Саид Аҳмад ҳаёти ва ижоди

1643

Саид Аҳмад (1920–2007)

Ўзбек насрининг пешқадам арбобларидан бири Саид Аҳмад (Ҳусанхўжаев) 1920 йил Тошкентнинг Самарқанд дарвоза маҳалласида дунёга келди. 1939 йил ўрта мактабни, 1941 йил эса олий ўқув юртини тугатди. Адабиёт дарслари ва тўгаракларида ижодга бўлган ҳаваси ортиб, қўлига қалам ушлаган, вақтли матбуот унинг ижод дорилфунуни бўлган. Саид Аҳмад дастлаб “Муштум” журналида, Ўзбекистон радиокомитетида (1942–1943), собиқ “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасида) (1942–1947), “Шарқ юлдузи” журналида (1948–1950) ишлаган. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами “Тортиқ” 1940 йилда нашр этилади. Уруш ва урушдан сўнгги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фельетон, очерк ва ҳикоялар ёзган. Унинг “Эр юрак” (1942), “Фарғона ҳикоялари” (1948), “Муҳаббат” (1949) каби тўпламлари нашр этилган. У “Хазина”, “Ҳайқириқ”, “Раҳмат, азизларим” каби ҳикояларида иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли оқибатларини ҳаяжонли тасвирлайди, уруш қаҳрамонларини улуғлайди. Саид Аҳмаднинг барча ҳикоялари замонавий мавзуда ёзилган. У ҳикояларида тасвирлайдиган ҳар бир воқеадан фалсафий умумлашма чиқаришга, воқеаларни лирик таъсирчанлик билан ифодалашга, бадиий тасвирларнинг хилма-хиллигига эришишга интилади. “Чўл бургути”, “Ўрик домла”, “Лочин”, “Одам ва бўри”, “Бўстон”, “Тўйбоши” каби қатор асарлари Саид Аҳмад ижодида ҳам, ўзбек насрида ҳам янгилик бўлган. Адиб ҳикояларининг бош қаҳрамони ички дунёси бой замондошларимиздир. Ёзувчи “Тоғ афсонаси”, “Зумрад”, “Муҳаббатнинг туғилиши”, “Кўзларингда ўт бор эди”, “Пойқадам”, “Алла”, “Иқбол чироқлари” асарларида ҳаётий характерлар яратган. Саид Аҳмад ўзининг ҳажвий ҳикояларида тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган ярамас урф-одатлар устидан

кулади, муҳим маънавий масалаларни ўртага қўяди. Унинг “Ханка ва Танка”, “Лампа шиша” каби ўнлаб ҳажвиялари фикримизнинг далилидир. Саид Аҳмад кичик ҳажвий асарлари билан ўзбек радио ва телевидениесидаги миниатюралар театрига асос солган. Саид Аҳмад ҳикоялардан аста-секин йирик полотнолар яратишга ўтди. 1949 йилда чоп этилган “Қадрдон далалар” ва “Ҳукм” (1958) қиссаларидан кейин яратган “Уфқ” (1964) трилогиясида урушдан олдинги ва кейинги давр муаммолари ҳақида баҳс юритади. “Жимжитлик” (1988) романида турғунлик даври иллатлари фош этилади. Сўнгги йилларда унинг “Хандон писта” (1994), “Бир ўпичнинг баҳоси” (1995) каби ҳажвий ҳикоялар тўпламлари чоп этилди. Шунингдек, у Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Шуҳрат, Миртемир ва Саида Зуннуновалар ҳақида хотиралар яратган. Саид Аҳмад драматург сифатида ҳам танилган. У “Келинлар қўзғолони”, “Куёв” каби саҳна асарларининг муаллифидир. Саид Аҳмад ҳам қатағон даврининг иккинчи тўлқинига дучор бўлган, қамоқ азобларини тортган ижодкордир. У “аксилшўровий миллатчилар гуруҳи аъзоси, зарарли ғоялар тарғиботчиси” сифатида айбланиб, Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Жезқазған лагерида бўлади. Унинг “Қоракўз мажнун” (2002) ҳикоялар тўплами бу ҳақдаги аччиқ ҳақиқатни рўй-рост ифодалайди. Саид Аҳмаднинг “Йўқотганларим ва топганларим”, 3 жилдлик “Сайланма”си, “Қоракўз мажнун” ва “Киприкдаги тонг” тўпламига кирган бир қатор қисса ва ҳикоялари унинг истиқлол йилларида завқ-шавқ билан ижод этганидан далолат беради. Адибнинг кўпгина асарлари қардош ва хорижий тилларга таржима қилинган. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофотига сазовор бўлган. “Шуҳрат” медали, “Буюк хизматлари учун” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.

Ва, ниҳоят, “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак шарафли унвонга ҳам эгадир. Саид Аҳмад 2007 йилда вафот этган.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг