Ҳаётсевар ижодкор

273

Нурота тоғлари бағрида қақнусдек ёниб куйлаган бахши Раҳматулла Юсуф ўғлининг: “Кўнгил – гул тухумига, унинг софлиги шу тухум нишига  ўхшайди. Ниш омон бўлса, тухум униб-ўсади, барг ёзади, гул очади. Аксинча бўлса, қаро ерда чириб, соб-тамом бўлади. Ёдда тут, кўнгилни тоза тутмасанг, ниши синган гул тухумидан фарқинг йўқ: униб-ўсмайсан, қадр топмайсан”, деган сўзлари бот-бот ёдимга келади. Шоир ва журналист Темур Убайдулло покиза кўнгил соҳиби бўлгани туфайли униб-ўсган, қадр топган ҳаётсевар ижодкордир.

Тошкентнинг Тансиқбоев мавзеси ўрнида жойлашган “Қайилма” маҳалласининг боғ-роғли ҳовлисида дунёга келган Темур аканинг бадиий адабиётга ихлос қўйишига у туғилиб-ўсган ўша чорси ҳовли, шу ҳовлини ватан тутган оила меҳри сабаб бўлган эса ажабмас!

Темур Убайдуллонинг шоир ва носир бўлиб шаклланишида Зангиота тумани ўқувчилар саройида ҳассос шоир Хайриддин Салоҳ ташкил этган ёш ижодкорлар тўгараги алоҳида алоҳида аҳамият касб этган. Тўгаракни бошқаришда таниқли шоир Юсуф Шомансур ҳам иштирок этарди. Ёш Темур дўстлари Шавкат Туроб, Абдулҳай Носир билан бирга бу даргоҳда одам ва оламни тимсоллар воситасида кашф этиш сирларини ўрганди. Темур Убайдулло кейинчалик “Излар ва ҳислар” номли эссесида мазкур адабий тўгарак ва унинг асосчиси Хайриддин Салоҳни беҳад миннатдорлик билан ёдга олган.

Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаб, илк бор “Гулхан” журналига мусаҳҳиҳ бўлиб ишга келган Темур Убайдулло сўнгра бир неча матбуот нашрларида хизмат қилди, қаерда ишламасин, адабиёт, фан ва санъат дарғалари сабоғини олишга интилди. Қатағонлар чиғириғидан ўтган Шуҳрат домла, мумтоз адабиётимизнинг нуктадон тадқиқотчиси Тўхтасин Жалолов, халқ бадиий ижодиёти билимдони Малик Муродов билан гурунглар беиз кетган дейсизми?!

Таниқли журналист Тўлқин Қозоқбоев таклифи билан “Тошкент оқшоми” газетасида иш бошлагач, айниқса, даврнинг долзарб муаммоларига бағишлаб талай ўқишли мақолалар ёзди. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида “Тошкент оқшоми” газетасида “Бир асар тарихи” рукнида адабиётимиз тарихида ўчмас из қолдирган боқий романлар, драмалар, достонлар, шунингдек, халқимизнинг кўнгил мулкига айланган қўшиқлар, куйлар, рақслар ҳамда кинофильмларнинг яратилиш жараёни ҳақидаги мақолалар босилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Янги қизиқарли факт ва таҳлилларга бой бу туркум бадиалардан кейинчалик “Сарғаймас саҳифалар” (1991) ва “Юлдузли маржонлар” (2003) номли китоблар таркиб топди. Темур Убайдуллонинг “Гўрўғли”, “Манас”, “Шоҳнома”, “Хамса” каби буюк адабий обидалар, “Ўткан кунлар”, “Бой ила хизматчи”, “Судхўрнинг ўлими”, “Навоий”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Синчалак”, “Фарғона тонг отгунча”, “Икки эшик ораси” сингари ўлмас асарлар, “Тановор” ва “Муножот” куйлари, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмлари, “Қиёмат қарз”, “Отелло”, “Юрак сирлари” спектаклларининг яратилиш тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи мақолаларини ана шу китоблардан ўқиб чиққач, уларнинг жанрий мансубиятини “илмий бадиалар”, ижодкорнинг ўзини эса “илмий журналист” деб атагим келди.

Темур Убайдуллонинг “Ишқ бизга ёрдир” номли шеърий тўпламида (2011) софтийнатли инсонларнинг жозиб қалб манзаралари чизилган. Шунингдек, ҳижрон мавзусида битилган шеърлар ҳам анчагина:

Тақдирнинг зарбидан маҳзун навоман,

Василам, васлингдан бевақт жудоман…

Саҳар саболардан сўрайман сени,

Эй ёр, қаердасан деган садоман.

Армонга қоришиқ ҳажрнинг бу дардчил ифодаси фоний дунё бебақолигига ишорадек гўё…

Қайд этиш жоизки, Темур Убайдулло наинки назм, балки насрда ҳам дурустгина ижод қилмоқда. Унинг 2014 йили чоп этилган “Пастлаб учган турналар” тўпламига жамланган ҳикоялар тилининг равонлиги ва тасвирнинг ҳаётийлиги билан диққатга молик. Бунда Темур Убайдуллонинг узоқ йиллар матбуотда ишлаб орттирган тажрибалари қўл келган, албатта. “Гулхан” журнали, “Тонг юлдузи”, “Тошкент оқшоми”, “Ишонч”, “Нуроний” газеталарида хизмат қилгандаги сон-саноқсиз хизмат сафарлари уни қанчадан-қанча инсоний тақдирларга, қалб кечинмаларига рўбарў қилмаган, ахир!

Темур Убайдуллонинг ижодий фаолияти муносиб баҳоланиб, у 1998 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист унвони соҳиби бўлди.

Қутлуғ ёшини қаршилаётган Темур Убайдулло бугун бир неча назмий ва насрий тўпламларини нашрга тайёрлаш билан банд. Шундай айём кунлари унга қарата “Ҳорманг, Темур ака!” деймиз.

Маматқул ЖЎРАЕВ, филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг