Жаҳон адабиётининг улкан намояндаларидан бири, машҳур адиб, давлат арбоби Чингиз Айтматов Ўзбекистонда жуда катта ҳурмат, эъзозга сазовор сиймодир. Адиб таваллудининг 90 йиллигини  нишонлаш бўйича муҳтарам Президентимизнинг  қарори эълон қилингани маданий ҳаётимизда сезиларли воқеа эканини таъкидлаш жоиз. Бу, умуман, адабиётимиз ривожига ҳаётбахш таъсир этадиган ҳодиса.

Чингиз Айтматов кўп сонли ўзбек ўқувчилари томонидан севиб, ардоқлаб ўқиладиган ёзувчилардан бири. Адибнинг қарийб барча асарлари  ўзбек тилида нашр этилган ва унинг китоблари ҳар бир хонадонда бор десам, муболаға бўлмас. Адибнинг ижоди мактаб дарсликларига ҳам киритилган, улар ўқувчилар томонидан ўқиб-ўрганилади. Қатор асарлари эса саҳналаштирилиб, республика театрларида томошабинларга тақдим этилган. Бу жараён асло тўхтагани йўқ.

Чингиз Айтматов асарларининг китобхонлар орасида кенг тарқалишида садоқат билан хизмат қилиб келаётган заҳматкаш таржимон ва олим Асил Рашидовнинг номини алоҳида қайд этаман. Асил Рашидов Чингиз Айтматов ижодининг Ўзбекистондаги фаол таржимони, тарғиботчисигина бўлиб қолмай, унинг тадқиқотчиси ҳамдир. 1978 йилда Чингиз Айтматов таваллудининг эллик йиллиги муносабати билан адибнинг икки жилд­дан иборат “Сайланма” асарлари нашр этилди. Бу нашрга “Жамила”, “Алвидо, Гулсари”, “Юзма-юз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Биринчи ўқитувчи”, “Оқ кема” сингари асарлари киритилганди. Мен бу пайт ўафур ўулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида кўп жилдли ва обуна нашрлар бўлимида мудир эдим. Бизнинг бўлимда тайёрланган икки жилдли олтмиш минг нусхада чоп этилди ва бунда ҳам Асил Рашидовнинг хизмати катта бўлди.

* * *

Чингиз Айтматов Ўзбекистонга тез-тез келар ва ҳар сафарги ташрифи ҳамиша ҳурмат ва эътибор билан қаршиланарди. Юртимизда унинг дўстлари кўп. Атоқли ўзбек адиблари Одил Ёқубов, Шукрулло, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Пирмат Шермуҳамедов ва бошқа ижодкорларнинг Чингиз Айтматов билан ҳамкорлигини биламан. Хусусан, Одил Ёқубов билан яқин дўстлигини таъкидлаш жоиз. Аввало, улар эскидан ҳамсаф, таниш, қолаверса, бир неча йиллар Марказий  Осиё халқлари ассамблеясида бирга ишлашган. Икки адибнинг бир-бирига ҳурмати самимий, ўзаро ижодларига муносабатлари ҳам мақтовга сазовор, бошқаларга ибратли. Ҳар икки адиб ҳам бир-бирининг янги асари эълон қилиниши биланоқ ўқиб чиқар, қувонар ва ўз фикрини бир-бирига етказар, ўртоқлашарди.  Жумладан, 1973 йили Одил Ёқубов “Улуғбек хазинаси” номли тарихий асарини ёзди. Роман тез орада машҳур бўлиб кетди, ўқувчиларнинг севимли китобларидан бирига айланди, қўлдан тушмай қолди.

Чингиз Айтматов дўстининг асарини ўқиб чиқиб, унга мактуб йўллади. Ушбу мактуб “Ёшлик” журналининг 1993 йил 4-5 сонларида эълон қилинган эди. “Яхши асар ҳақида сўз юритиш қувончлидир, – деб  ёзади мактубида Чингиз Айтматов. – Бу юксак ва бениҳоя қимматли асар, ўзининг бадиий қиммати билан ҳам эътиборга молик тарихий роман мени қаттиқ ҳаяжонга солди. Ҳаяжонимнинг асосий сабабчиси – ровийликнинг сеҳрли усули, бироқ бунинг барчасидан ташқари сенинг асарингни ўқиб туриб, мен улуғ туркий ғурурни (Таъкид бизникиМ.А.) ҳис этдим. Улуғбек бизни ҳамиша оқловчи куч, у бизнинг дардимиз ва дунё ҳақида фикр юритишга ҳуқуқ берадиган юксак тажрибавий изтиробимиздир…”

Чингиз Айтматов ўзбек дўстини катта ва жиддий ижодий муваффақияти билан табриклар экан, ҳар қандай даврнинг ўз Улуғбеклари бор, деган хулосага келади, Улуғбекнинг машаққатли ва улуғвор фожиани бошидан кечиргани, у ўз даврининг ҳамма қабул қилган тартиб-қоидаларига қарши исён кўтарган шахс эканини таъкидлайди. “Зиёли ва ҳақгўй Инсонннинг фожиаси Улуғбек шахси ва тақдирида кечгани»дан ва бу тақдир “Улуғбек хазинаси” романида ишонарли ёритилганидан бағоят таъсирланганини айтади.

* * *

Чингиз Айтматовнинг катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлишида, улкан истеъдоди билан ёнма-ён унинг бағрикенглиги, инсонийлиги, дунёқараши, фуқаролиги ҳам катта аҳамиятга эга. Адибнинг таълим-тарбия, маданият, экологик муҳит, тарих ва адабиёт ҳақида матбуотда эълон қилган турли мақолалари ҳамиша катта қизиқиш билан ўқиларди. Бевосита Ўзбекистонга алоқадор бир воқеани келтириб ўтмоқчиман. Маълумки, 1985-1988 йилларда “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган тўқима фитналар оқибатида Ўзбекистонга ва унинг халқи шаънига ҳар хил туҳматлар айтила бошланди. Олим ва зиёлиларимиз бу фожеани қатағон деб аташди. Ажабо, марказий матбуотда бирон кун йўқ эдики, Ўзбекистон ҳақида заҳару кесатиқларга тўла тан­қидий мақола босилмаган бўлсин. Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақида бир илиқ гап айтиш мумкин бўлмай қолди… Улуғ ўзбек шоири ўафур ўулом айтмоқчи: “Бир оғиз ширин сўз нондек арзанда…” бўлди.

Шундай бир пайтда, ўзбек халқи ва унинг қадим тарихини яхши билган Чингиз Айтматов жим қараб туролмади, адибнинг виждони меҳнаткаш бир халққа нисбатан бундай адолатсизликни кўриб изтироб чекди ва қўлига қалам олди… У “Правда” газетасида – бу газета ўша вақтда катта таъсир кучига эга эди, Ўзбекистонга бағишланган танқидлар асосан шу ерда босилган – бир мақола эълон этди. Мақолада Чингиз Айтматов ўзбек халқи шаънига илиқ гаплар айтди, иззат-нафси лат еган халқнинг руҳини кўтаришга ҳаракат қилди. Тарих ҳақида тўхталиб, ажойиб бир муқояса келтиради: тарихда Византия маърифат улашишда Россия учун қандай хизмат қилган бўлса, ўзбек халқи, унинг маданияти ва адабиёти ҳам Марказий Осиё учун ўшандай хизмат кўрсатган, деб ёзди! Бу ўзбек халқи шаънига берилган катта баҳо эди.

* * *

1996 йилнинг октябрь ойида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган “Амир Темур ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрни” мавзуидаги халқаро илмий анжуманда (“Туркистон” саройида бўлиб ўтган эди) Чингиз Айтматов фахру ифтихор туйғулари билан тўлиб-тошиб ажойиб нутқ сўзлади. “Бу инсон – ҳаммамиз учун умумтурк ватанпарварлигининг ўлчов-мезони эди… Амир Темур – инсон қудрати нечоғлик буюк эканини  намойиш қилган тансиқ зотлардан биридир!” –  деди Чингиз Айтматов. Бу кўнгилларни нурлантириб юборди. Адиб ўз нутқида Амир Темурнинг мозийда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай бўлиб келаётгани, улкан идрок соҳиби экани, Туркистон халқ­ларининг бошини қовуштиргувчи ота бўлгани, мустабидлик соясида қолган туркийларнинг ақлий-ижодий имкониятларини юзага чиқаргани ва бошқа кўп муҳим жиҳатлар ҳақида фикр юритди. Кейин залга мурожаат қилиб  бундай деди:

Биз ўзбек қардошларимизга айни мана шу борада (табаррук санани нишонлашдаМ.А.) ўз миннатдорлигимизни жами туркийзабонлар номидан билдирмоқчимиз. Илло, миллий қаҳрамонга  бу қадар иззат-икром, миллий қаҳрамон билан бу қадар фахрланишни ҳалигача кўрмаган эдик.”

* * *

1990 йилда машъум Ўш воқеалари юз берди. Бу воқеаларнинг илдизи Ўшдан йироқларда бўлгани энди яхши маълум. Бу халқларимизни руҳан эзишга қаратилган, атайлаб уюштирилган “томоша” эди. Ҳеч ким тинч туролмас, ҳар ким қўлидан келганча нимадир қилишга, ўша фожиани оз бўлса ҳам  енгиллатишга уринаётган паллалар… Парвардигор инсонга қайишишлик туйғусини бежиз бермаган. Шунга беадад шукр! Буни эслашимнинг сабаби бор. Даҳшатли воқеа юз берган кунлар 1990 йилда Тошкентда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида дарҳол “Ўшга ёрдам” ташкилоти тузилди, унга машҳур геолог олим, академик Иброҳим Ҳамробоев ва камина ҳамраис этиб сайландик. Кўп ёзувчиларимиз, зиёлиларимиз, фидойиларимиз  билан биргаликда иш олиб борилди. Ҳаммаси кўз олдимда турибди. Ўшдан азоб тортиб, бесаранжом бўлиб келган халқимизнинг вакиллари ҳолидан хабар олиш, сарсон болаларни оромгоҳларга жойлаш ва ҳоказо ишлар билан шуғулланишга тўғри келди ўшанда. Бошга оғир кун тушиб турганда, “Нима бўлди?..” деб сўрашнинг ўзи юксак инсонийлик белгисидир.

Ватанида шундай фожиа юз берганида унинг адиби қандай аҳволга тушади? Чинакам ёзувчи, қалам соҳиби ўз шахсий ташвишларини унутади, ёзаётган асарини ҳам бир четга суриб қўяди, дарҳол халқнинг дарду изтиробини ўзига олиб, унга малҳам бўлишга ҳаракат қилади! Чингиз Айтматов ана шундай улуғ адиб эди. У сафдош дўстлари — улуғ адибларимиз  Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров билан дарҳол Ўшга йўл олди, алданиб қолган жабрдийда халқ билан учрашди, куйиб-ёнди. Адибларнинг дардли ва изтиробли сўзлари ­халқнинг дардига малҳам бўлди, ушук еган кўнгиллар таскин топди. Ҳа,  халқнинг кўнглини кўтаришдан улуғроқ савоб йўқ!

1995 йилнинг октябрь ойида Тошкентда “Туркистон” саройида бўлиб ўтган Туркистон халқлари маданияти анжуманида камина ҳам иштирок этган эдим. Анжуман “Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси”ни ташкил этишга қарор қилди. Ана шу қутлуғ тадбирни ўтказишда ҳам Чингиз Айтматов  бош-қош бўлди. Ва унга Ассамблеяга раҳбарлик қилиш вазифаси топширилди. Одил Ёқубов раис ўринбосари этиб тайинланди…

* * *

Чингиз Айтматов — ўз мактабини яратган адиб. Бу мактабда жаҳондаги кўплаб ёш адиблар сабоқ олмоқда, ижод сирларини ўрганмоқда. Ўзбек адиблари ҳам бундан мустасно эмас, улар ҳам Чингиз оғани ўз устозидай ардоқлайди. Алалхусус, мен ўзимни ана шундай ижодкорлар қаторига қўшишга журъат этаман. 1996 йили АҚШнинг Миннесота штатида бўлган Чингиз Айтматов иштирокидаги халқаро конференцияда Вашингтон университети профессори, туркшунос олим Илза Сиртаутас хоним ва  каминага ҳам қатнашиш насиб этди. Кейин Миннесота университетида  адиб ижодига бағишланган қизғин анжуман бўлди. Бу ижодий учрашув ҳақида “Чингиз оға билан мулоқот” номли мақола ёзиб, ўша ердан Тошкентга юбордим ва у “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинди. Чингиз Айтматов доим ёшларга кўмак беришга тайёр турадиган, уларнинг асарини ўқиб қувонадиган,  ижоди билан қизиқиб, керак бўлса, йўл-йўриқ кўрсатадиган устоз эди. Менинг тарих билан қизиқишимни  билиб, “Давом эттир, чуқур ўрганиб ёз”, деб маслаҳат берди ўшанда.

Чингиз Айтматов ижоди ўтган асрнинг эллигинчи йиллар охири – олтмишинчи йиллар бошида адабиёт оламига Қирғизистон, Турон тоғлари ва даштларининг янги тоза нафасини олиб кирди. Бу дарҳол кенг ўқувчилар оммасининг диққатини ўзига тортди. Унинг асарлари тоталитар бир замонда яшаган кишиларнинг инсондай яшашга ҳаракат қилиши, интилиши, шу йўлдаги ҳам ички, руҳий, ҳам зоҳирий курашларининг бадиий ифодасидир. Жаҳон адабиётида кичик одамлар, яъни оддий одамлар ҳақида ёзиш анъанаси бор. Чингиз Айтматов ижодида ҳам шундай манзарани кўрамиз. Оддий одамлар ҳақида ёзиш мушкул. Уларнинг ярқ этиб турган, саҳифаларни тўлдирадиган қаҳрамонликлари йўқ. Уларнинг қаҳрамонликлари – қалб­ларида, яъни инсоний фазилатларида мужассам. Чингиз Айтматов ўз асарларида бутун диққатини айни ана шу қалбни кўрсатишга қаратди, ёзувчи руҳи ва тафаккури билан теран таҳлил этди. Натижада, оддий одамлар, ёзувчининг сеҳрли қалами билан қалбан буюк, чинакам инсонлар даражасига кўтарилди. Биргина кўп рамзий маъноларга (қаҳрамонлар исмларига эътибор беринг) эга “Оқ кема» қиссасидаги Мўмин чол билан асарнинг бош қаҳрамони ­исмсиз бола тақдирида ҳам бунга гувоҳ бўламиз. Оқ кема – ёрқин келажак тимсоли (юқорида айтганимиздек, ўша келажакка интилаётган боланинг исми йўқ!) сифатида тасвирланар экан, унга манзилнинг узоқлиги, етгунча беомон тақдир сувларига ғарқ бўлиши мумкинлиги кўнглингизни сирқиратади. Чингиз Айтматовнинг ижоди шўролар тузумининг инсонлар тақдирига қоришган фожиаларини бадиият воситасида кўрсатиб берган ижоддир.  Эсимда, қисса даставвал “Новый мир” журналида босилган эди, ўшанда асарнинг: “Ты ушел, мой мальчик…”  («Сен кетдинг, болажоним») сўзлари билан бошлангувчи, асар ғояси қаймоғи берилган  хотимаси олиб ташланганди.

Чингиз Айтматов асарларига яна бир хослик улардаги самимиятдир. Самимият, умуман, инсон учун муҳим хислат бўлса, бадиий адабиёт учун ниҳоятда зарур фазилатдир. Иоганн Вольф­ганг Гётенинг самимийлик уфуриб турган “Ёш Вертернинг изтироблари” асарини ўқиганлар орасида Вертерга куюниб, ҳатто ўз-ўзини ўлдирганлар ҳам бўлган экан, дейишади… Бу, албатта, асарнинг ўта ҳаётийлигидан, ўқувчининг уни асар эканини унутиб, қаттиқ ишонганидандир. Буни самимият асарни қанчалар ҳаётий қила олиши мумкинлигига мисол тариқасида келтирдик. Самимиятга ўқиб-ўрганиб эришиб бўлмайди, бу табиатан Худодан берилган бўлиши керак… Чингиз Айтматов қиссалари, романлари ана шундай самимият туйғулари билан йўғрилган ва содда. Лекин ана шу самимият ва соддаликлар заминида бутун ҳаёт мураккабликлари, зиддиятлари мужассам.

Чингиз Айтматов Одил Ёқубовга “Улуғбек хазинаси” ҳақида мактуб ёзар экан, китобинг­ни ўқиб, мен улуғ туркий ғурурни ҳис этдим, дейди. Адибнинг ушбу сўзларини ўзига қиёс қилиб, мен ҳам, устоз Чингиз Айтматов ижодини ўқиганимда, улуғ туркий ғурурни ҳис этаман, дея оламан.

Чингиз Айтматов  Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳусайн Жовид, Мухтор Авезов, Ойбек, Яшар Камол, Берди Кербобоев, Мустай Карим сингари турк оламининг сўнмас, чақноқ юлдузларидан бири бўлиб қолади.

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

Давлат мукофоти лауреати

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг