- АДАБИЁТ, Адабиётшунослик

Адиб доимий изланишда

Исажон Султон – замонавий Ўзбекистоннинг таниқли ёзувчиларидан бири. Унинг роман, қисса ва ҳикоялари Ўзбекистонда муносиб эътироф этилганидан ташқари, адиб номи Германиядаги баъзи давраларга ҳам бирмунча таниш. Бир неча ҳикоясини истисно этганда, унинг ижоди чет элларда кенг маълум эмаслиги сабаб “Боқий дарбадар” романини таржима қилиш жараёнида ўарб ўқувчиси бу ёзувчини қандай қабул қилар экан, дея хаёлимдан ўтказган мулоҳазаларимни қуйида баён этмоқчиман. И.Султон ижодига Шарқ, рус, Европа, Жанубий Америка ва постсовет адабий тажрибаларининг синтези сифатида қараш ўринли, назаримда. Мени, асосан, замонавий йўналиш бўлган постмодернизм бу адиб ижодида қандай  намоён бўлаётгани қизиқтиради.

И.Султон насри услубини олсак, ундан постмодерн белгиларини топиш қийин. Постмодерн наср, одатда, адабий иқтибосларга рағбати билан ажралиб туради. Аммо постмодернча иқтибослар, айтайлик, рус адабиётининг XIX аср охири –
XX бошларидаги кумуш давридан асл маъносини йўқотгани билан фарқ­ланади. Бундай тенденцияга ажойиб мисол – Дмитрий Пригов шеъриятидир. Айни шеърият, Михаил Эпштейн фикрича, турли адабий иқтибосларни улар ўз маъносини йўқотмагунча қайтариш ва қориштиришдан иборат. И.Султон насрида ҳам, албатта, иқтибослар талай, аммо Пригов даражасида эмас. Қолаверса, бу адиб иқтибослари ўқувчи билан ўйинга киришишга эмас, балки унга тўғридан-тўғри ғоявий-ҳиссий таъсир кўрсатишга йўналтирилган.

И.Султон насри постмодернча баёндан ҳам фарқ қилади. Владимир Набоковнинг постмодернга уйқаш “Пушаймон” асарида муаллиф ўқувчи билан ўйинга киришади, уни аввал кўп бор юрилган йўллардан етаклайди-да, сўнг эса кутилмаган хулосага юзма-юз қилади. И.Султон ўз мухлисини сира бу тахлит “чув туширмайди”, унинг ўқувчиси ҳам ёзувчига асло қарама-қарши бормайди, ўқувчи ҳар доим адиб фалсафасини маъқуллайди. Шу маънода, И.Султон асарларида реализм ва ҳатто XIX аср дидактикаси анъаналарини кўриш мумкин.

Юқоридаги фарқ-тафовутларга қарамай, И.Султон асарлари, барибир, постмодерн ғоясига ҳамоҳанг. ўарб дунёси шўро салтанатининг қулаши ва коммунизм ғоясининг ҳалокатга учрашини тарих интиҳоси деб қабул қилди. Коммунизм устидан ғалаба қозонган капитализмга эса энди одамларга ўзгача, фараҳбахш келажакни ваъда қилишига ҳожат қолмади. Капитализмнинг ўзи утопия деб эълон қилинди, ундан-да юксак тузум ҳақидаги умидлар сўнди. Тарих интиҳоси — ўз-ўзидан ғоялар интиҳоси ҳамдир: бахтли келажак ҳақида умидлар сўнган экан, демак, бу ёғига ҳеч бир мафкура етакчиликка даъво қилолмайди.

Оқибатда постмодернизм ва унга ёндош постструктурализм ўз ғояларини қайта кўриб чиқа бошлади, яъни жамиятнинг бир қисмигагина фойда келтириб, қолган қисмига зарар етказаётган тартиботни фош этиб, шунинг ўзини ғоя сифатида кўрсатишга тутинди. Келажакни назарда тутмаган ҳар қандай мафкура эса ёлғон фикр пайдо қилади, ­холос. Шундай қарашни И.Султон насрида бот-бот учратиш мумкин. “TODD” ҳикояси якунида ровий немис концлагерларининг маҳбуслари бошига тушган даҳшатларни санаб чиққач, уларнинг урушдан кейинги битмас жароҳатларидан қай­ғуга тушиб, барча ғояларидан воз кечади:  “Билдимки, ҳеч бир фалсафа ҳаёт ҳикматини изоҳлаб бера олмас экан. Чунки ҳаёт ҳамиша ҳақ ва ранг-баранг, товланувчи, фалсафа эса, унинг фақатгина сояси, бошқа ҳеч нарса эмас экан”. И.Султон ­наздида, мафкура (ёки фалсафа – улар бир-биридан жуда кам фарқ қилади) жамиятдаги фикрлар хилма-хиллигини тўла қамрай олмайди. У ижтимоий тараққиётнинг бошқа йўлларини назардан соқит қилган ҳолда, инсониятнинг бутун куч-қувватини биргина йўналишга буриб юборади. И.Султоннинг шу хулосаси айнан постмодернчадир.

ўарбнинг аксар атеист постмодернчиларидан фарқли ўлароқ, И.Султоннинг ғоядан воз кечиши тарихнинг тугагани оқибати эмас, балки Худога ва эътиқодга қайта юз буришдир. XIX аср бошларида Европа файласуфлари, чунончи, Гегель Худонинг иродасини билишга даъво қилган ҳамда ўз фалсафасига  дунёда Яратган иродасини қарор топтириш қуроли деб қараган эди. Маркс эса Худодан дар­ҳол юз ўгира қолди ва айни чоғда тарихни ўз ниҳояси сари етаклайдиган қонуниятлар борлигини овоза қилди. XX аср тарихи XIX аср ғоялари рўёби экани шундаки, энди инсоннинг ўзи Худо ёки Аъло одам бўлишга чоғланмоқда.

  Юқорида зикр этганимиздек, пост­модернизм – ғоялардан воз кечмоқдир. Комил инсонни яратиш йўлидаги генетик ёки ижтимоий тажрибалар энди, ўтган асрдаги хомхаёллардан фарқли ўлароқ, мўъжиза ҳам, ғалаба ҳам эмас, аксинча, бундай тажрибалар хулосаси – инсоннинг Худо олдида  бениҳоя заифлигига иқрор бўлиш ва Унинг иродасига сўзсиз бўйсунишдир. “Боқий дарбадар” романининг қаҳрамони бўлмиш дайди ўз иродасини юзага чиқариш ўрнига Аъло одам ёки Холиқи Мутлақни излаб кетади: “Шу боис бу маконни, аввало, Уни излаб топиш ва бутун олам яратилишининг сабабларини Ўзидан сўраш учун тарк этмоқдаман”. Ўтган асрда инсон ким ўзи, яшашдан мақсад нима, деган саволларга жавобни заминнинг ўзидан топиш мумкин эди. Лекин бизнинг асримизда, И.Султон фикрича, бу саволларга заминдан жавоб топмоқ душвор. Жавоб ундан ташқарида, яъни Худодадир.

Маълумки, табиатга муҳаббат инсонни Худога яқинлаштиради. ­“София” ҳикояси ровийси шу ном билан аталган бўрон сабаб юзага келган вайронагарчилик ҳақида даҳшатга тушиб ҳикоя қилади, айни чоғда романтик сифатида Тангри иродаси-ла бош кўтарган шу фалокат гўзаллигидан лол ҳам қолади: “Қайтақол, гўзал Софиям, ўзинг бино бўлган маконларга. Мен билмайдиган, мен тушунмайдиган бегона тоғлар ораларидаги сарвлар бўй чўзган, ёввойи ўтлар қатор-қатор гуллаган ва ҳамма ёқни энлаб кучли ислар тараладиган қояларнинг ораларига… Бағирларида раҳмат ва мар­ҳаматларни олиб келаётган шу қора-қизғиш булутлар бино бўлган ёввойи ҳудудларга. Мен ҳам ўз оромиму осойишимга қайтай! ўоятда тартибли, ҳамма нарса ўз ўрнида, доимо бадастир турадиган, сира ўзгариш рўй бермайдиган, доимо осойишта ва тинч, ҳеч долғаланмайдиган… ўз маконларимга! Йўқ, шошма… кетма!”

Қаҳрамон билан офатнинг оний тўқнашуви қаҳрамонга у аввал ҳеч туймаган бир фароғатни бахш этадики, бу – парадоксдир. Бир томондан, ҳар доимги тинч-осойишта ҳаётига қайтишни, бошқа томондан, София қурбонига айланишни хоҳлайди у. Бундай ҳиссий қарама-қаршиликларни ғарбликлар Фрейд илмий истеъмолга олиб кирган ўлим инстинкти, яъни субъектнинг аввал бошдан кечирилмаган ҳолат, яъни йўқликка интилиши синдроми билан изоҳлаган бўлар эдилар. Лекин И.Султон чуқур ўрганган Жалолиддин Румий ва бошқа мутасаввиф ижодкорлар мероси буни ­бошқача талқин қилишга ундайди. Румий таълим берадики, дунёдан этакни силкиш инсонни Худога яқинлаштиради.

Унинг наздида, бизлар доимо изланишдамиз ва шу сабаб барчамиз дарбадармиз. “Боқий дарбадар” номи ҳам ана шу қаноатдан келиб чиққан. Ҳатто романдаги энг салбий персонаж бўлмиш профессор Зиё (интеллект рамзи) – дунёни фан ва технологиялар ёрдамида бирлаштиришга интилган олим ҳам ўз иддаолари нотўғри эканига иқрор бўлади. Илоҳий ҳақиқатни излаётган ўғлининг мактубини ўқигач, бундай  ўйга чўмади: “Юраги унга ўғлининг ҳақ эканини, бутун олам аҳли илгарилаб бораётган турли-туман йўллар орасида ўғлининг тутган йўли аниқроқ ва ҳақиқатга яқинроқ эканини сездириб турарди”. Ўғил эса отасининг орзуларидан изтиробда: “Буларнинг олдида дунё нима? Тараққиёт нима? Ҳаммаси бирлашганида ҳам, оддийгина қум зарраси каби аҳамият касб этармикан?” Барибир, ота тан оладики, ўғил ҳақ: фан, тараққиёт, глобаллашув, яъни инсон қўли билан  бунёд этилажак эзгуликлар Тангри тортиқ этажак мукофотлар билан тенглашолмайди. Худонинг зарурийлигини тан олиш, баъзи ғоялар аралашганига қарамай, И.Султон персонажларида  кўзга аниқ ташланади.

Бироқ И.Султонни индеанист ёзувчилардан глобаллашувга мўътадил ёндашуви ажратиб туради. Патрициа Грейсга ўхшаш индеанист адиблар ибтидоий ҳаётга қайтишни ёқлаб, замонавий воқеликни қоралайди.

И.Султон ижоди, америкалик ўқувчи нуқтаи назарича, индеанист адабиёт, фусункор реализм, постсовет адабиёти ва постмодернизм­га ўхшаш бир қанча адабий йўналишларга мансубдир. ўарб ўқувчиси учун бетакрор тарафи эса унда индеанистик ёндашувнинг тасаввуф ғоялари билан уйғунлашиб кетганидир. Аксар индеанистлар масиҳийлик ва бошқа дунё динларини инсонни табиат, илоҳиёт билан хусусий алоқадан жудо қилишда айблайди. И.Султон эса бундай қараш нотўғри деган фикрни далиллайди.

Мен катта иштиёқ билан Исажон Султон асарларини инглиз тилига таржима қилмоқдаман. Мақсадим – ўарб кишиси ўзи учун янги, бетакрор адабиётни кашф этишида унга баҳолиқудрат кўмаклашиш.

Айни вақтда атоқли ўзбек адиби Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” ҳамда Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романларининг инглиз тилига таржимасини поёнига етказдим…

Кристофер ФОРТ

(АҚШ, Мичиган университети)

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan