Гулистоннинг ижод бўстони

990

Ўзбек ва қорақалпоқ тилларида ижод қилиб келаётган таниқли шоира Гулистон Матёқубова, мана, эллик йилдирки, тинимсиз бадиий ижод билан шуғулланиб элга танилди. Шоира юксак маънавий хислатларга бой, халқимизнинг яратувчилик фаолиятини қамраб олган, давр талабларига жавоб бера оладиган ҳозиржавоб публицистикаси ва нафис поэзияси, достон ва ҳикоялари билан ўқувчилар эътиборини қозонди. Унинг асарларида замон ва маконнинг бадиий умумлашма образлари, нафосатга бой, чуқур ички кечинмалар акс этган ранг-баранглик, хуллас, ижодкор руҳий дунёсининг роҳатбахш қувонч ва ташвишлари ўқувчини ўзига тортади.

Атоқли шоира Зулфиянинг 1993 йили “Гулистоннинг бўстони” мактуб-мақоласи мана шундай сатрлар билан бошланади: “Халқимизда “Тўй ўтар, келин ёнга қолар” деган ажойиб мақол бор. Бугун мен қорақалпоқ дўстларимнинг қайноқ туйғулар билан тақдим этиб кетган янги китобларини ўқишга киришаман. Аҳиллик насаби ғолиб келиб Гулистон Матёқубова билан қалблашишдан бошлайман. Китоб дастлабки саҳифаларданоқ мени қорақалпоқ адабиёти бўстонига илк бошлаб кирган халқ эртаклари, достонлари, айтишувлари, ўланлари кечган қадим ва узун йўлнинг давомига улангандай бўламан.

Гулистоннинг “Мен сен учун яшайман”, “Севиб қолсин” деб аталган китобларини қўлимга оламан. У “Мен сен учун яшайман” китобини “Ўқувчимга” деган гўзал ва бақувват бир шеър билан бошлайди:

Дўстим менинг,
Сенга айтмай кимга айтаман,
Чунки сен қўлингга олиб китобим,
Сатрлар дардига қулоғинг тутиб,
Кўзларинг гоҳ ёниб, гоҳида тиниб,
Кўнгил сирларимни ўқимоқдасан.

Ҳа, ўқимоқдаман. Лекин шу китобга сўзбоши ёзган, Гулистоннинг устозларидан бири, машҳур шоир Иброҳим Юсупов айтганларидек, деразаларини қия очиб қўйиб эмас уларни ёпиб, ҳарир пардаларини ҳам тортиб қўйиб ўқий бошладим…

Интизор туйғулар ўз ифодасини излаб еру осмонаро чарх уриб, яна шоира юрагида қўним топади. Шу туфайли биз туйғулар рост, кечинмалар ўтли, манзаралари гўзал, фикрлари тиниқ, азамат сўзларда сайқал топган шеъриятидан ҳузур қиламиз.

Ҳақиқатан ҳам Гулистоннинг шеърлари чуқур маъноли, ўқувчини мушоҳада ва ҳаяжонга соладиган ижодий изланишлари табиий, ўз ўрнида қўлланилган ҳаётий кечинма-лавҳалар шоирона руҳият билан тўлиб тошган, ўй-фикрларини ўзига хос гўзал ташбеҳлари билан образли шакллантиришлари таҳсинга сазовордир”.

Дарҳақиқат, шоиранинг “Садоқат ва севги” шеъридаги мазкур сатрлар ҳам юқорида айтилган фикрларга далилдир:

Ардоқлади қалбида илк бор,

Ўт ташлаган муҳаббатини,

Қийналса ҳам кутди интизор,

Кўрсатиб чин садоқатини.

Хуллас, шоира лирик қаҳрамонининг севиши ҳам сирли, табассуми ҳам сирли, нозик юришлари ҳам сирли, тўлиб-тошиб ҳаяжонла сўзлашишлари, шўх кулиб боқишларининг ҳам ўхшаши йўқ. Унинг илк шеърларидан бирида маъшуқа ўзи севган йигитига боқиб мени севасанми ёки бу ҳам қалбингда сирми, дея дил розини  нозик оҳангда баён этса, яна бир шеърида: “Сиз ҳам мендек байтларни севинг, то тирикман илҳом ва қалам мени ҳечам тарк этолмайди” дея бонг уради. “Дийдор” шеърида “Солдат ҳақида баллада” фильми таассуротлари асосида, даҳшатли уруш йилларида онанинг аскар ўғли билан буғдойзорда бир зумлик шошилинч учрашувига халақит бермаслигига даъват этиб “Бошингизни эгиб бироз жим бўлинглар, бошоқлар” дея ажо­йиб ташбеҳлар яратади.

Г.Матёқубованинг “Бахт келтирган баҳор”, “Ҳаяжоннинг етти ранги”, “Ойдин остона”, “Мен сен учун яшайман”, “Интизорлик”, “Жайхун ёқасида ўсган бойтерак”, “Муҳаббат юрти”, “Ота уйим”, “Ватан руҳи”, “Уйғониш нашидаси”, “Гулойим” каби китоблари ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида нашр этилгани ҳам эътиборга лойиқ.

Таниқли адабиётшунос Каримбой Қуронбоев истеъдодли шоира ижодини шундай баҳолайди: “Албатта, гап бу ерда ижодий фаоллик ёки сермаҳсулликда эмас. Гап шундаки, ҳар қандай ижодкорнинг ёзувчилик маҳорати, бадиий салоҳияти кўп ёзгани ёки қанча китоб чоп эттиргани билан ўлчанмайди. Балки яратган асарининг бадиий эстетик қиммати, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий, фалсафий қарашларини чуқурлаштиришга таъсир кўрсатгани билан белгиланади. Агар Г.Матёқубова (Аннақиличева) асарларига шу нуқтаи-назардан ёндашсак, аксарияти бадиий ижод қонуниятларига жавоб беради. Ҳар бир асарининг ёки нашрдан чиққан ҳар бир китобининг адабий жамоатчилик, мутахассислар, ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олингани, тақризларда, мақолаларда ижобий баҳолангани, ўйлайманки, фикримни тасдиқлаши мумкин”.

Маълумки, сонет поэзиянинг энг мураккаб жанрларидан бир. Шоиранинг бу жанрдаги ютуғида ғарб адабиёти илғор намояндаларининг ижодини чуқур ўргангани ҳам қўл келган. Унинг сонетларида ўзига хос услуб диққатни тортади:

Қалбингизга чизиларми хотира бўлиб,
Сиз-ла мени учраштирган у бахтли кунлар.
Улар умрим осмонида офтобдай кулиб,
Туман тушган йўлакларга тўкади нурлар.

Гулистон сонетлари билан ҳам  китобхон қалбига йўл топа олгани қуйидаги мисраларда ҳам ўз тасдиғини топган:

Минг оҳ чекиб, юзингизга урилган шамол,
Ерга интиқ тўлиб-тўлиб йиғлаган булут,
Тонгни кўриб юзларини яширган ҳилол,
Қуёш чиққач бари-бари бўлади унут…

Гулистон Матёқубова сайланма асарларининг учинчи жилдидан публицистик асарлари ўрин олган. Унинг Пекинда бўлиб ўтган Бутунжаҳон хотин-қизларининг IV конференцияси таассуротлари асосида ёзилган “Юрт бахтини айтгани бордим…” ва Истанбулда бўлиб ўтган Халқаро анжуман таассуротлари баён этилган “Насл-насабли юрт фарзандларимиз” сарлавҳали публицистик мақолаларида Ўзбекистон хотин-қизларининг жамиятдаги муносиб ўрни, мустақиллик туфайли эришилаётган улкан ютуқлар, ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилинади. Энг муҳими, оналик бахтини юракдан ҳис этаётган бахтли аёл тимсолида муаллиф ўзининг салмоқли қалб сўзларини изҳор этади.

“Мустақиллик иқбол бўлди…” мақоласида эса Истиқлол ғояларига садоқат, Ватанга  юксак меҳр-муҳаббат тараннум этилган. Орол бўйи ҳудудини обод қилишнинг долзарб масалалари қаламга олинган. Мақолада давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон, айниқса, Мўйноқ тумани фаровонлиги учун яратиб бераётган имкониятлар ҳикоя қилинган.

Ҳаётнинг қувонч ва ташвишларини дид билан эҳтиросли куйлаган, қалбида Ватан истиқболига ишонч ёлқини доимо барқ уриб турган истеъдодли ижодкор Гулистон Матёқубовани қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, улкан ижодий муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, филология фанлари доктори, профессор,

Бойназар ЙЎЛДОШЕВ, филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг