Зулхумор ОРИФЖОНОВА: Сўзларимга бераман сайқал

222

Ният

Бугун ёмғир ёғди отажон,

Чиройлироқ бўлгандай шаҳар.

Булутларга яқиндан боқиб,

Сўзларимга бераман сайқал.

 

Узоқлардан кўринур қишлоқ,

Кўз олдимда нигоҳингиз ҳам.

Юрагимни хавотир босар,

Далангиз сув босмадимикан?

 

Йўқолади барча шодликлар,

Ёмғирни севардим илгари.

Соябон кетади тойиниб,

Қўлимдан, орзулар сингари.

 

Тинмади томчилар ўйини,

Тўхтамас булутлар кўз ёши.

Далангиз бағрига бир куни,

Мен олиб бораман қуёшни.

 

Деразам ортида

Қуёшнинг нигоҳи тушганда баргларга,

О, ернинг юзлари ўхшайди дардларга.

Тупроқнинг қўллари меҳнатдан қаварган,

Ариқлар бўйига тераклар қадалган.

 

Ёмғирлар ёғади, томчилар куй чалар,

Толиққан, этаги ҳўл бўлган кўчалар.

 

Деразам ортига боқаман — куз ёнар,

Қўлимда қаламдан тўкилган сўз ёнар.

 

Савол

Кўчаларда чироқлар ёниқ,

Аммо туннинг ваҳми хонамда.

Қуёшимни соғинганимни,

Ҳатто айтолмадим онамга.

 

Ҳар кунгидек шовқинмас ҳаёт,

Чигирткалар куйламас нега?

Йўллардаги ёруғ ёғдулар,

Сохталикни эслатар менга.

 

Кўкка боқиб турибман ногоҳ,

Кўзларимда юлдузлар рақси.

Юрагимга қалаган олов,

Сенмасми?

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг