Рауф Парфи (1943–2005)

463

Рауф Парфи 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги Шўралисой қишлоғида туғилди. Ота-онаси Парфи Муҳаммад Амин ва Сакина Исабек қизи мустабид тузум даврида она юрти Фарғонанинг Водил ҳудудидан қувғин қилинган эди.

Бўлажак шоир бошланғич ва ўрта таълимни “Шарқ юлдузи” (1-7-синфлар), Шўралисой (53-мактаб, 8-9-синфлар), Янгийўл шаҳридаги Алишер Навоий номидаги (10-синф, кечки) мактабларда олди. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олди (1960–1965). Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, “Ёзувчи” нашриётлари, турли газета ва журналларда фаолият кўрсатди.

Унинг “Карвон йўли” номли биринчи китоби 1968 йилда нашр этилди. Шундан сўнг “Акс садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1975), “Кўзлар” (1978), “Қайтиш” (1981), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1991), “Тавба” (2000) каби шеърий мажмуалари эълон қилинди. Вафотидан сўнг “Сакина” (2013), “Туркистон ёди” (2013) сингари сайланмалари босилиб чиқди.

Рауф Парфи шеъриятининг асосий мавзулари – бу шахс эрки, Ватан мустақиллиги ва Туркистон, Турк дунёсининг бирлигидир. Бу шеърият – ХХ аср шахс шуурини, кескин фожиалар драматизмини ифодалашга жазм этган жасоратли шеъриятдир.

Рауф Парфининг “Ватан ҳақида Бернд Иетшга мактубим”, “Тангри соғинчи”, “Сунбула”, “Қора девор”, “Абдурауф Фитрат” (1995) асарларини оласизми, Вьетнам уруши ҳақидаги шеърлариними, танка, хокку ‒ учликларими, уларнинг барчасида адолатсизликка, ҳақсизликка нисбатан нафрат, ғазаб туйғулари лиммо-лимдир.

Рауф Парфи К. Каладзенинг “Денгиз хаёли” (1972), Байроннинг “Манфред” (1973), А. Саламатнинг “Олтин болта” (1974), И. Нонешвилининг “Шиддат” (1976), А. Дюманинг “Уч сарбоз” (пьеса, 1980), Н. Ҳикматнинг “Инсон манзаралари” (1981), А. Твардовскийнинг “Зайтун новдаси” (1981), “Хотира ҳуқуқи” (1985), “Уйғур шоирлари” (1986), “Озод инсон қўшиғи” (1988), У. Сарояннинг “Ҳой, ким бор?” асарларини ҳамда Б. Брехт, П. Неруда, Г. Эмин, О. Вациетис каби қардош ва жаҳон адабиёти намояндалари ижодидан намуналарни таржима қилган.

Рауф Парфига “Сабр дарахти” тўплами учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги йиллик мукофоти берилди. 1992 йилда Халқаро Маҳмуд Қошғарий мукофоти билан тақдирланди. Туркияда Диёнат Вақфи томонидан ўтказиладиган туркий забон шоирлар танловида ғолиб бўлди (1993).

Рауф Парфи шеъриятимиз ривожига қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланган.


“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг