Адабиёт дурдоналари жуғрофий чегараларни тан олмайди. Унинг олдида биргина довон бор, бу – тил ва таржима билан боғлиқ муаммо. Зеро, бугунги кунда яратилаётган бадиий асарларга доир ушбу масала билан боғлиқ ишлар бисёр. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Носириддин Рабғўзий сингари улуғларимизнинг асарлари ўз даврларидаёқ бу довонлардан ошиб, дунё халқларининг маънавий мулкига айланган.

Куни кеча Тошкентда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини хал­қаро миқёсда ўрганиш ва тар­ғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференциянинг бош мақсади ҳам ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёт намуналарини ўрганаётган, хорижий тилларга таржима қилаётган чет эллик таржимонлар, мазкур соҳаларда илмий изланиш олиб бораётган хорижлик мутахассислар билан яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ўзбек адабиёти тарихи, бугуни ва истиқболига доир фикр-мулоҳазаларни эшитиш ҳамда ўзбек олимлари эришаётган ютуқлар, замонавий миллий адабиётда яратилаётган янги асарлар билан чет эллик ҳамкорларни таништиришга қаратилди.

Маълумки, ўзбек адабиёти инсоният тамаддунида кўп асрлик тарихга эга. Асрлар давомида миллий қадриятлар асосида такомиллашган, бугунги кунда жаҳондаги илғор тенденцияларни ўзлаштириб, шу асосда замонавий қарашларни ва асрий анъаналарни уйғунлаштирган ноёб ҳодисага айланган адабиётимиз ва она тилимиз жаҳондаги ўнлаб университетларда ўрганилаётгани, жаҳон таълим тизимидаги магистратура ва докторантура босқичларида кўплаб тадқиқот ишлари олиб борилаётгани қутлуғ жараёндир.

Дунёнинг йигирма беш давлатидан қирққа яқин шоир, ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос олимлар, таниқли адабий нашр­ларнинг вакиллари қаторида қатнашаётган Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор, Ҳиндистоннинг Панжоб штати Ёзувчилар ассоциацияси раиси Дев Бхадбей ва бошқалар бор. Шунингдек, айни пайтда “Бобурнома”ни туркман тилига таржима қилаётган Туркманистон Фанлар академияси қўлёзмалар миллий институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди Рахиммамет Куренов, ў.ўулом, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Ойбек, Э.Воҳидов, А.Орипов шеърларини ўзбек тилидан озарбайжон тилига таржима қилган Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раис ўринбосари, филология фанлари доктори Фируз Мустафо, ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек маданияти тадқиқотига оид йигирмага яқин китоб муаллифи, Бобур халқаро хайрия жамғармаси ёрлиғи соҳиби Муҳаммад Ҳалим Ёрқин (Швеция), Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний”, Абулғозихоннинг “Шажараи турк” асарларини янгидан нашрга тайёрлаган, Мозори Шариф шаҳридаги Ўзбек маданий маркази бошлиғи Абдуллоҳ Рўйин (Афғонистон), Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Мезон ул-авзон” асарлари ҳақида рисола ёзган, хатларини, ҳикматли сўзларини тўплаб, форс тилига таржима қилиб чоп этган, Навоий асарлари луғатини яратган Теҳрон педагогика университети профессори Муҳаммадзода Ҳусайн Сидиғ (Эрон), Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини украин тилига таржима қилиб чоп этган, «Адеф-Украина» НУ директори Игорь Шпак (Украина), “Алпомиш”, “Равшанхон” достонларини немис тилига таржима қилиб, Германияда чоп эттирган Бонн университети профессори Карл Райхл (Германия), “Бобурнома”нинг янги немисча таржимасини Германияда чоп эттирган фан доктори Хелмут Далов (Германия), Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига таржима қилган Кристофер Форт (АҚШ),  Ҳиндистон олий таълим тизимидаги ўзбек тили бўйича биринчи ўқитувчи, Ш.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида 2017 йилда сўзлаган нутқини инглиз тилидан ўзбекчага таржима қилиб, талабаларга ўқитган Жамия Миллий Исломия Марказий университети, Халқаро тадқиқот Академияси ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, профессор Шаҳид Таслем (Ҳиндистон), Ўзбек жадид адабиёти, хусусан, Фитрат ижоди бўйича йирик тадқиқотлар олиб борган Токио университети профессори Хисао Коматсу (Япония) сингари ўзбек маданиятининг хориждаги жонкуярлари бор.

Халқаро конференция тадбирлари Адиблар хиёбони ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан атрофлича танишув, буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар Алишер Навоий номидаги Тошкент  давлат  ўзбек тили ва адабиёти университетида ташкил этилган китоблар кўргазмаси билан танишишди. Бу кўргазма жаҳон адабиёти дурдоналарининг ўзбек тилига таржималаридан ва “Жаҳон адабиёти” журналининг кўпйиллик сонлари намуналаридан иборат бўлиб, ўзбек таржимонларининг машаққатли меҳнатлари самарасидир.

Миллий адабиётимиз тарихининг ёрқин саҳифаси бўлиб қолажак мазкур анжуман иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев табрик йўллади.

Табрикни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев ўқиб эшиттирди.

Президент табригидаги “Биз сизларнинг ҳар бирингизни ўзбек адабиёти ва маданиятининг моҳир билимдони ва жонкуяр тарғиботчиси, Ўзбекистоннинг чинакам дўсти, маънавият соҳасидаги ишончли ҳамкоримиз деб биламиз ва сизларнинг олижаноб фаолиятингизни юксак баҳолаймиз” деган таъкидлар конференция ишига юксак руҳ бағишлади.

Халқаро конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимини олиб борган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов бу конференциянинг аҳамияти ҳақида гапириб, жумладан, шундай деди: “Атоқли олимлар, машҳур адиблар, салоҳиятли таржимонлар илмий-ижодий лабораторияси билан яқиндан танишиш, маҳорат сирларидан сабоқ олиш имконияти берилиши жиҳатидан ҳам анжуманнинг аҳамияти тенгсиз деб ўйлайман”. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси Низом Қосим, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ўзаро ҳамжиҳатлик, халқаро адабий алоқалар равнақи ва бу борада олдинда турган вазифалар ҳақида тўхталиб, тадбир иштирокчиларини қутладилар.

– Конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан табрик йўллангани мамлакатингизда миллий адабиёт ривожига давлат миқёсида кўрсатилаётган эътибордан дарак беради, – дейди Теҳрон педагогика университети профессори, навоийшунос олим Ҳусайн Муҳаммадзода Сидиғ.

Конференция давомида Ўзбекистон адабиёти ва маданияти тарихи ва бугунига бағишланган фильм намойиш этилди.

Куннинг иккинчи ярмида конференция қатнашчилари бешта шўъбага бўлинган ҳолда ишни давом эттирдилар. Жумладан, филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаев ва  Бонн университети профессори  Карл Райхл (Германия) бошчилигидаги “Ўзбек мумтоз адабиётини хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш масалалари” шўъбасида Эрон, Швеция, Туркманистон, Арманистон, Афғонистон, Голландия сингари давлатлардан келган мутахассислар ва ўзбек адабиётшунослари мумтоз адабиётимизнинг улуғ намояндалари Маҳмуд Кошғарий, Ҳофиз, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Рабғўзий, Абулғозихон асарлари таҳлилига бағишланган маърузаларини ўқидилар.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ҳамда ўози университети профессори Фатма Ачик (Туркия) раҳбарлик қилган иккинчи шўъбада   “Ўзбек замонавий адабиётини хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш муаммолари” мавзусида АҚШ, Туркия, Япония, Ҳиндистон, Озарбайжон, Миср ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган олимлар ва адибларнинг  истиқлол адабиёти тарихини яратиш вазифалари, ўзбек жадид адабиёти, ўзбек замонавий ҳикоячилиги, замонавий адабиётимизнинг халқаро миқёсда ўрганилиши, ўзбек-озарбайжон адабий алоқаларининг муҳим жиҳатларига бағишланган маърузалари тингланди ва муҳокама этилди. “Ўзбек адабиётини хорижий тилларга таржима қилиш ва таржималарни тарғиб қилиш масалалари”га бағишланган учинчи шўъбада (етакчилар: “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, филология фанлари номзоди Аҳмаджон Мелибоев, Қирғизистон Фанлар академияси вице-президенти Абдуллажон Аҳмадалиев) Германия, Франция, Туркия, Литва ва бош­қа мамлакатлардан келган мутахассислар таржима соҳасидаги муаммолар, таклифлар, ечимлар,  таржима  адабиёти, ўзбек адабиёти олмонзабон мамлакатларда ва бошқа мавзуларда маъруза қилдилар. Шунингдек, конференциянинг  тўртинчи шўъбасида соҳанинг долзарб муаммоларидан бири – Бадиий таржима соҳаси мутахассисларини тайёрлашда халқаро илғор тажрибалар борасида фикрлашилди. Самар­қанд давлат чет тиллар институти профессори Муҳаммаджон Холбеков ва Донгдук университети профессори Инг Ёнг О (Жанубий Корея) ҳамраислик қилган бу шўъбада Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон давлатларидан келган мутахассислар билан бирга ўзбек таржимашуносларининг ҳам маърузалари тингланди ва бу масалалар юзасидан баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо бошчилигида ўтган бешинчи шўъба иши халқаро адабий алоқаларни кучайтиришга доир долзарб масалаларга бағишланди, унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, “Роман-газета” журнали бош муҳаррири Юрий Козлов, “Литературная  газета”  бош  муҳаррир ўринбосари Анастасия  Ермакова, “Литературная газета”нинг “Песнь Хумо” лойиҳаси муаллифи Алексей Шавлов, “Иностранная  литература” журнали бош  муҳаррири Александр  Ливергант ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунинг билан конференция ўз ишини якунлади. Конференциядан сўнг тадбир иштирокчилари қадим ва навқирон Самар­қанд шаҳрига жўнаб кетдилар.

Дарҳақиқат, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, фан доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов таъкидлагандек, “Ўзбек адабиёти ҳам мумтоз, ҳам замонавий маънода, пурмазмун, залворли асарларга бой адабиётдир. Уни кенг тарғиб этиш, ­нафақат инглиз, балки жаҳоннинг бошқа тилларига ҳам таржима қилиш ҳамиша долзарб масалалардан бўлиб қолаверади”.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг