Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида рангтасвирчи рассом Фарҳод Сулаймоновнинг шу номли шахсий кўргазмаси очилди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган ушбу кўргазмада  рассомнинг 44 та ижодий асари мухлислар эътиборига ҳавол этилган.

1945 йилда Сирдарё вилоятида туғилган рассом 1967 – 1971 йилларда ҳозирги П. Беньков номидаги Республика рассомлик коллежида таҳсил олган. Коллежни тугатгач, аввалги А.Н. Островский номидаги театр ва рассомлик институтига ўқишга кирди. Институтда устози И. Рубиндан классик санъатда рангтасвирнинг ўрни ҳақида илк тушунча олди. Шу билан бирга ўз соҳасидан ташқари, монументал – декоратив рангтасвирни ҳам ўрганди.

_MG_5609
1976 йили институтни тугатгач, Сочи шаҳрида устози Чингиз Ахмаров ва таниқли рассом монументалистлар билан биргаликда “Ўзбекистон” меҳмонхонасини безатиш ишида иштирок этди. 1980 йилда Успенский номидаги мусиқа мактабининг олди томонидаги мозаика, 1989 йилда Радио уйининг интерьеридаги мозаикаларни яратди.
1988 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

IMG_5589
Рассом ижодида натюрморт ва фалсафий маънога эга манзара жанридаги ишлар ажралиб туради. “Осмонга боқувчи тошлар” асарида ойнинг юмалоқ шаклини тошларга ўхшатади. Юмалоқ, чўзинчоқ, овал шаклдаги, асрлар давомида сақланиб келаётган тошлар абадият болаларидек осмонга термулиб, ниманидир кутишади…бу инсон ҳаётидаги орзу – мақсад, умидни англатади. “Кристалланиш” триптихи, “Хабарчи қушлар”, “Келажакдаги абадият”, “Ибтидо” асарлари гўёки, бутун олам тилсимини ўзига жамлагандек. Бу асарлар томошабинни мулоҳаза қилиш, ўйлантириш ва бироз жўмбоқ ечишига ҳам сабаб бўлади.

_MG_5625
Рассом 1996 йилдан 2009 йилгача П. Беньков номидаги Республика рассомлик коллежида “маҳобатли рангтасвир” мутахассислиги бўйича ўқувчиларга дарс берди. Ўша йилларданоқ республикада ўтказилган турли хил танлов ва кўргазмаларда талабалари билан иштирок этиб келган.
Фарҳод Сулаймонов жуда кўп кўргазмаларда иштирок этган. Унинг 2005 йилда 60 ёшлик юбилейига бағишланган шахсий кўргазмаси кўпчилик санъат ихлосмандларининг ёдида.
“Тилсим” номли шахсий кўргазма рангтасвирнинг имкониятлари, сирлари ҳақида.

IMG_5619

Кўргазма жорий йилнинг 31 августигача давом этади.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг