Янгиланиш шукуҳи

765

Яқинда иш билан Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмасига бордим. Бу даргоҳ аслида салкам қирқ йилдан буён менга таниш. Лекин бу гал бинонинг кираверишидан тортиб, хоналарию залларигача мутлақо янги қиёфага кирибди. Илгарилари кўриб юрганим уюшма биносининг ички ва ташқи қиёфаси тубдан янгиланиб, замонавий, шинам кўриниш касб этибди. Юз-кўзимдаги ҳайрат ва мамнунлик ифодасини илғаган Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси раиси Рустам АБДУЛЛАЕВ шундай изоҳ берди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 августдаги “Ўзбекис­тон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан Бастакорлар уюшмаси фаолияти қайта ташкил этилди. Вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида уюшманинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиб, айни пайтда фаолият олиб бормоқда. Ҳозирги кунда уюшманинг бир юз эллик нафардан зиёд аъзоси бор. Уюшмада “Ёшлар билан ишлаш”, “Эстрада мусиқаси”, “Мусиқашунослик”, “Саҳна асарлари”, “Болалар мусиқаси”, “Симфоник ва камер мусиқа”, “Бастакорлик санъати”, “Ҳарбий ватанпарварлик ижодиёти”, “Мусиқа сайқалловчилар-аранжировкачилар” каби тўққизта ижодий шўъба фаолият юритаётир.

— Албатта, биз қачондан буён орзу қилаётган имкониятларнинг юзага чиқиши, биринчи навбатда, Президентимизнинг маданият ва санъат соҳасига юксак эътибори натижасидир.

Хабарингиз бор, ўтган йил 3 август куни бошқа ижодий ташкилотлар қатори бизнинг уюшмамизга  ҳам “Асака” банк ҳомийлик қилишни зиммасига олганди. Бугун гувоҳ бўлаётганингиз ўзгаришларда ана шу банк раҳбариятининг катта хизмати бор. Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб шу йил апрель ойигача биномиз капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланиш учун тайёр ҳолатга келтирилди. Ҳозир уюшмамиз биносида ўнта иш хонаси, концерт зали, конференц зал, кутубхона-архив учун алоҳида хона мавжуд. Хоналарда композиторлар, бастакорлар, мусиқашунослар ва мусиқа сайқалловчиларнинг ижод қилишлари учун шароитлар яратилди. Энг муҳими, моддий-техник базамизнинг янгилангани бўлди. Ўнта компьютер, бешта принтер, битта оқ-қора ва битта рангли принтер, зал учун проектор, компьютер ва телефон алоқаларини бошқарувчи аппаратлар сотиб олинди. Ижодкорлар орзу қилган яна бир иш — Япония фирмасининг YAMAHA русумидаги учта роялнинг харид қилингани ҳаммамизни қувонтирди. Овоз ёзиш студиясининг ташкил этилгани эса композитор ва бастакорларимиз учун кенг имкониятлар яратиши, шубҳасиз. Ҳозирги кунда мазкур студияни профессионал мутахассислар жиҳозлаб, монтаж ишларини якунига етказишмоқда.

Шундан сўнг Рустам Абдуллаев билан уюшма биносини айланиб чиқдик. Ҳар бир хона, зал, фойе ва йўлаклар янги идора ва юмшоқ мебеллар, зарур техника воситалари билан жиҳозланган. Концерт залига кирган одамнинг баҳри дили яйрайди. Бу жойнинг яқинда нурсиз, эскирган жиҳозлари униққан қиёфада бўлганига одамнинг ишонгиси келмайди. Гўзал саҳна, замонавий қулай ўриндиқлар, ён-атрофдаги безаклар кўзингизни қувнатади.

Айниқса, бир қисми буюк композиторларимизнинг нодир қўлёзмаларини ўзида мужассамлаган архив материаллари, қолган қисми замонавий адабиётлардан ташкил топган ихчам кутубхонадан одамнинг чиққиси келмайди. Бу ерга жамланган материаллар нафақат ижодкорлар, илмий ходимлар, талабалар, балки журналистлар, оддий китобхонлар учун ҳам қизиқарли маълумотларга бой. Кутубхонада фойдаланувчиларга бемалол изланиш ва ишлаш учун қулайликлар муҳайё этилган. Бинонинг атрофи ва ҳовлиси ободонлаштирилиб, кўкаламзорга айлантирилгани бу ерда ишловчиларга ҳам, келиб-кетувчиларга ҳам хуш кайфият бағишлайди. Хуллас, “Асака” АТБ шу кунгача уюшмага олти ярим миллиардга яқин ҳомийлик ёрдами кўрсатган.

Албатта, таъмирлаш ишлари олиб борилаётган пайтда уюшмада ижодий, ташкилий ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Бу ҳақда ҳамроҳим қуйидагиларни гапириб берди:

 — Шу кунгача уюшма томонидан кўплаб ижодий ва ташкилий ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекис­тон Миллий кутубхонасида “Навоий ва мусиқа” деб номланган кеча ўтказдик. “Эътироф” мукофоти совриндори, композитор Хуршида Ҳасанованинг Глиэр номидаги мусиқа лицейида ижодий учрашув-концерти, Фарғона вилоят санъат коллежида вилоят композиторлари асарларидан иборат концерт бўлиб ўтди. Композитор Ҳабибулла Раҳимов Бухоро санъат коллежида учрашув ва маҳорат дарсларини ўтиб келди. Ёшлар билан ишлашга ҳам жиддий эътибор беряпмиз. Истеъдодли композиторлар Нурали Эркаев, ­Нодир Махаров, ­Акмал Сафаров Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро замонавий мусиқа фестиваллари ва танловларда муваффақият билан қатнашди. Ёш бастакорлар танлови ҳам кўпгина истеъдодларни аниқлаб берди. Ёш композитор Фарҳод Назаров Термиз давлат университети ҳамда мусиқа ва санъат коллежида муаллифлик концертини маҳорат билан намойиш этди. Таниқли композитор Дилором Сайдаминова ва Ўзбекистон халқ артисти, бастакор Султонали Манноповнинг ижодий кечалари, композитор Совет Варелас, мусиқашунос олима Тамара Головянц, Ўзбекистон халқ артисти Фаттоҳхон Мамадалиевнинг хотира кечалари юқори савияда ўтди.

Айниқса, “Дўстлар клуби” ҳамкорлигидаги  “Сўз, оҳанг ва тасвир” туркуми доирасида ўтказилган Ўзбекистон композиторлари асарларидан тузилган концерт кўпчиликнинг ёдида қолди. Шу билан бирга, республикамизда ўтказилаётган турли фестиваль ва танловларда уюшма аъзолари фаол қатнашмоқдалар. Ижодий тадбирларни ўтказиш, халқаро фестивалларда ёшларнинг фаол қатнашишлари “Илҳом” жамоат фонди томонидан молиялаштирилаётганини алоҳида таъкидлашимиз лозим.

Уюшма раҳбарининг сўзларига қараганда, йилнинг иккинчи ярмида ҳам мусиқий ҳаёт қизғин давом этади. Қарорда белгиланган вазифаларни амалга татбиқ этиш мақсадида уюшма томонидан республика ва халқаро миқёсдаги тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Булар сентябрь-октябрь ойларида ўтадиган, Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган “Мустақиллик наволари” номли оркестр учун кичик жанрдаги асарлар, дамли чолғулар оркестри учун ҳарбий маршлар, фанфаралар республика танловларидир. Ушбу танловлар оркестр жамоалари репертуарини янги ва сара асарлар билан бойитиш, ёш композиторларни ижодий жараёнга кенг жалб қилиш мақсадида ўтказилади.

Октябрь ойида Республика болалар мусиқаси ва Ёш композиторлар фестиваллари ўтказилади. Тўрт кун давом этадиган Болалар мусиқа фес­тивалида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, ўрта мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари ижро этишига мўлжалланган қўшиқлардан тузилган концерт дастурлари янграйди. Бу тадбирни Мактабгача таълим, Халқ таълими ва Маданият вазирликлари билан ҳамкорликда кенг доирада ўтказиш режалаштирилган. Маданият вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда беш кун мобайнида ўтказиладиган республика Ёш композиторлар фестивалида ёш ижодкорларнинг симфоник ва халқ чолғулари оркестрлари учун ёзган асарлари, камер мусиқаси Ёшлар ижод саройи ва консерватория залларида янграйди. Ўтказиладиган тадбирлар орасида навбатдаги V Халқаро симфоник мусиқа фестивали алоҳида ажралиб туради. Ноябрь ойида ўтказиладиган мазкур тадбирда Осиё композиторлар Лигаси раиси, АҚШ, Франция, Германия, Австралия, Вьетнам, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан нуфузли ижодкорлар қатнашадилар. Биз фақат йирик тадбирларга тўхталдик. Ваҳоланки, йил давомида юртимиз мусиқий ҳаёти воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда.

Албатта, ҳар қандай ижодий жараён ўз-ўзича силлиқ кечмайди. Шу маънода бугун уюшма олдида талайгина муаммолар ва вазифалар турибди. Бу ҳақда суҳбатдошим шундай дейди:

— Бизни ўйлантираётган асосий масалалардан бири оркестр муаммоси. Яъни композитор ва бастакорларимиз яратган ижод намуналарини ёздириб эшиттириш имконияти чекланган. Асар ёзган одам уни ижро этадиган оркестр­ни ўзи излаб топишига тўғри келяпти. Бу, шубҳасиз, маблағга бориб тақалади. Яна бир муаммо асарларни саҳналаштириш билан боғлиқ. Айнан опера ва балет режиссёрлари, дирижёрлари, балетмейстерлар етишмайди. Масалан, махсус мусиқа мактаб ва лицейларини битирганлар, яъни созандалик маҳоратига эга бўлганлар консерваторияда таҳсил олиб яхши дирижёр бўлиши мумкин. Ҳозир эса дирижёрни бундай тарбиялаш тизимида камчиликлар учраб турибди. Операни саҳналаштирадиган режиссёрларимиз саноқли ва ёши улуғ. Янги кадрлар эса “мактаб кўрмаган” ёки касбига юзаки ёндашадиган режиссёрлардир. Ваҳоланки, опера ва балет санъати режиссёр ва балетмейстердан чуқур билим ва кўникма талаб қилади. Масалан, Ҳабибулла Раҳимов “Фарҳод ва Соннё” балетини ёзиб тугатган. Лекин уни саҳналаштириш учун балетмейстер топиш муаммо бўлиб турибди. Илгари бундай режиссёрлар консерваторияда ўқиб, кейин Москва ёки Санкт-Петербургда таҳсил олишган. Насиб этса, бизда яқин кунларда шундай имкониятлар юзага келади.

Шунингдек, ёшларни, аввало, замонавий ва мумтоз мусиқани тинглашга ўргатишимиз керак. Чунки симфония, оратория каби йирик жанрларни тайёргарликсиз тинглаш қийин. Шунинг учун маълум мавзулар бўйича концерт-маърузалар ташкил этиш зарурати ҳам борга ўхшайди. Бу ишни бош­қа ижодий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириш борасида иш олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда мусиқа сайқалловчилари(аранжировкачилар)ни ҳам уюшмага қабул қилишни бошладик. Сабаби, бу соҳада ҳаваскорлар кўпайиб кетди. Ҳатто киноларга  ҳам мусиқа ёзиб беришяпти. Албатта, бундай мусиқалар профессионалликдан йироқ. Хўш, нима учун киночилар композиторларга мурожаат қилишмайди? Масалан, мен аввал оркестр билан ёздириб, кейин эшитиб тақдим этаман. Бу қимматга ­тушади. Ҳаваскорлар эса мусиқани синтезаторда ёзиб ташлашади. Бу тарзда ёзиш осон, харажати ҳам кам. Хуллас, бу масалани ҳал қилиш биринчи галдаги вазифаларимиздан.

Болалар қўшиқчилиги борасида жиддий изланишимиз зарур. Халқ мусиқасини, мумтоз мусиқаларимизни болалар боғчасидан фарзандларимизга сингдириш йўлларини ишлаб чиқиш асосий вазифаларимиздан. Мактабда мусиқа фанини юқори савияда ўқитиш профессионал педагоглар қўлида бўлиши шарт. Ҳали олдимизда  муҳим вазифалар турибди. Уларни бажариш йўлида бор  илмимиз, куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз.

Назаримизда, Композиторлар ва бас­такорлар уюшмаси олдида турган вазифаларни кўнгилдагидек бажариши учун бугун пойдевор қўйилди. Энди ана шу пойдеворнинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида фидойилик билан ишлаш ва ижод қилиш керак. Бу вазифаларни мусиқа намояндалари уддалашига ишонч билдириб қоламиз.

Гулчеҳра УМАРОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг