Анвар Обиджон (1947)

579

Ижоди ўта серқирра эса-да, энг аввало кичкинтойлар адиби, болалар оламининг чинакам шайдоси сифатида довруғ қозонган Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда (ҳужжат бўйича 25 январда) Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. Айтишларича, бу қишлоққа қадимда машҳур бўлган Болосоғун шаҳрига ҳавас қилиб ном берилган, бора-бора, кишилар тилида Полосонга айланиб кетган.

Ёш Анвар ўз қишлоғидаги 13-мактабнинг еттинчи-саккизинчи синфларида ўқиб юрганида чекка маҳаллалар аҳолисига текин хизмат кўрсатувчи сайёр киночига шогирд тушиб, касб ўрганди, 9-синфда Фарғона шаҳридаги 11-мактабда кечки синфда таҳсил олди, сўнг яна Олтиариққа қайтиб, 1-мактабнинг кечки синфида ўқиш билан бирга, пахта тайёрлаш завод-пунктида тракторчилик қилди. Мактабни битиргач, тоғ орасига жойлашган қирғизовул “Рудник-кон”ида кон бурғиловчиси бўлиб ишлади, Полосон қишлоқ ижроқўми қошидаги кутубхонани бошқарди, Самарқанд Молия техникумини тугаллади, 1966–1969 йилларда ҳарбий хизматни ўтади.

Армиядан қайтиб, аввалига ўз қишлоғидаги колхозда пахтачилик бригадаси табелчи-ҳисобчиси, кейинчалик қўшни қишлоқдаги колхозда Граждан мудофааси штаби бошлиғи, клуб мудири бўлиб ишлади. Туман газетасига мухбирликка ўтгач, бошқатдан “Меҳнат дафтарчаси” очдириб, ҳаётининг кўпдан орзулаб юрган янги даврини топ-тоза саҳифадан бошлади:

  • 1971–1976 йилларда Олтиариқ туманидаги “Пахта учун” газетасида адабий ходим, бўлим мудири.
  • 1977–1978 йилларда Тошкент Ёғ-мой комбинатида боғбон.
  • 1979–1981 йилларда Фарғона вилояти радиосида муҳаррир, катта муҳаррир.
  • 1981–1986 йилларда Тошкентдаги “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари.
  • 1986–1987 йилларда “Юлдузча” (ҳозирги Чўлпон) нашриёти бош муҳаррири.
  • 1987–1988 йилларда “Ёш куч” журналининг штатсиз ходими.
  • 1988–1989 йилларда “Муштум” журналида бўлим мудири.
  • 1989–1998 йилларда Чўлпон нашриётида бош муҳаррир, директор.
  • 1998–2007 йилларда Ўзтелерадиокомпанияда катта муҳаррир.

Анвар Обиджон 1974–1979 йиллар давомида ҳозирги Тошкент Миллий университетининг журналистика факултетида сиртдан таълим олди. У 1969 йилда турмуш қуриб, 1970 йилда Баҳром, 1972 йилда Баҳодир, 1975 йилда Бобур, 1978 йилда Ботир, 1980 йилда Бунёд исмли фарзандлар кўрди. Мустақилликкача ҳукумат нишонлари, адабий мукофотлар билан тақдирланмаган, 2014 йилда Кореяда ўтказилган Марказий Осиё ва корейс халқлари эртакчилиги мавзусидаги тўрт кунлик форумда иштирок этганлигини ҳисобга олмаганда, ўзи фуқаро бўлмиш мамлакатдан ташқарига саёҳатга чиқмаган.

Хилма-хил жанрларда ижод қилувчи адиб сифатида танилган Анвар Обиджон болалар учун ҳам, катталар учун ҳам қатор қиссалар, шеърлар, достонлар, ҳикоялар, пьесалар битган. Ҳозирга қадар (2016) қуйидаги китоблари нашр этилди:

  1. “Она Ер”. (Болаларга шеърлар. Тошкент, “Ёш гвардия” нашрёти, 1974 йил, 3 босма табоқ, 48 бет, қирқ беш минг нусха).
  2. “Баҳромнинг ҳикоялари”. (Болаларга шеърлар. Рангли. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1980 йил, 2 б/т, 32 бет, ўн минг нусха).
  3. “Эй, Ёруғ дунё…” (Болаларга қисса. Тош. Ғафур Ғулом нашриёти, 1983 йил, 5,5 б/т, 64 бет, олтмиш минг нусха).
  4. “Оловжон ва унинг дўстлари”. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1983 йил, 5 б/т, 112 бет, қирқ минг нусха).
  5. “Аламазон и его пехота”. (Болаларга рус тилида қисса ва ҳикоялар. Т. “Ёш гвардия” нашр. 1984 йил, 5,5 б/т, 128 бет, олтмиш минг нусха).
  6. “Безгакшамол”. (Катталарга ҳажвий ғазаллар. Тош. Ўз КП МК (ҳозирги “Шарқ”) нашриёти, 1985 йил, 2 б/т, 40 бет, қирқ тўрт минг нусха).
  7. “Кетмагил”. (Катталарга лирик шеърлар. Тош. Ғафур Ғулом нашриёти, 1985 йил, 3 б/т, 112 бет, беш минг нусха).
  8. “Масхарабоз бола”. (Болаларга шеър ва достонлар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1986 йил, 4 б/т, 128 бет, ўн беш минг нусха).
  9. “Аканг қарағай Гулмат”. (Катталарга қисса, ҳангома, ҳажвий ғазаллар. Т. “Ёш гвардия” нашр. 1987 йил, 10 б/т, 192 бет, қирқ беш минг нусха).
  10. “Жуда қизиқ воқеа”. (Болаларга шеърлар, достонлар. Тош. “Юлдузча” нашр. 1987 йил, 10 б/т, 224 бет, йигирма минг нусха).
  11. “Олтин юракли Автобола”. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1988 йил, 6 б/т, 144 бет, олтмиш минг нусха).
  12. “Даҳшатли Мешполвон”. (Болаларга қисса ва пьесалар. Рангли. Тош. “Юлдузча” нашр. 1989 йил, 13 б/т, 224 бет, етмиш беш минг нусха).
  13. “Ерликлар”. (Катталарга ҳажвиялар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1990 йил, 10 б/т, 208 бет, ўттиз минг нусха).
  14. “Грозный Мешпалван”. (Болаларга рус тилида қиссалар, ҳикоялар. Тош. Чўлпон нашр. 1991 йил, 21 б/т, 336 бет, етмиш беш минг нусха).
  15. “Аламазон ва Гулмат ҳангомаси”. (Катталарга қисса, пьеса, ҳажвий ғазаллар. Тош. Чўлпон нашриёти, 1992 йил, 18 б/т, 352 бет, ўн минг нусха).
  16. “Ажойибхона”. (Болаларга тақвим. Рангли. Тош. Чўлпон нашриёти, 1993 йил, 4 б/т, 32 бет, ўн беш минг нусха).
  17. “Мешполвоннинг жанглари”. (Болаларга қисса ва достон. Тош. Чўлпон нашриёти, 1994 йил, 10 б/т, 192 бет, ўттиз минг нусха).
  18. “Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри”. (Болаларга шеър ва достон. Т. Ғ Ғулом нашриёти, 1996 йил, 3,5 б/т, 32 бет, беш минг нусха).
  19. “Аламазон ва Гулмат” (Катталарга қиссалар, ҳажвий ғазаллар. 1992 йилдагининг ўзгаргани. Тош. “Маънавият” нашриёти, 1998 йил, 15 б/т, 288 бет, ўн минг нусха).
  20. “Олтиариқ ҳангомалари”. (Катталарга ҳажвиялар, ҳангомалар. Тош. “Маънавият” нашр. 1999 йил, 10 б/т, 192 бет, беш минг нусха).
  21. “Булбулнинг чўпчаклари”. (Болаларга ҳикоялар, ғазаллар. Рангли. Лотин ҳарфида. Тош. “Шарқ” нашриёти, 2001 йил, 5,5 б/т, 48 бет, беш минг нусха).
  22. “Одобли бўлиш осонми?” (Болаларга ҳикоя. Рангли. Лотинда. Тош. “UZINKOMSENTR” нашриёти, 2001 йил, 0,5 б/т, 8 бет, икки минг нусха).
  23. “Безгакшамол – 2”. (Катталарга ҳажвий ғазаллар. Тош. “Шарқ” нашрёти, 2003 йил, 3,5 б/т, 64 бет, беш минг нусха).
  24. “Ўқ ўтмас болакай”. (Болаларга қиссалар, ҳикоялар. Лотинда. Тош. “Шарқ” нашриёти, 2005 йил, 15 б/т, 256 бет, беш минг нусха).
  25. “Ўғирланган паҳлавон”. (Болаларга шеърлар, достонлар. Лотинда. Тош. Чўлпон нашриёти, 2006 йил, 10 б/т, 136 бет, уч минг нусха).
  26. “Танланган шеърлар”. (Катталарга шеърлар. Лотин ва кирилл ҳарфларида. Қалин муқова. Тош. “Шарқ” нашр. 2006 йил, 17 б/т, 360 бет, уч минг нусха).
  27. “Баҳромнинг ҳикояси”. (Болаларга шеър. Лотинда. “Ўзинг бўя” туркумида суратли. Тош. “Янги аср авлоди” нашр. 2006 йил, 1 б /т, 8 бет, беш минг нусха).
  28. “Солиқ нима?” (Болаларга ҳуқуқий-иқтисодий мавзуда бадиий – публицистик қўлланма. Рангли. Лотинда. Тош. “Art Press” нашриёти, 2008 йил, 4 б/т, 56 бет, уч минг нусха).
  29. “Мешполвон”. (Болаларга қисса. Лотинда. Тош. Ғафур Ғулом нашриёти, 2009 йил, 9 б/т, 152 бет, уч минг нусха).
  30. “Балога қолган футболчи”. (Катталарга ҳажвиялар. Қалин муқова. Тош. “Шарқ”нашриёти, 2010 йил, 14 б/т, 288 бет, уч минг нусха).
  31. “Ўқ ўтмас болакай ёхуд олтин юрак”. (Болаларга қиссалар ва ҳикоялар. Тўлдирилган нашр. Лотинда. Қалин муқова. Тош. “Шарқ” нашриёти, 2011 йил, 21 б/т, 400 бет, беш минг нусха).
  32. “Мушук биби миёвлади ёки жониворлар билан сўзлашув”. (Уй ҳайвонлари ва паррандалари билан тиллашув ҳақида кичкинтойлар учун йўриқ. Лотинда. Рангли. Тош. Ғафур Ғулом нашриёти, 2012 йил, 2 б/т, 16 бет, уч минг нусха).
  33. “Митти Бароқ берар сабоқ”. (Боғча болалари учун йўл ҳаракати қоидалари ҳақида шеърий йўриқлар. Лотинда. Рангли. Тошкент, “Адиб” нашриёти, 2012 йил, 1,5 б/т, 24 бет, беш минг нусха).
  34. “Онамнинг мамлакати”. (Эссе ва шеърлар. Лотинда. Тошкент, Чўлпон нашриёти, 2013 йил, 1,0 б/т, 20 бет, беш юз нусха).
  35. “Жажжи-жажжи кулчалар”. (Болаларга шеърлар. Лотинда. Тошкент, “Ўқитувчи” нашриёти, 2013 йил, 6,5 б/т, 104 бет, беш минг нусха).
  36. “Мешполвон жангга отланди”. “КАМОЛОТ” КУТУБХОНАСИ” туркумидан. (Болаларга қисса ва ҳикоя. Лотинда. Тошкент, “Янги аср авлоди” нашриёти, 2014 йил, 11,5 б/т, 216 бет, беш минг нусха).
  37. “0099 рақамли ёлғончи”. “ФАРЗАНДЛАРИМИЗГА ҚИЗИҚ КИТОБЛАР” туркумидан. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Лотинда. Тошкент, “Янги аср авлоди” нашриёти, 2014 йил, 7,1 б/т, 136 бет, беш минг нусха).
  38. “Кулгили тушлар”. “ФАРЗАНДЛАРИМИЗГА ҚИЗИҚ КИТОБЛАР” туркумидан. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Лотинда. Тошкент, “Янги аср авлоди” нашриёти, 2014 йил, 10,5 б/т, 200 бет, беш минг нусха).
  39. “Атрофимиздаги қизиқчилар”. ФАРЗАНДЛАРИМИЗГА ҚИЗИҚ КИТОБЛАР” туркумидан. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Лотинда. Тошкент, “Янги аср авлоди” нашриёти, 2014 йил, 9,45 б/т, 180 бет, беш минг нусха).
  40. “Аламазон ва унинг пиёдалари”. “ФАРЗАНДЛАРИМИЗГА ҚИЗИҚ КИТОБЛАР” туркумидан. (Болаларга қисса ва ҳикоя. Лотинда. Тошкент, “Янги аср авлоди” нашриёти, 2014 йил, 8,4 б/т, 160 бет, беш минг нусха).
  41. “Танланган шеърлар – 2”. (Катталарга шеърлар. Лотин ва кирилл ҳарфларида. Қалин муқова. Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2014 йил, 18,5 б/т, 352 бет, икки минг нусха).
  42. “Мулла бақалоқ”. (Болаларга шеърлар. Лотинда. Рангли. Қалин муқова. Тошкент, “Академнашр” нашриёти, 2014 йил, 4,0 б/т, 64 бет, уч минг нусха).
  43. “Ажинаси бор йўллар”. (Турмуш кечинмалари. Қалин муқова. Тош. “Ўзбекистон” нашриёти, 2015 йил, 20,0 б/т, 432 бет, уч минг нусха).
  44. “Чудаки вокруг нас”. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Рус тилида. Т. “NISO POLIGRAF” нашриёти, 2016 йил, 7 б/т, 136 бет, уч минг нусха).
  45. “Қизғанчиқ футболчилар”. (Болаларга шеърий достон ва эртаклар. Лотинда. Тошкент, “Ўқитувчи” нашриёти, 2016 йил, 7 б/т, 96 бет, беш минг нусха).
  46. “Кезаргон Бойчечак”. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Лотин ва кирилл ҳарфларида. Т. Чўлпон нашриёти, 2016 йил, 9 б/т, 160 бет, уч юз нусха).
  47. “Қуённинг туғилган кунида”. (Болаларга шеърлар, рангли, лотинда, Т. “Ҳилол-нашр” нашриёти, 2016 йил, 1,5 б/т, 24 бет, беш минг нусха).

Анвар Обиджоннинг драматургиядаги фаолияти болаларга аталган “Қўнғироқли ёлғончи” номли комедияси 1983 йилда Тошкент Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилишидан бошланди. Шундан эътиборан ушбу театрда ҳамда Фарғона, Қарши, Қўқон, Гулистон театрларида унинг “Паҳлавоннинг ўғирланиши”, “Топсанг – ҳай-ҳай” (“Қоринботир)”, Самозванец” (“Қўнғироқли ёлғончи”нинг русчаси), “Наврўз ва Бойчечак”, “Тўтиқул”, “Аламазон”, “Мешполвон” каби пьесалари қўйилди. “O‘zbekfilm” киностудиясида бу адиб сценарийлари асосида “Тилсимой – ғаройиб қизалоқ”, “Даҳшатли Мешполвон” комедиялари кино тасмасига туширилган.

Анвар Обиджонга 1998 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилган. “Фидокорона хизматлари учун” ордени (2011), “Шуҳрат” медали (1997) билан тақдирланган.


“Болалар оламининг шайдоси” (2017) китобидан

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг