Миллий адабиёт кенг тушунча

100

Бугун Молдавияда адабиёт ихлосмандлари ўзбек адабиётининг Алишер Навоий, Ҳамид Олимжон, ўафур ўулом, Абдулла Орипов, Рауф Парфи сингари вакилларини билишади. Замонавий ўзбек адабиётига келсак, афсуски, китоб дўконларида ўзбек муаллифларининг китобларини учратмайсиз. Шунинг учун ҳам ўзбек адабиёти билан танишишнинг ягона имкони интернет бўлиб қоляпти. Адабий журналлар бу борада оз бўлса-да ўзининг ўрнига эга. Кишинёвда чоп этиладиган “Русское поле” журналининг “Яқин хориж мамлакатлари” бўлими муҳаррири бўлиб ишлаган пайтим Шамшод Абдуллаев, Собит Мадалиев, Баҳодир Аҳмедов, Фахриёр, Николай Ильин, Исажон Султон каби ўзбекистонлик ижодкорларнинг асарлари чоп этилишига ҳисса қўшганимдан хурсандман. Шу ўринда замонавий ўзбек адабиёти намуналарининг хорижда чоп этилишига ҳисса қўшаётган Вадим Муратханов, Евгений Абдуллаев ва Санжар Янишевни тилга олиб ўтиш керак.

Бир мамлакат миллий адабиёти ҳақида гапирганда шу ўлкада яшаб ижод қилаётган бошқа миллат вакилларини ҳам шу адабиёт вакили сифатида эътироф этиш керак. Чунки миллий адабиёт кенгроқ тушунча. Рус, тожик ва қозоқ тилида ижод қилаётган ўзбекистонлик ижодкорлар ҳам мана шу қуёшли ўлка адабиёти вакилларидир.

Адабий алоқалар бошқа бир маданиятга эҳтиёж бор жойда ривож топади. Афсуски, баъзи мамлакатларда таржимоннинг меҳнатига кам ҳақ тўланади, яъни унинг моддий манфаатдорлиги ҳақида гапириш бефойда. Бундай ҳолларда ёзувчилар ва таржимоннинг биргаликдаги ҳаракати бошқа халқ маданиятини англаш, ундан баҳраманд бўлиш истагига қурилади.

Маданий алоқаларнинг узилиши маданиятлараро бегоналашувни юзага келтиради. Айнан адабиёт, тиллар ва маданиятлар турлича бўлса-да, башарият учун хизмат қилувчи умуминсоний қадриятлар ва интилишларга урғу беради. Жуғрофий маънода ҳам, маънавий маънода ҳам уфқларни кенгайтиради. Бизнинг турли тилларда ёзаётганимиз ва сўзлаётганимиз эмас, бир-биримизни англашга интилишимиз муҳим.

Бугун биз соҳилларни боғлаш умидида жўшқин дарё устига кўприк қуришга интиляпмиз. Ҳаёт эса – дарё. У шиддатли ва қайсар: бир сокин, бир шошқин, бирида тошдан-тошга урилиб оқса, бирида ёйилиб таралади. Таржимон эҳтиёткорлик билан, тошни тошга тираб тергандек сўзларни сўзларга улаб кўприқ қуради ва юрак тилида қалб сўзларини сайлаб, соҳилларни бирлаштиради, демак, маданиятларни яқинлаштиради.

Вика ЧЕМБАРЦЕВА,

молдавиялик шоира ва таржимон

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг