Якшанбагача… уч кун бор

247

Таниқли адиб Шойим Бўтаевнинг: якшанба куни гаплашсак, деганига қарамай газета кутиб турмаслигини рўкач қилиб, суҳбатга ундадик. Мулоқотимиз адабиёт, ҳаёт — ҳамма биладигандек туюлган, аммо сир-синоатларга бой жараёнларнинг ҳар ким ўзича идрок этадиган мавзулари хусусида борди.

— Шойим ака, меҳнаткаш адибларимиздан бирисиз…

— Эътироф этяпсизми ёки мақтаяпсизми?

— Унисиям, бунисиям.

— Раҳмат.

— Бугун қўлига умид билан қалам олиб, юксак мақсадларни кўзлаб турган ёшларга ижодкор масъулияти, заҳматли меҳнати ҳақида нималар дея оласиз?

— Буни уларнинг ўзи ҳам яхши ҳис эта олишига аминман. Менингча, ижодкор ҳис-туйғуларида эзгулик, самимият ҳар доимгидек етакчи ўринда бўлгани маъқул. Сурбетликдан худо асрасин. “Юксак мақсадларни кўзлаб турган ёшлар” ўрнига ўзингизни қўйсангиз, ён-атрофингиздаги шиддатли оқаётган ҳаёт билан бақамти қандай ўйларга борардингиз? Вақт — буюк ҳакам. Аммо унинг буюклиги замирида шафқатсизлиги ҳам борки, ундан сақланмоқ учун курашмоқ лозим бўлади. Академик Наим Каримовнинг бир суҳбатида шундай сўзларни ўқидим: “Биринчидан, адабиёт оламига кириб келган янги авлод ўзбек адабиётининг ўарб ва Шарқ халқлари адабиётидан фарқли томонлари борлигини унутмаслигини, бу фарқли томонлар, аввало, адабиётимизнинг миллийлигида, адабий тилимизнинг бой ва гўзаллигида, адабий анъаналаримизнинг давомийлигида эканини доимо ёдда тутиши керак”. Иккинчидан ва учинчидан нималар ҳақида ёзиш кераклиги ҳақида ўз мулоҳазасини билдирган ҳурматли домла ҳар бир ижодкор ўз овози, ўз услуби, ўз мавзусига эга бўлиши, ўзгалар соясига айланиб қолмаслигини уқтиради.

— Бугун яратилаётган асарларга адабий танқидчилик бирор-бир жўяли фикр, айтайлик, ҳеч бўлмаса маслаҳат тарзида муносабат билдирмаяпти, дейиш мумкинми?

— Агар, ҳақиқатдан ҳам Сиз айтганча бўлса (гарчи бу фикрга мен тўла қўшилмасам-да), фақат адабий танқидчиликни айбдор дейиш бирёқлама фикр бўларди. Физик қонунлардан хабарингиз бор, жисмлар бир-бирига нисбатан ҳаракатланади ва акс таъсир жараёни содир бўлади.

Бугун адабиётшуносларимиз мумтоз адабиётга кўпроқ мурожаат қилмоқда. Тўқсон тўққиз маънодан сўнг юзинчисига ҳам ишора бериб турган сатрлар кимни мафтун этмайди дейсиз?! Шарқ Уйғониш даврининг дунёни лол қолдирган беқиёс шеъриятини идрок этишни қўя туриб, XIX аср охири — XX аср бошларида халқ дардини айтган адиблар ижод уммонидаги дуру гавҳарларга назар солиб кўринг-а. Худди ҳозиргина ёзилгандек ёки ҳозир ёзилиши орзу қилингандек.

Гарчи келса, эски тўн, биздек дуогўйи фақир,

Камбағалнинг хирқасидан ор қилмоқ шунчалар —

каби сатрлар ўз ҳужрасида қўл учида амал-тақал кун кўришга мажбур ва муқим бўлган Муқимийни тасаввурингизда жонлантирса,

Назокат ортурай десанг, мисоли ғунча хомуш бўл,

Надинким оғзини то очди гул, барги хазон бўлди —

деган сермазмун, барча замонларга мос бебаҳо сўзлар завқидан Завқийни ёдга оласиз. Ёки Фурқатнинг:

Бир кўриб чоҳи зақан Ҳорут ила Морут иков,

Чоҳи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда —

байти мағзини чақиш учун ҳам анча-мунча диний-мифологик билимга эга бўлиш лозим.

Жонкуярлиги, халққа яқинлигидан ташқари Шарқ мумтоз шеъриятининг такрорланмас имкониятларини ўзида жамлагани билан ҳам бундай асарлар ўзбек шеъриятининг кейинги тараққиётига кучли туртки берган, биз юқорида номларини тилга олган шоирлар ижодини абадиятга муҳрлаган.

— Мавзудан четлашгандаймиз. Назаримизда, адабий жараёнда насрий асарларга жиддий талаблар қўйилмаяпти, муносиб баҳолар берилмаяпти.

— Алоҳида бир асар ҳақида гап кетадиган бўлса, жиддий талабни ҳар бир ижодкор ўзининг принципларидан келиб чиқиб қўйиши керак. Ажойиб бир асарни ўқиб чиқиб, китобни ёпганингизда муаллифни эсланг. Унинг уйқусиз тунларини шарафланг, олган таассуротингиз учун миннатдорлик билдиринг. Ижодкорнинг қудрати шунда — у Сиздан олган оддий чўпни сеҳрли таёқчага айлантириб беради. Бундай саховат ҳаммага насиб этавермайди. Адабиётнинг сеҳри шунда. Бу ҳам ҳаёт. Назокати ва нафосатига кўра юксалиб бораверадиган ҳаёт.

Умуман олганда, адабий жараёнда адабиётшунослик ва танқидчиликнинг бепарволиги бошқа бир нохуш ҳодисани келтириб чиқаради. Сохта асарлар “ҳақиқийман” деб даъво қилади, нашриёт эгалари ўзи хоҳлаган қораламани гумбурлатиб чоп этиб юборишаверади — уларга сотилса бас.  Мана шундай ҳодисадан адабиётшунослик ва танқидчилик хулоса чиқариб, қани сабринг қайгача бораркин, билганингдан қолмай беҳуда чопавер-чи, қачон ҳолдан тояркансан, дегандек узоқдан мўралаб турганга ўхшайди.

— Ўша мўралаб турганлар дадил бўй кўрсатиб, бўлди энди, пала-партиш китоб­ларни чоп этишни бас қилинг, ­дейишадими?

— Агар улар шундай ўйлаб турган бўлса, айтишар — яна билмадим, эҳтимол, ҳеч ким кутмаган, ўйламаган, орзу-умидларимиз, интилишларимизга тўсиқ бўладиган ғовларни аён этиб, бас, тахта-ўқловингни йиғиштир, дер.

— Шунда ким нимани қандай ёзса ҳам бўлаверар экан, деган нотўғри тушунчага ҳам чек қўйиладими?

— “Ақлли кўприк излагунча, ақлсиз дарёдан ўтиб бўлади”, дейишгани каби на адабий қонун-қоидага, на маҳорат талабларига  амал қилишни хаёлига келтирмаганлар учун ҳар қандай жиддий эътирозлар тўсиқ бўлолмайди. Улар барибир билганларидан қолмайди. “Қиссадан ҳисса, — дейилади Эзоп масалларининг бирида. — Қон билан кирган — жон билан чиқади”. Масалнинг ўзини эсладингизми?

— Қандай эди?

— “Кунлардан бир куни Олимп худолари тирик мавжудотларнинг табиатини ўзгартириш мумкин ёки мумкин эмаслиги устида тортишиб қолишибди.

— Ўзгартирса бўлади, — дебди Юпитер.

Аммо Венера бунга қарши чиқибди. Муаммони ҳал қилиш мақсадида Юпитер мушукни қиз болага айлантириб қўйибди ва уни ёш бир йигитга турмушга берибди. Рисоладагидек келин-куёв тўй базми тўрида ўтиришибди.

— Қара, — дебди Юпитер Венерага, — келин ўзини қандай муносиб тутяпти. Ким ҳам уни кеча мушук эди, деб айта олади? Шубҳасиз, унинг табиати ўзгарди.

— Бир оз кут, — дебди Венера ва тўйхонага сичқонни қўйиб юборибди. Буни кўрган келин жойидан сакраб турибди, ўзини сичқоннинг устига отибди.

— Ана, кўрдингми? — дебди Венера”.

Сиртдан қараганда, кимларнингдир    китоблари чиқаётган, шеърлари қўшиқ бўлаётгандир, аммо адабиётнинг азалий ва абадий идеаллари, қадриятларининг уларга қизиғи йўқ. Китоблари дўкондан яшин тезлигида сотилиб кетадиган “шоир йигит” бир куни менга, биз биламиз ўзимизнинг бадиий жиҳатдан қандайлигимизни, адабиётга даъвогарлик қилмаймиз, ўз ҳисобимиздан китобимизни чиқарамиз, сотилса — фойда, сотилмаса — зиён, деди. Бир қараганда, ҳақиқатдан ҳам унинг бировга иссиқ-совуғи йўқдек.

— Аммо адабиёт учун, ёшлар учун бор-да!

— Ҳа, яшанг, адабиёт учун бор. Аслида адабиёт ҳам кимнингдир чекига лоторея ўйинида тушган ютуқ эмас. Умуман, ҳеч нарса бировнинг чекига тушган ютуқ бўлмаслиги керак. Ўзининг объектив қонунлари асосида яшаши, ривожланиши керак. Ҳаёт шу. Табиат ҳам шу. Аммо “шоир йигит”нинг эҳтимол ўзи учун бировга зиён-заҳмати етмай, ўзи китоб чиқариб, ўзи сотиб, куйини ўзи басталаб, ашуласини ўзи айтиб… деганларидай, юрган йўлида дидни тумтоқлаштиришга, адабиётни идрок этиш ҳиссиётини йўқотишга ўзи билиб-билмай ҳисса қўшганича шитоб олға босиши оқибатида ўқувчи-китобхон ҳақиқий ижод намунаси билан саёз, нурсиз қораламанинг фарқига бормай қолади. Ўқувчи-китобхон ўша шоввознинг нари-бери ёзганларидан  бошқасини тушунишни истамайди, бунга қурби етмайди.

— Сиз айтаётган воқеаларга адабий жараёнда кўп дуч келамиз. Таҳририятимизга бир йилда уч-тўрт китобини чоп этган чаққон муаллифлар келишади: “Китобимни тақриз қилдириб чиқаринг”, “Китобдан икки-учта шеърни газетангизда бостиринг”, дейишади. Талабга жавоб берса хўп-хўп, аксариятини  таҳрир билан ҳам эпақага келтириб бўлмайди. Тўғрисини айтсангиз, “Мана китоб қилиб чиқаришган-ку, китоб газетадан пеш-ку” дея ақл ўргатишади. Аслида, китобнинг босма воситалар орасида салмоғи бўлак. Аммо унинг ичидаги асарларда салмоқ бўлмаса-чи? Бугун нашриётлар томонидан чоп этилаётган китобларнинг ҳаммасини ҳам талабга жавоб беради, деб айтолмаймиз-ку…

— Бу “чанг”ни гардюқмас елкаларга қўндирмай қоқиб ташлаш учун дарҳол хусусий наш­риётлар рўкач қилинади. Аслида ундаймас. Хусусий нашриётлар пулни ўзи топади. Бошқалар ўйлаганидай, улар ошиб-тошиб кетгани ҳам йўқ, амал-тақал фаолият юритади. Уларда катта нусхада чоп этилиб, фойда келтирадиган дарсликлар нашри йўқ. Аммо “давлат нашриёти” деб аталмиш муассасанинг иши мушкул. Бундай нашриётларда давлат маблағи нимага сарфланаётганини фақат раҳбариятнинг виждонига ҳавола қилиб қўйиш ўта гўллик бўларди. Бундай идораларда жамоатчилик назоратидан ташқари ижодкорларнинг, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг  ўрни-нуфузини кучайтириш бугун ҳар қачонгидан кўра муҳимроқ. Хусусий нашриётларга эса, банклар томонидан кредитлар ажратилиши, давлат буюртмалари ишониб топширилиши керак. Бир сўз билан айтганда, соҳада ҳали рақобат майдони йўқ, ғовлар эса кўп.

— Сўз ва амал бирлиги, ўйлайманки, адабиётимизнинг равнақи учун хизмат қилади.

— Яқинда америкалик ёзувчи, драматург ва эссенавис Торнтон Уайлдернинг машҳур “Авлиё қирол Людовик кўприги” романининг ўзбек тилидаги нашрига сўзбоши ёзишимга тўғри келиб қолди. Гап шундаки, “XX аср Америка адабиётининг 70та энг яхши романи” сирасига бу асар ҳам киритилган. Рўйхатни кўздан кечирар экансиз, улар орасида ўзбек китобхонларига яхши таниш бўлган О. Генри, Жек Лондон, Фрэнсис Скотт Фицджеральд, Жон Дос Пассос, Теодор Драйзер, Эрнест Хемингуэй, Томас Вулф, Уильям Фолкнер, Уильям Сароян, Рэй Брэдбери, Жон Стейнбек, Марио Пьюзо, Ирвин Шоудан ташқари яна ўнлаб номлар келтирилган. Уларнинг ҳар бири бир олам. Ўнлаб беқиёс асарлар. “Авлиё қирол Людовик кўприги”нинг ўзи бир мўъжиза.

Энди масаланинг иккинчи томони. Барчанинг ҳавасини келтирган америкача турмуш тарзи, “америкача орзу” бўш заминда эмас, илм-фаннинг ҳайратомуз ютуқлари — илмий тафаккур қатори бадиий тафаккур ҳам юксак даражада ривож топиб, Атлантиканинг пурвиқор тўлқинлари сингари теран бадиий тафаккур уммони қаъридан қанот ёзган. Сўз усталари канорасиз уммон ортидан янги-янги адабий оқимларни дунёнинг турли ҳудудларига учирма қилишган. Улар шуъласидан баҳраманд бўлганлар эса, юксалиш орзусидан умрбод воз кечиша олмаган.

 — Давлатимиз раҳбари миллий адабиётимиз олдига қўяётган талаблар, ижодкорларга яратиб берилаётган шарт-шароит,­ китобхонликка, мутолаа маданиятига эътибор ортида буюк адабиёт орзуси бўй кўрсатади.

— Ҳа, албатта. Йигирманчи аср бошида майдонга чиққан футуризм яловбардори Филиппо Томмазо Маринетти: қаршимиздан чиқиб келаётган янги авлод бизни бир четга итқитмасидан бурун ўз вазифамизни адо этайлик, дегани каби ҳар бир авлод ўз вазифасини сидқидилдан бажариши керак.

— Айрим ҳолларда сюжетлар, мавзулар чет эл адиблари ёки ўзимизнинг кекса авлод адиблари ижодидан тап тортмай кўчириб олинмоқда, деган гапларни кўп эшитамиз…

— Илгари ҳам эшитармидингиз?

— Йўқ.

— Ҳа, тўғри. Илгари нашриётларда профессионал, билимдон муҳаррирлар бундай ҳодисаларнинг олдини олишарди. Масалан, “Михаил Шолохов ёки Чингиз Айтматовга ҳавас қилганингиз дуруст, аммо ўзингиз ҳис этган, кўрган-билган нарсаларни ёзинг”, дейишарди. Бундоқ қараганда, “Алкимёгар” сюжети ҳам “Маснавий”дан олинган. Ўзи, умуман, дунё адабиётида бармоқ билан санарли сюжетлар ва сюжет йўналишлари, уларга ўхшатмалар айланиб юрганига гувоҳ бўласиз. Алишер Навоий достонларидаги сюжетлар ҳам шунақа. Аммо, дунё адабиётининг нодир дурдоналарини ўқиб “Э, аввал айтилган гапларни ёзган экан”, дея олмайсиз. Негаки, бундай дурдоналар муаллифлари теран қарашлари, ғоялари бадиий ифодаси учун қобиқдан фойдаланишган, холос. Бадиий жиҳатдан юксак асардан нўноқларча кўчирма олиш ўша асарга беписанд қарашдай гап.

— Долзарб мавзуларга қўл уриб, қоғоз қоралаётган адибларимиз китобларида учраётган ғализликлар-чи…

— Қай бири?

— Шунчалик кўпми?

— Уларнинг кўп-озлиги китобхоннинг дид-савиясига, билимига, маданиятига қараб белгиланади. Масалан, мен “ғичир-ғичир ­тиш”га тегадиган қўшиқлардаги сатрларни ҳарчанд уринганим билан ҳазм этолмайман. Юқорида айтганингиздек, адабиётшунослик, адабий танқидчилик бундай сатрларнинг мазмун-моҳияти, поэтикаси таҳлилига ­бағишланган мақолалари билан ўқувчи-китобхонга ёрдам бериши керак. Мирзо ­Бедил мисралари замиридаги маънолар олами ­халқимиз орасида урф бўлган “бедилхонлик” кечаларида ойдинлашгани сингари замонавий шоирлар ижодига бағишланган адабий мақолаларда, илмий ишларда, эшиттириш ва кўрсатувларда ҳар бир сатрнинг мазмун-моҳиятини — шоирнинг маҳоратини очиб беришга эътибор қаратиш лозим. Насрий ва драматик асарларга, телесериал ва бадиий фильмларга нисбатан ҳам шундай иш тутмоқ жоиз. “Сараги саракка…” деб бошланадиган нақлда айтилганидай, гуручни курмакдан ажратиб олиш керак.

— Ижодкорнинг аъмоли нимада?

— Унинг ижодкор эканида. Масалан, деҳ­қон — энг катта ижодкор. У ушоқдай уруғни ерга қадаб, мўл-кўл неъмат етиштиради. Сўз аҳли, шоир-ёзувчи аъмоли ҳам шундай.
У “офатларнинг талай хили, талай тийнати”га (Евгений Евтушенко) ўзини бериб қўймаслиги орқали бўй кўрсатади.

— Қандай?

— Энг аввало, инсон сифатида, синмасдан.

— Нега бу муҳим?

— Сўз аҳли ҳамиша турфа босимлар остида бўлади. Бундай таъқибнинг асосий қутқулари ботиний тус олмаслиги керак.

— Шу ўринда суҳбатимизга якун ясасак. Мана, энди дам олиш кунида режалаштирган ишларингиз билан машғул бўлишингиз мумкин.

— Иншолло, якшанбагача ҳали яна уч кун бор…

ҲУМОЮН суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг