Адабий алоқалар тарихидан

516

Шарқ билан ўарб ўртасидаги маданий алоқалар мавзуси ҳамма даврларда долзарблик касб этган. ўарбнинг асрлар  давомида Шарққа интилиб     яшагани ҳақиқат. Бунга мозийдан мисоллар бисёр. Адабиёт  тарихида ҳам: “Отелло” (Шекспир), “Боязид”(Ж.Расин), “Тангри қамчиси” (К. Марло), “Муҳаммад”, “Заира” (Вольтер), “Мағрибу Машриқ девони” (Гёте), “Шарқ  достонлари” (Байрон), “Шарқ мотивлари”(Гюго), “Форс мактублари” (Монтескьё) асарлари… Буни яна ўарб мамлакатларида миллий қадриятларимизга бағишланган ишлардан ҳам билиш мумкин.

Мисол учун, Ал-Фарғонийнинг фалакиёт илмига оид асарлари арабчадан лотин тилига ўгирилиб (Я.Голиус таржимаси), Амстердамда чоп этилган (1669). Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асари (К.Броккельманн таржимаси) Венгрия Фанлар академиясида тайёрланиб, нашр қилинган. Ҳаким ат-Термизийнинг қўлёзмалари Байрут, Қоҳира, Истанбул, Париж, Берлин кутубхоналарида сақланмоқда. Форобийнинг мусиқа ҳақидаги китоби Париж (1930) ва Лондон (1931)да босилган.

Манбаларда ўзбек-немис адабий алоқалари XIX асрдан бошланган, деган фикрлар айтилган. Тўғри, бу даврларда немис адабий муҳитига “Кутадғу билик”, “Шайбонийнома”, “Ўғизнома, “Муҳаббатнома”, “Шажараи турк”, “Бобурнома” асарлари Вамбери, Броккелман, Пургшталларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Европага кириб келди. Аслида ўзбек-немис адабий алоқаларининг тарихий илдизи Алишер Навоий замонига бориб боғланади.

Умуман, Европада Шарқни ўрганишга мойиллик кучайган даврда Германияда Пургштал, Ҳердер, Гёте, Рюккерт, Вамбери, Курелла “Шарқлашмоғимиз керак!” деган шиор билан чиққан эдилар. Бу саъй-ҳаракат туфайли Шарқнинг “етти буюк аллома”си: Фирдавсий, Анворий, Низомий, Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий ижоди Fарбга кириб келади. Е.Э.Бертельснинг ­фикрича, Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони немис тилига итал­янчадан ўгирилган (Й.Ветцел таржимаси) ва Базелда (1583) чоп этилган. Италян тилига форсча матн асос бўлган.

Германияда ўзбек тили ва адабиётини илмий жиҳатдан ўрганишда “Ўзбек ва янги ўзбек адабиёти”, “Ўзбек ва янги уйғур адабиёти”(Й.Бенцинг) китоблари, “Ўзбек тилида замонавий ижтимоий ҳаёт тушунчаларининг ифодаланиши” мавзусидаги тадқиқот, “Ўзбекистонда халқ маорифи”, “Ўзбекистонда немис тили ўқитилиши”, (Д.Шульц) каби мақолалар характерлидир. Синолог А.Габайн Фитратнинг “Ҳинд истилочилари”ини немисчалаштиради, “Ўзбек тили грамматикаси”ни яратади. Китобга Чўлпон, Н.Раҳимий, ўайратий, Элбек ижодидан намуналар илова қилинган. З.Клайнмиҳелнинг “Ўзбек тилидан машқлар” дарслиги ўша анъананинг давомидир. Тўпламни яратишдан мақсад талабаларнинг ўзбек тилида сўз бойлигини ошириш, оғзаки нутқини ўстиришдан иборат бўлган. Матнларда ўзбек миллий колоритини акс эттирадиган, урф-одатларни ифодалаган сўзлар учрайди.

Шарқшунос А.Шиммел эса, асосан, Ислом олами, сўфий аёллар мавзуси билан шуғулланган. Сўфий аёлларга бағишланган “Жонон менинг жонимда” асарини Й.Парда ўзбек тилига ўгирган. Берлин Фрайе университети туркийшунослик институти ва Ҳумбольдт университети Африка ва Осиё фанлари институтининг кафедралари ўқув  дастурига ўзбек тили киритилган. Б.К.Ҳайнкеле, З.Клайнмиҳель, И.Балдауф сингари олимлар ўзбек тилидан сабоқ беришади. Уларгача Д.Щульц, Г.Ҳазай ва Ҳ.Новка дарс ўтишган.

Немис туркологларининг фидойи вакилларидан бири профессор И.Балдауфнинг фаолияти серқирра. У “Шайтоннинг тангрига исёни” (Фитрат), “Чаён йили”(У. Назаров) асарлари, “Кафансиз кўмилганлар” (Шукрулло) хотира-қиссаси, А.Орипов, Э.Воҳидов шеърларини немис тилига ўгирган. Тадқиқотларида Беҳбудий, Авлоний, Мунаввар қориларнинг ўзбек тили, миллати озодлиги йўлидаги жасоратлари алоҳида эътироф этилган. Бу немис олимининг буюк инсонларни берган ўзбек халқига, маданиятига юксак меҳр-муҳаббати ифодасидир. Унинг жадид адабиётига бағишланган асарлари Олмонияда шуҳрат топди. “Ҳақиқат излаб…”, “Беҳбудий Фаластинда” каби тадқиқотларида ҳам жадид адабиётига эҳтироми яққол сезилиб туради. Олима исломшунослик, тилшунослик, фольклор йўналишларида изчил изланишлар олиб боради. Унинг илмий-ижодий фаолиятини кузатганда  бадиийлик, лиризмдан кўра адабиёт ва тил муаммоларини муҳит, тарих, ижтимоий-сиёсий шарт-шароитлар билан боғлаб ёритишга мойиллик кучлилигига гувоҳ бўламиз.

Мустақиллик йилларида ўзбек-немис адабий алоқаларида туб ўзгаришлар юз берди. Рур театри ва Бремен рақс театри гастроллари уюштирилди. Миллий Академик драма театри “Донишманд Натан” драмасини саҳналаштирди. Бу асар марказида толерантлик ғояси туради. Спектакл Бухоро, Хива, Фарғона, Марғилон шаҳарларида намойиш этилди. Бундай маданий, адабий алоқалар кейинги даврда ҳам изчил давом этиб келаётир. Шу ўринда атоқли шоиримиз Э.Воҳидовнинг қуйидаги даъватини эслаш ўринли: “Гёте Шарқ адабиётини севган, Шарққа мурожаат қилган. Нима учун бугун биз ана шу анъанани давом қилдирмаслигимиз керак?…”. Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ижодкорларимиз, илм аҳли дунёга чиқиш имконига эга бўлдилар. Жумладан, 1995 йили Берлинда ўтган  Ўзбекистон — Германия маданият кунларида қатнашдим. Тадбир доирасида “Ўзбек шоиралари ва ўзбек шеъриятида аёллар образи” мавзусида маъруза қилган З.Клайнмиҳель ўзбек шоирлари О.Матжон, Ҳ.Худойбердиева, У.Отаева ижодидан мисоллар келтириб, шеъриятимиздаги ютуқларни эътироф этди. Хусусан, у Омон Матжоннинг “Аҳмад Яссавийнинг мақбараси пойида ерга юмаланаётган зиёратчи аёлларни кўриб…”, бундан  таъсирланиб ёзган:

Юмалан опажон, юмалан синглим

Улуғ Яссавийнинг хоки пойида.

Кўрса эътиқоднинг боз тирилганин

Руҳи юксалгайдир ётган жойида —

мисралари билан бошланадиган  шеърини алоҳида немис тилида қироат билан ўқиди. Шеър тугаб-тугамай залда жонланиш сезилди. Немислар ҳайрат ва ҳаяжон билан бизни саволларга кўмиб ташлади. Мен уларга шеър фақат сўздан иборат эмас, унинг ботинига муаллифнинг, миллатнинг руҳи, урф-одатлари сингиб кетишини, шу жиҳатларни ҳис қилгандагина шеърни тўла англаш мумкинлигини тушунтиришга уриндим ва ўзбек шоирининг шеъридаги ўзига хосликлар, миллийлик уларнинг  диққатини тортганини англадим.

Дарвоқе, З.Клайнмиҳелнинг айнан шу    шеърни танлаб ўқигани сабаби асарда миллий руҳ, миллий колоритнинг самимий ифодаланганида эди. Зеро, шеърдаги зиёрат чоғи менталитетимизга хос ҳаракат-ҳолатнинг тасвири немислар учун ғайриоддий, экзотик саҳнадек таассурот қолдирган, уларни қизиқтириб қўйган эди. Айни пайтда бу шеърни немис  тилида маромига етказиб ўқиган олиманинг ҳам маҳоратига тан бердик. Яна бир қизиқ ҳолат “қора хол” тимсоли билан боғлиқ. Маълумки, Шарқда  “қора хол” тимсоли гўзаллик белгисидир. Бунга мумтоз Шарқ шеъриятидан    исталганча мисоллар топса бўлади.Чунончи, Ҳофизнинг:

Агар кўнглимни шод этса ўшал Шерози жонони

Қора холига бахш этгум Самарқанду Бухорони —         мисралари бунга ёрқин далил дейиш мумкин.

Энди, немисларнинг бу борадаги қарашига келсак, улар  “хол”ни “қора доғ” деб билишар ва имкон қадар бу доғни жарроҳлик йўли билан бўлса-да йўқотиш керак, дейишаркан. Буни Гёте институтида профессор И.Балдауф билан бўлган мулоқотда билиб олганман. Қизиқ, Шарқда шоир жонон чеҳрасидаги “қора хол”га Самарқанду Бухорони ҳадя этмоқчи бўлса-ю, ўарбда ундан “қора доғ” сифатида қутилишга уринилса. Пародоксал фикр. Мабода шарқона бу тимсолни немисчага “das Muttermal — родинка — хол” деб берилса, Ҳофизнинг гўзал жонони хунук — юзида доғи бор аёлга айланиб қолмайдими?! Албатта, шундай тасаввур туғилади. Худди шу нуқталарда бадиий таржиманинг масъулияти, таржимоннинг маҳорати ва салоҳияти бўй кўрсатиши лозим.

Германияда ҳазрат Навоийнинг 560 ва 575 йиллигига бағишланган Халқаро доирада илмий-назарий симпозиум ўтказилди. Анжуманга немис тилли давлатлардан улуғ ўзбек шоирининг мухлислари, таржимонлари ташриф буюрдилар, анжуман сарҳисоби сифатида “Мир Алишер Навоий” номли тўплам чоп этилди. Тўпламда немис туркологларининг Навоий ҳақидаги мақолалари берилган.  2016 йили бўлиб ўтган “Алишер Навоий ва унинг жаҳон адабиёти ва маданиятига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги Берлин симпозиумида энг кучли хорижий давлатлар илм аҳли қаторида ўзбек олими Ш.Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий ҳаётига қайта назар ёхуд юз йил тузатилмаган хатолар” мавзусидаги маърузаси барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Бугунги кунга келиб адабий алоқаларимиз янги босқичга кўтарилмоқда. Бу ҳаракат ўзбек ва немис халқлари маънавий дунёси ва эстетик дидининг янада бойишига, ижодда ҳам, илмда ҳам ўзаро таъсирланишга ёрдам беради.

Ровияжон АБДУЛЛАЕВА,

филология фанлари номзоди, доцент

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг