Ижодкор боғбон: Яхшилик. Кўнгил (35 сон)

274

Яхшилик

Ота-ўғилнинг суҳбати одоб ҳақида эди.

–  Бировга қилган яхшилигингизни унутган афзал, дейишнинг боиси нима? — сўради ўғил.

– Унутсангиз қилган яхшилигингизнинг миннати учун кўнглингизда жой қолмайди. Яхшилигингиз ювилиб кетмай савоблигича қолади, болам.

– Бошқаларнинг сизга қилган яхшилигини эса унутманг, дейишингизнинг боиси-чи? – деб сўради яна ўғил

– Меҳрингиз доимо товланиб, сиз ҳам унга яхшилик қилишга интиласиз. Хуллас, бошингиз яхшиликдан чиқмайди, – деди ота мамнуният билан.


Кўнгил

Собира касалхона ҳовлисидаги ўриндиқлардан бирига энди ўтирган ҳам эдики, онаси келиб қолди.

–  Қўлинг яхшими, болам, – деди онаси у билан кўришаркан, – эҳтиёт қил.

–  Тузук. Эртага гипсни олишади.

– Кўрган-кечирганинг шу бўлсин-ей, – дея онаси ўзини енгил ҳис қилиб турганди-ки, кўҳликкина қиз салом бериб, унга яқинлашди.

– Чап қўлимнинг томири сал чўзилган экан, – деди Собира янги дугонасининг саломига алик олган онасига.

Она у билан ўз қизидек қучоқлашиб кўришди. Сўнг ўриндиққа газета ёзиб, икки нон орасига олинган сихсиз кабобларни қўйди.

– Олинглар, совимасин.

Собира кабобдан уч-тўрт туюргина еди, холос.

– Ол, еб қўйгин. Қорнинг оч, – деди-да кабобни қолганини шеригига илинди. 

Шу вақт сумкасидан олма, анор олаётган онаси қизига чимирилиб қаради: “Сенга олиб келсаму… мунча тортинмасанг…”.

– Боя Нозиманинг онаси олиб келган ошдан тўйиб егандим. Нозиманинг эса иштаҳаси бўлмай…

Хола ғалати бўлиб кетди:

– Ол, Нозима қизим. Пойма-пой гапим қурсин.

Қўлида тутган кабобни қайтариб жойига қўйган Нозиманинг иштаҳаси хиппа бўғилган эди. Холанинг юпанч сўзлари дарз кетган кўнгил ойнасини энди бутунлашга ожизлик қиларди.

Ғани АБДУЛЛАЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг