар ҳам ўрин олган.

Бизнингча, Беҳбудий асарларининг янада тўлиқ  нашрларини тайёрлаб, чоп этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилмоғи     лозим. Шунингдек, нафақат ўзбек, балки хорижий   тадқиқотчилар асарларидан ҳам унумли ва танқидий фойдаланган ҳолда янги монографиялар яратиш     тақозо этилади.

Қисқаси, Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси бугун юртимиз ва дунёда кечаётган улкан ўзгаришларга ғоят ҳамоҳанг. Адиб, бир тарафдан, мамлакатни юксалтириш учун нималарга эътибор қаратишдан сабоқ берса, бошқа томондан, шиддат билан ривожланаётган дунёда тенглар ичида тенг бўлиш учун миллий манфаатларни собитқадамлик билан ҳимоя қилишга чорлайди.

Абдурасул ЭШОНБОЕВ,

Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейининг илмий ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг