Тарғибот ва рағбат зарур

195

Ўзбек мусиқа санъати тизимида композиторлик мактабининг янги авлодини тарбиялаб вояга етказиш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган. Бу соҳа Мухтор Ашрафий, Мутал Бурҳонов, Толибжон Содиқов, Собир Бобоев сингари устозлар бошлаб берган қутлуғ йўлда ривожланди ва тараққий этди. Мана шу шонли тарихни муносиб давом эттириш кимнинг зиммасига тушади, деган савол ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, албатта.

Очиғини айтиш керак, Ўзбекистон давлат консерваториясини битираётган композиторларнинг ҳаммаси ҳам ижод йўлидан кетмаяпти. Аммо композиторлик санъатига фидойилик билан муносабатда бўлиб, ўз йўлини топиш ҳаракатида юрган талайгина ёшларимиз бор. Уларнинг барчаси ҳозирги кунда Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг аъзоси ҳисобланади.

Шундай ёш ижодкорларнинг ўз йўлида собитқадам бўлиб, мураккаб жараённи мукаммал ўташида Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг ўрни беқиёс. Ҳозир уюшма ёшлар ижодини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг мусиқий асарларини концерт дастурларига киряпти, шу билан бирга, сотиб ҳам оляпти. Аммо бунинг ўзи етарли эмас, назаримда. Уюшма ёш ижодкорларнинг кейинги таълими устида ҳам назоратни йўлга қўйиши керак. Шу мақсадда уюшма томонидан ёш ижодкорларнинг асарлари савиясини ўстириш бўйича машғулотлар ўтказиш, жаҳоннинг кўзга кўринган ижодкорлари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиш, ижодда муайян ютуқларга эришган ёшлар учун “Ўзбеккино”, “Ўзбектеатр” ташкилотлари билан келишилган ҳолда ижодий буюртмалар олишда кўмаклашиш, ёш композиторларнинг малакасини ошириш мақсадида уларни халқаро танлов, анжуман ва илмий анжуманларга жўнатиш, халқаро танловларда қатнашиб, совриндор бўлган композиторларнинг ижодий кечаларини ўтказиш, оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб этиш каби ишлар мунтазамлик касб этса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ж.Шукуров, Ф.Акрамов, Н.Эркаев, Н.Махаров, В.Хандамян, Р.Худойбердиев, Э.Жалилова, А.Сафаров, Ф.Назаров каби ёшлар хорижда ўтказилган хал­қаро композиторлар танлови совриндорлари. Бундай юқори натижаларга улар олий таълим муассасасини битиргандан кейин эришганлар. Аммо бундан композиторларнинг фақат тор доирасигина хабардор, холос. Ваҳоланки, совриндорлар нафақат чолғу мусиқаси, балки кино ҳамда театр асарлари учун ҳам муносиб мусиқий асар ёзиш қобилиятига эга. Бугунги кунда фақат Ж.Шукуров, Н.Эркаев, В.Хандамян, Р.Худойбердиевгина кино соҳасида, С.Юсупов театр соҳасида ўз кучини синаш имкониятига эга бўлди, холос.

Шубҳасиз, барча ижод турлари каби композиторлик ижодиёти ҳам бир ерда депсиниб туролмайди. Ҳозир жаҳон композиторлик ижодиётида катта қизиқишларга сабаб бўлаётган пуантилизм, минимализм, микрохроматика сингари тенденцияларга лаббай деб жавоб беришимиз, ушбу ижодий йўналишларда асарлар ёзиб жаҳонга чиқишимиз зарур. Аммо бу асарларни ўз юртимизда тинглайдиган томошабин топилармикан? Замонавий композитор бугунги кун эҳтиёжи учун хизмат қилиши керакми ёки эртанги кун талаби учунми?

2015 ва 2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ­томонидан Ёш композиторларнинг Республика танлови таъсис этилди ва икки марта ўтказилди. Танлов икки йўналишда ўтди: кичик ёшдагилар ва ўттиз ёшгача бўлган ижодкорлар. Дастурда оддий эстрада қўшиғидан тортиб, симфоник мусиқагача бўлган хилма-хил асарлар тингланди. Ижро жараёнига кўплаб ­хонанда ва созандалар, турли мусиқий жамоалар, оркестрлар жалб этилди. Қисқаси, ёш композиторларнинг ижодига эътибор катта бўлди. Ёшлар бундан том маънода руҳланишди.

2018 йилнинг октябрь ойида эса Тошкентда Ёш композиторларнинг республика фестивалини ўтказиш режалаштирилган. Тадбир доирасида симфоник мусиқа, халқ чолғу оркестри учун мусиқа, камер-чолғу концертлари, талаба композиторларнинг концертлари бўлиб ўтади. Ҳозир фестиваль доирасидаги тадбирлар дастурини тузяпмиз. Уларда қатнашиш истагини билдираётган ёш ижодкорлар кўп. Ушбу анжуман орқали, аввало, ўзбек композиторлик мактабининг юксак салоҳиятини кўрсатиб, ёш ижодкорларнинг асарларини кенг тарғиб этиш ва рағбатлантириш ниятидамиз.

Асарни катта саҳнага олиб чиқиб, томошабинга ҳавола этиш уни яратиш билан боғлиқ жараённинг узвий давомидир. Ижод жараёнини буткул ўташ ва уни англаш билан боғлиқ ҳодисагина ижодкорга ҳақиқий ижодий қониқиш ҳиссини беради. Бу жуда қимматли ҳиссиёт бўлиб, ёшларимизнинг ҳаммаси ҳам уни англаш босқичига етиб боравермайди. Мана шундай қониқиш ҳиссининг таъмини татиб кўрган ижодкор эса ижоддан асло чекинмайди. Биз ёшларимизнинг  шу босқичга эришгандаги ҳолатига катта аҳамият қаратишимиз зарур. Бунинг учун ёш авлодга доимий равишда ижодий ҳамда ташкилий масалаларда ёрдам керак. Зеро, ижоднинг сирини тушунган ижодкоргина ижод масъулиятини ўз бўйнига олади.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА, композитор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг