Сўнмас маёқ

191

Халқимиз, бутун тараққийпарвар инсоният атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлашга катта тараддуд кўраётир. Улуғ тўй арафасида ёзувчининг буюк тарихимиз ва шавкатли аждодларимиз, бугунги Ўзбекистон ҳақидаги чиқишлари, дунё минбарлари орқали янграган нутқлари биз учун катта аҳамиятга эгадир. Шу муносабат билан Чингиз Айтматовнинг 1996 йил 24 октябрда Тошкентдаги “Туркистон” саройида “Амир Темур ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрни” мавзуидаги халқаро илмий анжуманда сўзлаган нутқини газетхонлар эътиборига ҳавола қилмоқдамиз. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев рус тилидан таржима қилган.

Дунёнинг борди-келдисидан бохабар одамлар биладиларки, вақт ўтиши билан илгари байроқ қилинган қадриятлар ҳам ўзгаради, унутилади. Ҳатто замонининг ютуқ деб ҳисобланган воқеа ҳамда хулосалари ҳам ёддан чиқади. Бу – одатий ҳол. Назаримда, мен ҳам умрим давомида унча-мунча нарсани кўрдим. Аммо шу онда шу қадар ҳайратдаман ва ифтихор туйғуларидан тўлиб тошаётирманки, биздан бениҳоя узоқ даврда яшаб ўтган бир инсон рўпарамда бутун салобати билан қад кериб, ҳатто янги бир сифатларини намоён қилиб, қадриятимизнинг туғидек турибди.

Ўзбек “темуршунослиги” кечаги кунларимизга ҳам, бугунимизга ҳам дафъатан бошқача қарашга мажбур этди ва мен шунга амин бўлдимки, Амир Темурнинг сирли сиймоси умумбашарий кўламда, хусусан, туркийзабон эл-элатлар нигоҳида тарихлардан устун даражадаги бир тимсол бўлиб қолди.

Бу инсон — ҳаммамиз учун умумтурк ватанпарварлигининг ўлчови- мезони экан.

Мен худди шу хусусида бир-икки сўз айтмоқчиман. Амир Темурнинг мавжудлиги шундан далолат берадики, бу ҳаёт ўз қаърида айрим инсонларга хос буюк қудратларни яширин сақлар экан. Айниқса, ўша инсонлар тарихнинг ғилдирагини силжитиб, қисматларнинг ўзгаришига боис бўлғувси улуғ воқеаларга, жумладан, ҳам сиёсий, ҳам маданий ўзгаришларга сабаб бўлса!

Гўёки ўтмишнинг куч-қудрати ўзгариб, бугунги кунга ўтаркан, ўтганда ҳам руҳий ва жисмоний қудрат бўлиб ўтар экан. Бу ҳол шундай замонда содир бўларканки, агар янги авлод шундай куч ва қудратга муҳтожлик сезса, ҳаёт тарзининг миллий ва башарий поғоналарга чиқишига эҳтиёж сезса! Шу ўринда яна таъкидламоқ лозим ва Темурнинг руҳи шундан далолат берадики, ўшандай куч-қудратга беихтиёр эҳтиёж туғилган эди. Айни шу эҳтиёжнинг ўзи Амир Темур меросининг ҳаётдаги ўрнини белгилайди.

Хуллас, Турон минтақасидаги бу табаррук сана – Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ҳаммамизнинг тилимизда: Темур бобомиз дунёвий анъанага кўра – гоҳ Темурланг, гоҳ оқсоқ Темур деб аталган; аммо барча юртларда, хусусан, миллий мустақилликка етишган Марказий Осиё мамлакатларида Улуғ Темур – Буюк Темур деб тилга олинаётир.

Худди шу нуқтада Темур давридаги тараққиётнинг — ренессанснинг моҳияти намоён бўлаётир, айниқса, замонавий Ўзбекистон — Туркистонда; бу тўғрида бутун дунё мамнуният билан сўзламоқда, иқрор бўлмоқда.

Биз ўзбек қардошларимизга айни мана шу борада ўз миннатдорлигимизни жами туркийзабонлар номидан билдирмоқчимиз. Илло, миллий қаҳрамонга бу қадар иззат-икром, миллий қаҳрамон билан бу қадар фахрланишни ҳалигача кўрмаган эдик.

Ўзбек халқининг “темуршунос­лик”да намоён бўлган ватанпарварлиги нафақат замонавий миллий ўз-ўзини англашда кўринаётир, балки турк дунёсининг бу йўриғдаги иқрорини ҳам аён қилаётирки, бунда энг зўр инсоний эътиқодлар биздан дун­ёга балқиб чиқаётир! Бизнинг энг муҳим қадриятимиз, байроғимиз, рамзимиз ҳам шудир…

Холис фикр юритганда, Амир Темур мозийда қандай бўлган бўлса, шу ҳолда қолиб келаяпти. Аммо дадил айтиш мумкинки, у туташмайдиган нуқталарни ўзида туташтирган, яъни миллий қаҳрамон бўлиши билан бирга миллатнинг донишманди ҳам экан! Ҳар икки ҳолда ҳам Амур Темур улкан идрок соҳиби — ўз замонасининг барча илмларидан бохабар зот бўлган экан!

У буюк давлат арбобига хос тадбиркорликни ҳам, ҳарбий тафаккурни ҳам, олдинни кўра олиш иқтидорини ҳам, руҳонийлигу ислоҳотчиликни ҳам ўзида мужассам этган экан. Унинг ке­йинги дунё тараққиётига таъсири шубҳасиздир.

Кимлардир расадхона гумбази остида дунёни фикр қила олиши учун кимлардир ер чопиши, шаҳарлар қуриши, илм-фанни ўстириши лозим, ва яна кимлардир қабилавий-уруғчиликка хос айирмачиликларни бартараф этиши, инсон табиатига хос ҳавойиликни тартибга солиши, бошқача қилиб айтганда, давлатни ўз қўлида тутиши, бугун ва эртанги кун учун хизмат қилиши лозим. Шу маънода Амир Темур – инсон қудрати нечоғлик буюк эканини намойиш қилган тансиқ зотлардан биридир.

Энди Туркистон халқлари, уларнинг тарихий йўли, нимаси бор эдию нимага эришгани ҳақида фикр юритадиган бўлсак, айни Амир Темурнинг ўзи булар бошини қовуштиргувчи ота бўлгани, 14-15 асрдек тало­тўпларга тўла бир замонда маданий бир салтанатга асос солгани, чингизийлар ҳукмронлигидан Ватанни халос этгани, бу мустабидлик соясида қолиб келаётган туркийларнинг ақлий-ижодий имкониятларини юзага чиқаргани ҳақида ифтихор ила сўзламак лозим.

Мана, ўшандан буён неча асрлар ўтди. Бугунги кунга келиб, Амир Темурнинг даврини қайтадан кашф этаётирмиз, ўй-хаёлларимиз уфқида у маёқ бўлиб порлаётир, ҳар бир эл-элат ўз қисмати тонгида унинг қуёшдек сиймосини кўраётир. Илло, қаршимизда буюк тарихий қудрат намоёндирки, унинг Марказий Осиё давлатлари учун долзарб қудрат-эҳтиёж экани кундай равшан. Ахир шу “афсонавий” шахснинг саъй-ҳаракати, лозим бўлганда, мажбур этиши оқибатида биз Туркистон халқлари асрий қолоқлик ботқоғидан қутулдик, ўз ривожимиз учун маданий тараққиёт йўлига кирдик.

Ҳа, Амир Темурнинг афсонавий қудратига тан бермаслик гуноҳ бўлади. Бироқ бундан бошқа жиҳатлари ҳам борки, улар билан фахрланмаслик ҳам гуноҳдир: улар – илмий, маданий, жуғрофий-сиёсий мақомга эгадирки, худди шу жиҳатлар менинг қалбимга яқин.

Биз бугун тарих кўзгусида Амир Темурнинг сиймосини кўриб, унга ҳавас-ла боқар эканмиз, унинг ортидан Шарқ деган улкан минтақанинг ўша даврларга хос ғалоғовурини эшитамиз: бу садолардан буюк ўзгаришларнинг нафаси келади; буюк фожиалар ва тантаналар саси келади – яъни бу рубъи маскунда инсон ҳаётига хос барча садолар эшитилади. Бу хатти-ҳаракатлар ҳам маданий, ҳам сиёсий, ҳам диний инқирозни бошидан кечираётган Оврупога ҳам ҳаётбахш таъсир этганини англаймиз. Жумладан, Амир Темурнинг Олтин Ўрда устидан қозонган ғалабаси Рус тупроғини мўғул истибдодидан халос этди, Русга мустақил давлат яратиш имкониятини берди. Темурнинг динларга муносабати ҳам бугунги кунимизда барча эл-элатлар аро шу бобдаги муносабатлар борасида ибрат намунаси бўлиб қолади.

Амир Темурнинг хусусан тил муаммосига муносабати, унга нечоғлик ижодий ёндашганини ҳам алоҳида қайд этишни истардим. Маълумки, ҳар бир тил ўзига хос – ўз эгаси учун қадрли ва инсониятнинг тансиқ бойлигидир, айни чоғда ҳар бирининг ўз қисмати, ўз тақдири бор.

Амир Темур даврида араб ва форс тили билан бир қаторда бизнинг туркий тиллар ҳам майдонга чиқди, гарчи девонда – киборлар даврасида араб ва форс тили муомала воситаси бўлиб қолган эса-да, Амир Темур авлодларининг беҳад чуқур миннатдорлигини яна шунда ҳис қиламизки, у жамият ҳаётида, илм ва санъатда туркий тилларнинг мавқеини кўтарди. Қисқаси, бизнинг бугунги байроқларимиздан бири – давлат тилларимиз –буюк ҳомий, буюк тилшунос Темур бобонинг саъй-ҳаракати маҳсулидир, унинг миллий қадриятларни нақадар устун тутиши, дунёвий фикрлашининг натижасидир. Ҳа, бу жараён Темур даврида бошланган эди. Бизнинг ўзига хос инсонлигимиз далолати бўлмиш тилларимиз учун шунчалар қайғургани учун Амир Темурга бот-бот таъзим қиламан. Шу билан бирга Амир Темурнинг бошқа тилларга, жумладан, ўша араб ва форс тилларига ҳам бир кўз билан қараганига тан бермасдан илож йўқ.

Инсоният истиқбол белгиларини кўрмак учун ўтмишга назар ташлайди. Бугун ҳам халқларимиз тарихда йўқотган кўп қадриятларни инкишоф этаётирмиз, жумладан, буюк Амир Темур фаолиятини қайтадан кашф этдикки, бу ҳол оламни ҳайратга соляпти. Бу – тарихнинг тақозоси эди. Темурни қайта кашф этиш – маёқни ёқиш, янги бир муқаддас санага қадам қўйиш, янги бир йўлга тушиш экан!

Раҳмат, ўзбек оғайнилар. Раҳмат, Амир Темурга кўз солиб, журак ўтин берганинлар учун!

Энди, шаҳрингиздан олган таассуротим ҳақида бир калима гап айтишга рухсат беринг: Тошкент – тобора дунёвий бир шаҳар тусини олиб бораётир. Шу маънода эски мақолни ўзгартириб айтгим келади: менга ўз шаҳрингни кўрсат, мен сенга кимлигингни айтиб бераман.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг