Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейида таниқли рассом Аслиддин Исаевнинг “Рангларда нур ва жозиба” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди. Кўп йиллик ижодий изланишлар сарҳисобига айланган ушбу тадбирда мусаввирнинг юзга яқин ишлари намойиш этилди.

Кўргазмадан ўрин олган асарлар билан танишарканмиз, А.Исаев ўзбек рангтасвири санъатида ўзига хос йўлини топишга эришганига гувоҳ бўламиз. Рассом ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан буён кўргазмаларда фаол иштирок этиб келади. Ижодининг дастлабки босқичида яратган “Йўл”, “Менинг ҳовлим”, “Тўй”, “Қовун бозори”, “Болалик”, “Кутилмаган ёғду”, “Тўлин ой кечаси”, “Тонг” каби асарларида қадим Самарқанд манзаралари, қишлоқ ҳаёти, табиат кўринишлари турфа ранглар уйғунлигида акс эттирилган. Рассомнинг мустақиллик йилларида яратилган картиналарида ёрқин колорит устуворлик қилади. Айни пайтда уларда миллий маданиятимиз билан боғлиқ фалсафий ва поэтик қарашларга ҳам кенг ўрин берилган. “Болакай”, “Бозор”, “Ҳазрати Ҳизр”, “Менинг тушларим”, “Донишманд” сингари картиналарида рассом рамзий маънога эга ранг ва шакллардан маҳорат билан фойдаланган.

Томошабинлар кўргазма мисолида бой тарихга эга Самарқанд рассомлик мактабининг анъаналари билан ҳам танишиш имконига эга бўлишди. Шарқона руҳга йўғрилган картиналар санъат ихлосмандларини,  айниқса, ёш мўйқалам соҳибларини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

Муҳаррам РИЗАЕВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг