Моҳиятга  элтувчи  йўл. Бугунги адабиётшуносликка бир назар

351

Дунё адабиётшунослигида бадиий асарни тадқиқ қилишнинг турли методлари бор. Илмий фикр баёнида баъзан жуда кўп ишлатилувчи “метод”, “методология”, “методика” истилоҳларининг аралашиб кетган ҳоллари ҳам кузатилади. Ҳолбуки, “метод” сўзи юнонча бўлиб, луғавий маъноси “бирон нарсага бориш йўли”, истилоҳий жиҳатдан эса “мақсадга эришиш усули, муайян тарзда тартибга солинган фаолият” маъносини англатади. Рус олими Ю.Борев “метод”ни фикрлаш усули, “методология”ни метод назарияси, “методика”ни методнинг хусусий усуллар системаси тарзида тушунтиради. Унинг фикрича, қўлланилаётган назария билан кузатилаётган объект орасида уйғун  ҳолат бўлиши керак. Метод шу ҳолат-асосни ташкил этади. Бунда метод фан ва воқелик, таҳлил ва факт, назария ва амалиёт, концепция ва экспериментал маълумотлар оралиғини эгаллайди. Метод — билиш воситаси. Шу восита билан ўрганилаётган объект тафаккурда қайта жонланади.

Адабиётшунослик тарихида бадиий асарга филологик, эстетик, формал, биографик, тарихий-маданий, қиёсий-тарихий, социологик, тарихий-генетик, тарихий-типологик ва бошқа ёндашув усуллари кенг қўлланилган. Ҳозирги даврда дунё адабиётшунослигида методлар кўп; уларнинг салмоғи ортиб, сони юзга яқинлашиб ҳам қолди. Уларнинг ўзаро яқинларини умумлаштириб муаллифга, адабий матнга, китобхонга тегишли методлар сифатида таснифлаш мумкин. Адабиётшунослик методларидан биронтасига ортиқча қиммат бериш ёки яқин ўтмишда бўлганидек, “буржуа адабиётшуносларининг методлари” сифатида ўринсиз камситиш тўғри эмас. Ҳар бир методнинг ўз назариётчиси, ўз тарихи, ўз тадқиқот усули, ўз  мухлислари ва, айниқса, барчага баравар объекти бор. Бу факт асло эътибордан четда турмаслиги керак. 

Бугунги ўзбек адабиётшунослигида талқин ва таҳлиллар тарихида уч ҳолат кузатилади:

1.Адабий-илмий методлардан бирини дунё адабиётшунослигидан олиб, ўзбек дабиёти намуналарини ўша қолипга жойлаштириш.

2.Ўзбекона адабий-назарий қарашлар билан дунё адабиётшунослигидаги талқин принципларини уйғунлаштириш.

3.Шарқ мумтоз поэтикаси мезонларига таяниш.

Гап булардан қайси бири тўғри ёки нотўғри, қай бири маҳсулдор ёки каммаҳсуллиги ҳақида эмас. Хўш, қайси бир метод бадиий асар мазмун-моҳиятини деярли тугал очиб бера олади? Нега “деярли”?  Чунки ҳеч бир олим ҳам, ҳеч қандай метод ҳам умрбоқий санъат асарини юз фоиз тугал ва бекаму кўст талқин этиш салоҳиятига эга эмас. Ҳатто бебаҳо санъат асарини бунёд қилган муаллифнинг ўзи ҳам ёзган асари таҳлилида баъзан ожиз қолади. Чунки ижод психологиясига кўра, муаллиф ўз асарини ёзган руҳий ҳолатдан узоқлашгани сари  гоҳида ундан бегоналашиб бориши ҳамда ўша асар адибнинг ижодий биографиясида муайян тарихга айланиши ҳам мумкин.

Бугунги кундаги айрим тадқиқотларнинг “Кириш”ида унда қўлланилган методлар эслаб ўтилса-да, таҳлилда уларнинг самараси сезилмайди. Бунинг сабаби фақат анъанавий қолипларда фикрлаш эмас, балки ялқовлик ортидан келадиган илмий китоблардан хабарсизлик ҳамдир. Методлар моҳияти, таснифи, талқин принциплари, илмий-назарий асосларидан бехабарлик оқибатида адабий мақолаларда, илмий тадқиқотларда бир хиллик, бир-бирларига ўхшаш ва эгизак ишлар майдонга келади. Ҳолбуки, адабиётшунослик методларини махсус ўрганиш, шу соҳа янгиликларини билиш ва уларни таҳлил жараёнида қўллаш ҳар қандай адабиётшунос учун жуда муҳим. Чунки бошқа барча фан соҳалари каби филология илми ҳам асло янгиликлардан холи эмас. Ҳозирда структурал анализ, психоаналитик усул, имманент анализ, систем таҳлил, контекстуал  талқин, экзистенциал ёндашув, лингвопоэтика, “янги танқид”, герменевтик метод, интертекстуаллик, интуитив метод, мифопоэтика, социо-генетик метод  ва бошқа назарий  тушунчаларни амалиётда қўллашда дунё адабиётшунослиги катта тажрибага эга.  Албатта, ўз мустақил дунёқарашига,   ўз айтар сўзига эга адабиётшунос  бундай анъанавий ва янги методларни пухта ўрганиши, миллий тафаккури чиғириғидан ўтказиши ҳамда синтезлаб ўзлаштириши шарт.

Инглиз файласуфи Ф.Бэкон фикрича, умумий методлар илмий-фалсафий билишга татбиқан уч қисмга бўлинади:

1.Ўргимчак йўли — усули. Фақат ақлий тафаккурга таянадиганлар, ўргимчакка ўхшаб, “ўз ақлларидан фикр толаларини тўқиб чиқаради”. Оқиллик етакчилик қиладиган бу усулда олимлар ўзи учун ўзи қоидалар ясаб оладилар.

2.Чумоли йўли — усули. Тажрибани хуш кўрадиган тафаккур эгалари чумолига ўхшаб фактлар жамлайди ва шу билан қаноатланади. Кўпинча ташқи омилларга эътибор беради; топганини аралаштириб “қозон”га ташлайди.

3.Асалари йўли — усули. Гўё “боғ ва дала гулларидан манбалар саралаб оладиган”, ўз қобилияти асосида ўша манбаларни тафаккурида қайта ишлаб ўзлаштирадиган “асалари” усули    тарафдорлари тажриба билан   ақл-идрокни уйғунлаштирадилар. 

Шу жиҳатдан бугунги адабий-илмий ҳаётга назар солинса, “асалари усули”га зарурат кучли экани, “чумоли”нинг кўпроқ оммага хослиги ва “ўргимчак” йўли танқидга учраши ҳам мумкинлиги маълум бўлади.

Бугун ўзбек адабиётшунослигида дунё тажрибасидан ўрганилаётган бир неча методлар ибтидоси кузатилади. Уларга нисбийлик хос; бирортасига ўзгармас ва ҳаққоний метод сифатида қараб бўлмайди. Ҳар бирида ютуқ, бадиий асарнинг қайсидир жиҳатини очиб берадиган калит бор. Айни дамда истаган киши улардан нуқсон ва камчиликлар топа олади.

Заҳматкаш олим дунё адабиётшунослигида мавжуд барча методларни ўрганиши лозим. Заруратга кўра, янги методларнинг талқин принциплари системаси ишлаб чиқилиши ва уларга мос ном қўйилиши шарт. Жаҳон адабиётшунослигида кўрилмаган, Шарқ адабиётшунослигида қўлланган, эҳтимол, ўарб адабиётшуносларида зарурати бўлмаган бадиий асарга ўзига хос ёндашув усулларини ҳам дадил илмга олиб кириш — саҳнага олиб чиқиш, ҳодисага мос илмий термин ҳамда тушунчаларни ўртага ташлаш лозим.

Тўғриси, мустабид тузум замонида ўзбек адабиёти баъзан ўз мазмунига мос тадқиқ усуллари асосида ўрганилмади. Бу имконсиз ҳам эди. Ваҳоланки, ўзбек адабиёти, умуман, Шарқ адабиёти тарихида шундай адабий дурдоналар борки, тасаввуф фалсафасисиз, айни дамда, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шариф ҳикматларини талқин жараёнига татбиқ қилмасдан улардаги поэтик образлар ҳамда асл моҳиятни тугал очиб бериб бўлмайди.

Мумтоз шеъриятдаги “ёр”, “ошиқ”, “май”, “шароб”, “соқий”, “жом” каби ўнлаб образлар тасаввуфий истилоҳлар билан изоҳланади. Зотан, мумтоз адабиётга бундай ёндашувлар истиқлол йилларидаги адабий-назарий мақола, айрим рисола ва моногра­фия­ларда янги адабий-тадқиқий ҳодиса, айнан адабиётшунослик методининг бир тури сифатида кузатилади. Шу эътибордан “ўойиблар хайлидан ёнган чироқлар”(муаллифлар жамоаси), “Ҳазрат-и Навоийнинг маънавий олами”(А.Рустамий), “Тафаккур карвонлари”(Н.Комилов), “Тасаввуф ва шеърият”(И. Ҳаққул), “Мумтоз адабиётда диний-маърифий мавзулар”, (Б.Жалилов), “Қуръон бахш этган илҳом” (Д.Қамбарова), “Қуръони карим ва ўзбек адабиёти”(Ҳ.Кароматов), “Ишқ, ошиқ, маъшуқа”(С.Олим), “Жозиб   изҳор излаб”(Т.Шермуродов), “Алишер Навоий “Хамса”сида хронотоп поэтикаси”(У.Жўрақулов), “Мажозий муҳаббат ҳақиқатлари” (Б.Эралиев) ва бошқа кўплаб китоблар майдонга келди. Менингча, мумтоз асарларни бундай янгича усулда ўрганиш ҳодисасини махсус истилоҳ билан аташ, унга аниқ ном қўйиш даври етилди. Дейлик, уларни умумий ном остида “диний-тасаввуфий таҳлил методи”  истилоҳи билан аташ ўринлидир.

Умуман, бугунги ўзбек адабиётшунослиги Шарқ адабиётшунослиги    тарихидаги адабий мезонлар билан жаҳон илм-фанидаги самарали усулларни уйғунлаштирган — синтез     қилган ҳолда тараққий этиши мумкин.

Бугунги адабий ҳаётда бадиий асарлар  талқинида чизма ва жадвалчилик усули ҳам бор. Шулар орасига қайси бир ўринда ўзимни ҳам қўшаман (“Координатлар текислигидаги уч ҳикоя” мақоласи). Бироқ бу тажриба ва     машқлар дунё адабиётшунослигидаги структурал таҳлил методидан фарқ қилади. Чунки Ю.Лотман билан    Р.Бартга тегишли структурал методга доир тадқиқотлар тажрибавий босқичдан юксалиб, муайян мактаб ҳолига келган, албатта.

Истисно бир гап шуки, агар чизмалар муаллифнинг ўзига тегишли оригинал ижод намунаси бўлиб, давом эттирилса ёки бошқаларга сабоқ берса ва  бадиий асарни тушунишни осонлаштирса – бунда нур устига нур. Акс ҳолда, чизмалар биров пишириб, дамлаб қўйган тайёр ошни лаганга сузгандек гап.

Бугунги олимлар орасида яна бир “усул” ҳам бор. Тинимсиз кўчирма олиш ва унга алтернатив ўлароқ бировнинг қарашларини шаклан ўзгартириб ўзиники сифатида баён этиш “методи” кузатилади, афсус. Бироқ адабий-илмий ҳаётдаги бундай ҳалим плагиат йўллари бир кун келиб ўз эгасининг бор қиёфасини ошкор қилади…

Илмий янгиликнинг пайдо бўлишидек мураккаб жараённи шартли равишда системали тасаввур қилиш ҳам мумкин. Маънавият заҳматкашлари учун  интуиция – илксезим, руҳсезим муҳим. Тўғри, интуиция абстракт ва зиддиятли тушунча. Тасодифийлик,  кутилмаганлик,  тўсатдан пайдо бўлиш, бир лаҳзада йилт этиб ёниб-ўчиш, бу — интуицияга хос хусусият. Интуиция нури ҳали шаклланмаган янги билим учун ўзига хос, фавқулодда йўлни ёритиб беради. Бу интуитив-психологик сезим реал бир предметга, мавжуд илм ёки адабий манбага нисбатан пайдо бўлади. Кўнгилдаги иррационал сезим макони орқали; унинг ўрни аввалги қарашлар билан ҳали номланмаган янги тушунча-кашфиётлар    орасидаги майдон. Илмий метод ва мактаблар тахминан ана шундай интуитив, иррационал жараёнлардан ўтиб реаллашади, мустаҳкамланади, дунёга тарқалади; ўз татбиқоти ва   тарафдорларини топади…

Адабиётшуноснинг ўз талқинларида қайси усулни қўллаши унинг дунёқараши ва назарий билимига боғлиқ. Ҳар бир ишда ақл, тафаккур ва тадаббур муҳим. Адабиётшунослик методларини бадиий асар талқинига татбиқ этаётган олим шу ички интуиция билан йўл танлайди. Бадиий асар мутолааси ва унинг талқинига киришган олим сафарга чиққан йўловчига ўхшайди. Йўловчи манзилини тахмин қилади. Айни дамда, ўзи учун энг бехатар, ўзи биладиган ва манзилга эсон-омон етказадиган йўлдан юради. Қор босган майдонда оёқ изи бўлмаса, одам тахминлаб, чамалаб, ўйлаб, ўлчаб, адашиб ўзи ўзига йўл очади. Бировнинг изидан эргашиб юриш, бу — анча осон машғулот. Чинакам адабиётшунослар авлодининг таваллуд топиши, дунё адабиётчилари учун намуна бўладиган махсус ўзбек адабиётшунослик методлари ва мактабларининг майдонга келиши, бу —  эзгу ва бебаҳо орзу, албатта.

Баҳодир КАРИМОВ,

филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг