Жаҳон адабиёти тажрибаси: Танлов масъулият

384

Аргентиналик машҳур адиб Хулио Кортасар бир эссесида: “Мен ўз асарларимга нафақат одамларни, балки жониворларни ҳам қаҳрамон қилиб олганман. Бундай ҳолларда ё жониворлар тимсолида инсонни кўрганман, ё жонивор назари билан инсонга боққанман”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, Кортасар ўз устози деб билган, шахси ҳам, ижоди ҳам сирга бурканган америкалик адиб Эдгар Аллан Понинг “Оломон одами” ҳикоясидан аёнки, бир инсоннинг қалбини англай деб уни қадам-бақадам кузатиш бениҳоя қийин юмуш. Ундан қарийб бир аср кейин яшаган италиялик машҳур адиб Луижи Пиранделло эса “От бўлиш бахти” ҳикоясида инсон руҳиятига қаровсиз қолган қари от тимсоли орқали хийла осон йўл топган.

Кортасар бисотида қисса даражасидаги йирик ҳажмли ҳикоялар озмунча эмас. Аммо лотин америкалик салафлари орасида алоҳида эъзозлаган ватандоши Хорхе Луис Борхеснинг бутун бошли романга татигулик кичик ҳикояларига уйқаш мўъжаз битиклари ҳам талай. Энг қизиғи, жониворлар  Кортасарнинг ана шундай ҳикоялари учун “кунда-шунда” тимсоллардир. Буни балки адибнинг узун ҳикояларида психологик,  қисқа ҳикояларида фалсафий руҳ етакчилик қилиши билан изоҳлаб бўлар. Ахир, фалсафийлик ривоятнамо шаклга мойиллик сезиши ҳеч кимга сир эмас-ку! Ривоятнамо шаклга эса жониворлар тимсоли  узукка кўз қўйгандек ярашиб тушади.

Кортасарнинг “Гувоҳлар” деган шундай бир ҳикояси қаҳрамони энг ҳақир жонивор – пашша эканига нима дейсиз?!  Келинг, ҳикоя фабуласини бир қур ёдга олайлик: ахир, кафтдеккина ҳикоя баёни қанчаям вақтни оларди…

Воқеа Фотерингем хонимга қарашли пансион мижозларидан бири – муаллиф ҳатто исмини ҳам зикр этмаган оддийгина йигит тилидан ҳикоя қилинади. Пансионнинг торгина бир хонасига биқиниб олиб, буюк инглиз адиби Чарльз Диккенснинг машҳур “Оливер Твист”ини бош кўтармай мутолаа қилаётган бу йигит диққати бир дам чалғийди-ю, боши узра ғўнғиллаб учаётган учта пашшага кўзи тушади. Улардан иккитаси оёқларини пастга қаратиб, юзтубан учар, биттаси эса, аксинча, оёқларини тепага қилиб, чалқанча парвоз этарди. Қаҳрамонимиз аввалига бу пашша тентак бўлса керак-ов, ё мияси лат еган чиқар, деб тахмин қилади. Бироқ зингил солиб қараса, тўрт мучаси соғ: тетик ва қувноқ. Унинг анов иккисидан фарқи бошқача учишида, холос.

Бирдан йигитда бу ғалати ҳодисани обдон ўрганиб, илмий жамоатчиликка етказиш истаги пайдо бўлади. Чатоқ томони шуки, Фотерингем хонимнинг айтишича, пашша зоти ўн-ўн беш кундан ортиқ яшамас эмиш. Ҳашароти тушмагур ҳозиргача умрининг бир қисмини яшаб қўйган бўлса-чи? Демак, ҳар лаҳзани ғанимат билмоқ, тажрибага шитоб киришмоқ лозим. Бир қарорга келган қаҳрамонимиз антиқа пашшани шерикларидан ажратиб, синчиклаб ўрганишга шўнғиб кетади. Яқин масофада туриб тажриба ўтказиш ва шу йўл билан илмий маълумотлар йиғиш учун картондан турли катталикда қутилар ясайдики, бу қутилар русларнинг “матрёшка” деб аталувчи ўйинчоғи каби бир-бирининг ичига осонгина жойлаша олади. “Тадқиқотчи”миз шу тариқа  пашшани аста-секинлик билан энг катта қутидан энг кичик қутига ҳайдаб киритади. Энди ҳашаротни бир қарич ердан туриб кузатса бўлар, унинг ҳар бир ҳаракатини кундаликка муҳрлаш мумкин эди.

Бу жараёнда йигитни пашша ҳар дақиқада ўлиб қолиши мумкин, деган фикр ақлдан оздираёзади. Демак, унинг кашфиётини тасдиқловчи бирор ишончли гувоҳ керак, бу гувоҳ эса  дўсти Поланкодан бўлак яна ким бўлиши мумкин?! Шуниси қизиқки, у шамолдек беқўним Поланкони аранг топиб, хонасига судраганида дўсти турган жойидан бир қадам ҳам жилмайди. “Бу ишингдан наф йўқ, оғайни, – дейди у насиҳатомуз оҳангда. – Ҳикоянгни тинглаб, келган хулосам шу: чаппа учаётган, аслида, сенинг пашшанг эмас, бошқа пашшалар. Аввалига бари оёқларини тепага қилиб, чалқанча парвоз этган. Сўнгра эса оёқларини пастга қилиб, юзтубан учишга ўтишган. Ёлғиз сенинг пашшанг аслига содиқ қолган. Энди айт-чи, мана шу ҳақиқатни исботлаб бўладими ўзи?!  Кел, яхшиси хонангни картон қутилардан тозалашга қарашиб юборай. Йўқса, сени пансиондан қувиб солишлари турган гап. Хўш, нима дединг?” Кортасар ўз қаҳрамонини шу саволга ҳайрон жавоб излаётган бир алфозда тарк этади.

Кортасар “Гувоҳлар” ҳикоясида бугунги постиндустриал дунёнинг абсурд муҳитида ёлғизланиб қолган инсон фожиасини кинояга қоришиқ  дард билан кўтариб чиқди, десак хато бўлмас. Аммо шу хулосанинг ўзи билангина кифояланиб қўя қолиш ҳам нодуруст. Шундай қилсак, айни ғояни янада бойитувчи не-не фикрлар ҳикоя қатларига кўмилганча қолаверади. Демак, муаллиф ўқувчини постмодернча ўйинга тортиш маҳали сир пардасига ўраган баъзи тафсилларга очқич излаймиз.

Бунинг учун, аввало, Кортасар услубининг икки муҳим жиҳати – фантас­тиклик ва интеллектуалликка диққатни қаратмоқ лозим. Кортасар фантастиклик деганда одатдан ташқари, ақлга сиғмас ҳар қандай ҳодисани назарда тутади. Ҳикояда йигитнинг кўзи, икки ҳамроҳидан фарқли ўлароқ, оёқларини тепага қилиб, чалқанча учаётган пашшага тушиши билан энди воқелик фантастик тус олади.  Шундан кейинги барча воқеалар ҳам ана шу мантиқ ипига тизилади. Муаллиф ўз бадиий ниятига мос тимсол қидириб, нега айнан пашшада тўхталди, деган савол қўйилганда эса  интеллектуаллик юзага қалқийди. Кортасар бу ўринда ўқувчини кишилик жамиятининг қадимий дунёқараши – мифология билан имтиҳон қилади гўё. Зеро, мифик тасаввурларга кўра, жимит ва иркит ҳашарот – пашша тубан дунё кучларининг  мужассам тимсолидир. Шу тимсолнинг асотирий маъно қатламларига етаклаш асносида  Кортасар  ўқувчини бугунги глобал маънавий таназзулдан баҳс очмоққа чорлайди.

Йигит буюк инглиз адиби Чарльз Диккенснинг машҳур “Оливер Твист”ини мутолаа этаётган, олчоқ Сайкс мазлума Ненсини ўлдирмоққа шайланган  231-бетга етган бир пайтда анов пашшага кўзи тушиши-чи, бунда қандай интеллектуал ишора бор? Чарльз Диккенс бутун умр бўйи бир эътиқодда собит турган: у инсонда ҳар қачон маънавий қайта туғилиш имкони бор, деб қатъий ишонган. Бўғзигача тубанликка ботган палид кимса ҳам бир кун шу ботқоқдан чиқишга қодир, деб ҳисоблаган у. Адибнинг энг сара асари “Оливер Твист” ҳам ана шу эътиқод рукнлари устида барпо бўлган. Хуллас, Кортасар Диккенс гуманизмига ишора орқали постмодернча эклектикага таяниб, икки ўзаро зид ҳодиса – тушкунлик ва ҳаётбахшликни бир-бирига пайвандлайди.  231-бетдаги таъкидда эса қадимги юнон файласуфи Пифагорнинг рақамлар назариясига ишора бор. Пифагорчилар дастлабки тўртта сонга, айниқса, хосиятли деб қарашган. Шу тўрт соннинг кетма-кет бирикуви, яъни 1+2+3+4 дан 10 ҳосил бўладики, бу рақам Коинотнинг ҳам моддий, ҳам маънавий яхлитлиги, бирлигини ифодалайди. Шу тўрт соннинг кетма-кет бирикувида, айниқса, 4 нинг мавқеи юқори, дейди Пифагор. Чунки бу сон моҳиятан интеллектуал бўлиб, у тартибни юзага келтиради. Бироқ “Оливер Твист”нинг 231-бети билан боғлиқ тафсилда ҳалқа 4 га етганда узилиб қолади. Бундан эса бугунги постиндустриал дунё ақлга мувофиқликдан, демакки, тартиб-уйғунликдан мосуво, деган хулоса ясаш мумкин. Юқоридаги уч рақам орасида 2 нинг олдинги сафга чиққани ҳам яна бир салбий аломат. Зеро, пифагорчилар 2 га зиддиятлар манбаи деб қараган. У тенгсизлик, беқарорлик, зўравонлик рамзидир.

Айни жумбоқларга жавоб топган заҳотимизоқ биз яна талай саволлар қуршовида қоламиз. Нега антиқа пашшани Фотерингем хоним пансионининг шу қўноғигина пайқади? Хўш, нега энди бошқа биров эмас? Шу ўринда Поланконинг ҳикоя сўнгидаги аччиқ эътирофини яна бир бор ёдга олмоққа эҳтиёж бор. Аввал ҳамма пашшалар ҳам чалқанча, яъни кўзини осмонга қадаб парвоз қилган. Кейин эса юзтубан, кўзини ерга қадаб учишга ўтган. Самовий орзулардан қурсоқ қайғуси қадар тубанлашган одамзод тақдирининг худди ўзгинаси эмасми бу?!  Бинобарин, кўзи мудом ерга қадалган мардум бошлар узра қанот қоққан пашшани қайдан ҳам кўрсин! Қаҳрамонимизнинг эса бундайлардан фарқи шуки, у Ер юзига илк қадам босган Одам Ато каби атроф-теваракка кашфиётчи назари билан боқади.

 Яна бир савол:  йигитнинг пашша устидаги тажрибаси нега Фотерингем хоним ва унинг пансионати аҳлида бу қадар ҳадик уйғотди? Нега пансион соҳибаси полиция чақириб, тажрибани тўхтатмоқчи бўлди? Нега пансион мижозлари йигитнинг эшиги  олдида норози бўлиб тўдалашди? Биз бу ўринда “тўда” сўзини тасодифан қўллаётганимиз йўқ. Юқоридаги ҳол Кортасарга асрдош испан файласуфи Хосе Ортега-и-Гассет асарининг номи билан айтилса, тўда исёни эди. Одатда, тўданинг бир заррасига айланган кимсанинг ҳеч қандай шахсий қарашлари бўлмайди. У ён-атрофидаги барча қавмдошлари каби тўда қарашларига бўйсуниб яшайверади. Бироқ кимки оломондан ажралиб чиқиб, ўз қарашларини шакллантирса, у муқаррар тўданинг ғанимига  айланади. Оломон дарҳол унга қарши курашмоқ учун мушт бўлиб  тугилади. Фотерингем хоним ҳам, пансион аҳли ҳам ана шу тоифадан эди,тамом-вассалом. Таассуфки,  йигит жондош дўстим дея алқаган Поланко ҳам охири шу қавмдан бўлиб чиқди.

Ҳикоя таҳлили бизни қуйидаги хулосага етаклайди: нафсиламри, йигит пашша устида эмас, ўзи устида тажриба ўтказибди. У ўзини атроф-жавонибдаги кимсалар билан қиёслаб, ақл торозисида тортибди. Энди у кейинги ҳаётини белгилаб берадиган экзистенциал танлов қилиши шарт. Бу ёғига қайси йўлдан боради: пансионнинг бош­қа мижозлари сафига қўшилиб, уларнинг ҳар қандай машаққату қаршиликлардан холи умумий, ўнғай ҳақиқатларини сўзсиз қабул қиладими ёки турфа хил машаққату қаршиликлардан чўчимай ўзининг хос, қалтис ҳақиқатларини излаб топадими?  Кортасар ўз қаҳрамони каби ўқувчисини ҳам ана шу танловга юзма-юз қилган кўйи тарк этади. Хўш, сиз – муҳтарам ўқувчи бу икки йўлдан қай бирини танлайсиз? Шуниси аниқки, бу танлов орқали сиз ўзингизни, ўзлигингизни топасиз. Айни чоқда, бани башарнинг эртанги тақдирини ҳам тайин этасиз. Ахир, танлов – масъулиятни зиммага олмоқ дегани. Дарвоқе, бу ёғи энди адабиёт ҳудуди эмас. Чунки шу ерда адабиёт тугайди ва ҳаёт бошланади.

Муҳиддин  РАҲИМ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг