Илм аҳли саодати

188

Яратганга чексиз ҳамд ва санолар бўлсинки, бугун Ўзбекистонимизда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Дунё аҳли Ўзбекистонга катта қизиқиш ва ҳавас билан қараётгани бор ҳақиқат.

Муҳтарам Президентимизнинг шаҳарчамизга ташрифи чоғида билдирган фикр-мулоҳазаларини тинглаб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Чунки бу сўзлар замирида Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги, фарзандларимиз келажаги учун ғамхўрлик, юртнинг эртаси учун улкан масъулият мужассам. Юртбошимизнинг, шиддат билан ўзгараётган дунёда, эрта бизнинг ўрнимиз қандай бўлади? Нима қилсак фарзандларимизнинг келажаги ёруғ бўлади, каби саволлари аслида халқимиз қалбидаги гаплардир.

Президентимизнинг муқобил энергия турларидан фойдаланиш, бунинг учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳақидаги фикрлари бевосита юртимиз муаммолари, келажагимизга дахлдордир. Бугунги давр ҳар қандай мамлакат олдига нефть, газ, кўмир каби қайта тикланмайдиган энергия манбаларини тежаш, ресурсларнинг муқобилидан фойдаланган ҳолда иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш талабини қўймоқда. Жаҳоннинг барча мамлакатларида аҳвол шундай. Масалан, “қора олтин” саналмиш нефтга бой Саудия Арабистони яқин йиллар ичида мамлакатнинг нефтга боғлиқлигидан қутулиш режасини эълон қилди. Ушбу режани амалга ошириш учун «2030 йил    манзараси» деб номланган иқтисодий ислоҳотлар       лойиҳаси маъқулланди. Унга кўра, 2030 йилга бориб  нефт ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган соҳалардан     олинадиган даромадларни кескин ошириш мўлжалланган. Ана шу мақсад йўлида дастлабки беш йилнинг ўзидаёқ юқори натижаларга эришиш кўзда тутилаётган экан.

Жазирама саҳро бағридаги мамлакатнинг тараққиёт дастури билан танишар эканмиз, жаннатмонанд юртимиз имкониятларининг қанчалик юксак эканлиги ҳақида беихтиёр ўйлаб қоламиз. Муҳтарам Президентимиз, “Агар биз илмга асосланмасак, ҳақиқий ривожланиш бўлмайди”, дея қайта-қайта такрорлайдилар. “Ўтган чорак аср мобайнида бирорта илм-фан йўналиши бўйича бизда ўзгариш йўқ, бирорта фан йўналиши бўйича мактаб ярата олмадик”, дея куюнчаклик билан айтган сўзлари нафақат илм аҳлининг, балки ҳар бир ўзбекнинг, юртдошларимизнинг юрагидаги дардлардир.

Келинг, биргина бизнинг соҳамиздан мисол келтирай: Ҳурматли Юртбошимиз ташаббуслари билан қорилар мусобақаси ташкил этилгани жуда улуғ иш бўлди. Мусобақа ғолиби Йўлдош қори Президент мукофотини олганда, “Отам қани, устозим қани? Чақиринглар, бу мукофот уларники”,  деганида кўзига ёш олмаган одам қолмади. Мана, нима учун муҳтарам Юртбошимиз “Қуръон ўқиш бизнинг маънавиятимиз ва маърифатимиз”, деганлар. Демак, Аллоҳнинг каломини ўқиган инсон отасига ва устозига раҳмат олиб келади. Уларни ҳурмат қиладиган, бор яхшилигини, ютуқларини бағишлайдиган, одоб ва ахлоқ эгаси бўлган фарзандни тарбиялашга мувофиқ бўларканмиз. Бундай фарзанд­лар оиласига ва Ватанга садоқатли бўлиб етишадилар. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз, “Қуръонни халқимизга эшиттира олсак, катта ютуғимиз”, деганлар. Президентимизнинг мана шу сўзлари замирида жуда катта ҳикмат мужассам. Негаки, диний ва дунёвий илмлар ўртасига сунъий ғов қўйиш ўтган даҳрийлик даврининг иллати эканини ҳануз кўпчилик билмайди. Шу ўринда номдор олим Алберт Эйнштейннинг: «Фан – динсиз кўр, дин – фансиз чўлоқ» деган сўзларини эсга олиш жоиз. Қолаверса, ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни пухта эгаллаган Форобий, Фарғоний, Хоразмий, Ибн Сино, Термизий, Беруний, Насафий, Мирзо Улуғбек, Алихонтўра Соғуний каби жуда кўплаб улуғ олимлар, буюк аждодларимизнинг ҳаёти бутун дунё аҳлига ўрнакдир.

Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари Мирзо Улуғбек қўрғонини олимлар шаҳарчасига айлантириш, илмий фаолият учун муносиб шароитлар яратиш тўғрисида қимматли фикрларини билдирдилар. Улуғбек шаҳарчасининг Бош режасини ишлаб чиқиш, ўқув бинолари ва лабораторияларни жаҳон стандартлари асосида қуриш, энг замонавий технологиялар билан жиҳозлаш зарурлигини таъкидладилар. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, бугун юртимизда диний ва энг замонавий дунёвий илмларни пухта эгаллаш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, аксинча чорлов бор, имконият ва рағбат бор. Юзлаб олий ўқув юртлари, ҳатто нуфузли хорижий билим даргоҳларининг филиаллари очиб қўйилган. Китоб-дарсликлар чоп этилиб турибди. Жаҳондаги жамики илмларни жамлаган бепоён Интернет тизимига кириш имконияти бор. Хоҳ диний, хоҳ дунёвий йўналишда бўлсин, илм аҳлининг аҳволидан бохабар бўлиш муҳтарам Юртбошимизнинг доимий эътиборида эканлигидан халқимиз беҳад миннатдор бўлмоқда. Ислом динида Пайғамбар (САВ) ҳадисларига кўра: “…Амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир” – дейилади. Юрт раҳбарининг юксак эътибори – илм аҳли учун саодатдир. Илм ва олим қадр топган эл-юрт, иншооллоҳ, обод ва фаровон бўлажак.

Шу ўринда миллатимиз номини дунёга таратган улуғ олим Мирзо Улуғбек билан боғлиқ яна бир ривоят эсга тушади:

Мирзо Улуғбекдан, “Сиз нега сиёсатдан кўра илмга кўпроқ қизиққансиз?” – деб сўраганларида, ул зот шундай жавоб берган эканлар: “Мен илмнинг қудратини бобомдан билдим. Бир сафар бобомнинг тиззасида ўтирар эдим. Баногоҳ ҳузури муборакка бир киши кирди. Бобом шошиб ўрнидан турди. Мен унинг тиззасидан тушиб кетдим. Бобом бунга парво ҳам қилмасдан, ҳалиги одамни қарши олишга ошиқди. Ке­йин билсам, ўша киши бобомга бир пайтлар илм ўргатган устози экан. Олимлик мартабаси подшоликдан ҳам улуғроқ эканини ўшанда билганман. Шунда кўнглимда олим бўлиш ҳаваси уйғонган эди…”

Шундай тинч ва жаннатмонанд юртни, бошқалар ҳавас қиладиган ҳаётни, ­“Китоб ўқинг”, дейдиган Юртбошини ато этган Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин. Яратганнинг Ўзи юртимизни ҳар қандай ёмонликлардан асрасин! Юртдошларимизга берилаётган бу неъматларга шукрона қилган ҳолда яна ҳам кўпроқ яхшиликларга етишни насиб қилсин!

Муҳаммаджон ОТАБОЕВ,

Мирзо Улуғбек шаҳарчасидаги “Дорул омон” жомеъ масжиди имом хатиби

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг