Халқ оғзаки ижодиётининг ноёб турлари бисёр. Жумладан, биргина ижрочи дўмбира жўрлигида ўнлаб бадиий образни гавдалантиради. Бу фольклор тури бахшичилик бўлиб, уни бир актёр театрига ҳам қиёслашади. Бахшилар азалдан адолат ва ҳақиқат, ватанпарварлик ва қаҳрамонликдек юксак фазилатларни куйлаб келишган. Бахши дўмбирасини қўлга олганда гўё  борлиқ сукутга чўмади. Соз навоси ва бахши ўлани авжига чиқа бошлаганда эса олисдан тулпорлар дупири, чавандозлар қийқириғи эшитилади. Бахши қалбию дўмбира торларидан ёғилган оҳанг қудрати дилларни забт этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида  жорий йилнинг 28-29 июль кунлари Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани Катта Вахшивор қишлоғида бўлиб ўтадиган “Бахши-шоир, оқин ва жировларнинг республика фестивали”га Маданият вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги тайёргарлик ишларини қизғин олиб бормоқда. Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё вилоятларидан 80 нафардан зиёд бахши-шоир, оқин ва жиров иштирок этиши кутилаётир.

Юртимизда азалдан олтита бахшичилик мактаби шаклланган. Уларнинг репертуаридаги ўлмас достон ва термалар авлоддан-авлодга сайқалланиб ўтиб келмоқда. Бу бардавомликка янгича мазмун бағишлаш мақсадида ўтказилаётган Республика фестивали халқимиз, айниқса, ёшларимизда халқ оғзаки ижодиётига юксак эътибор ва ҳурмат туйғусини янада кучайтиришга, бахшичилик мактабларининг безавол анъаналарини кенг тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– Давлатимиз раҳбари  миллий маданиятимизнинг  олтин сарчашмаси – бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривож топтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунончи, бахшилар ижодининг сара намуналарини кенг тарғиб қилиш борасида ҳукумат қарори қабул қилинди. 2018 йилдан  “Бахши-шоир, оқин ва жировлар республика фестивали”нинг қайта тиклангани ва давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳрида Бахшилар мактаби очилгани мамлакатимиз маданий ҳаётида улкан воқеа бўлди. Кўшни давлатлар билан маданий алоқалар кенгайиб, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғуси кучайиб бораётганини инобатга олган ҳолда ушбу фестивални келгусида хал­қаро миқёсда ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди  Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази  директори Азамат Ҳайдаров. – Бу фестиваллар беназир бахшичилик анъаналарини давом эттириш, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Ошиқ ўариб ва Шоҳсанам” каби достонлар замиридаги эзгу ғояларни  кенг ёйишда беқиёс аҳамиятга эгадир.

Мамлакатимиз бахши-шоирлари, оқин ва жировларининг фестивали Истиқлолимизнинг 27 йиллиги байрами олдидан ўтадиган йирик маданий тадбир бўлиб, халқ оғзаки ижодиётини севган ҳамюртларимиз, қолаверса, чет эллардан ташриф буюражак меҳмонларимиз учун ажойиб туҳфа бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Аброр МЕЛИБОЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг