Болалар баралла куйласин

251

Сўнгги йилларда юртимизда болалар қўшиқчилигига жиддий эътибор қаратилмоқда. Композитор ва бастакорлар “Томоша”, “Булбулча”, “Севинч”, “Тантана”, “Марварид”, “Ором” каби элга танилган болалар эстрада-вокал гуруҳлари учун мунтазам равишда турли мавзуларда қўшиқ ёзиб беришмоқда.

Айниқса, янги услуб — мюзикл жанрида ёзилган “Соатлар мамлакати қироли”, “Тошкалла”, “Асалхон”, “Таомлар мамлакати” каби қўшиқларни болалар севиб ижро этишмоқда. “Томоша” гуруҳи яқинда халқаро болалар қўшиқлари фестивалида қатнашиш учун Хитой мамлакатига жўнаб кетди. “Марварид” гуруҳи эса апрель ойида Туркияда ўтган халқаро болалар ашула фестивалида муваффақиятли қатнашиб қайтди. “Севинч” гуруҳи ҳозир жамоанинг 20 йиллигини муносиб нишонлаш йўлида изланиш олиб бормоқда. Вилоятларда ҳам болалар қўшиқчилиги анча яхшиланди. Масалан, Ангрен, Олмалиқ, Фарғона вилояти ва Самарқандда ташкил этилган иқтидорли болалар гуруҳлари Ўзбекистон телевидениесининг “Болажон” каналида ўз истеъдодларини муносиб намойиш этишди.

Республикамизнинг туман ва вилоятларидаги Мусиқа ва санъат мактабларида болалар қўшиқчилигини ривожлантириш учун моддий-техник база етарли. Кўрик-танловларда қатнашаётган болаларнинг чиқишлари шундан далолат бериб турибди. Бунга ўтган йили Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган шоир Эркин Воҳидов шеърларига басталанган қўшиқлар кўрик-танлови ёрқин мисолдир. Шу йил Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган болалар ансамбллари танлови ҳам фарзандларимизнинг эстрада чолғу, эстрада вокал, хор каби турли йўналишларда сезиларли ютуқларни қўлга киритишаётганини кўрсатди. Ҳар йили “Ягонасан, муқаддас Ватан”  танловида ҳам болажонларимиз катталар билан тенг беллашадилар.

Лекин олдимизда турган вазифалар, мавжуд муаммолардан ҳам кўз юмолмаймиз. Кўпинча “Болалар қўшиқлари кам” деган гап қулоғимизга чалиниб қолади. Бу нотўғри фикр. Бугун болалар қўшиқлари кўплаб ёзиляпти. Зеро, бу йўналишда ижод қилаётган композиторлар ҳам кам эмас. Ўзим ҳам жуда кўп қўшиқ ёздим. Учта услубий қўлланма яратдим. Биринчи китобим 2012 йили нашрдан чиқиб, мусиқа мактабларига тарқатилди. Лекин кейинги иккита китобим ҳамон ­нашрини кутиб ётибди. Қўшиқлар масаласида ҳам шундай. Уларни тезроқ нашр этиб, мактабларга, боғчаларга тар­қатиш керак. Ноталар масаласида ҳам шу аҳвол. Шу сабабли болалар қўшиқларини аудио дискда ҳам чиқариш, тарғиботини кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Эътибор қилсангиз,    Ўзбекистон телевидениесининг деярли барча каналларида турли савиядаги эстрада қўшиқлари тар­ғиб қилгани ҳолда, ҳеч бўлмаса болалар учун хизмат қиладиган “Болажон” каналида шундай ишлар қилинмайди. Ёлғон бўлмасин, ҳафтада бор-йўғи бир ёки икки марта эфирга узатиладиган “Қувноқ ноталар” кўрсатувида фарзандларимиз учун мусиқага вақт ажратилган. У ҳам ўн беш дақиқагина. Бу ниҳоятда кам. Фарзандларимиз болалигидан миллий куй-қўшиқларимиз савиясини англаб, куйлаб ва тинглаб ўсишларини истасак, юқорида айтилган фикрлар борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлади. Агар болажонларимиз учун нафақат биттагина каналда, балки бошқа каналларда ҳам эфир вақти ажратилса, керак бўлса, катталарга ўхшаб энг яхши ўнталикни аниқлайдиган кўрсатувлар, мумтоз ашулаларимиз ижрочиларининг чиқишлари йўлга қўйилса, бундан фақат ютардик. Чунки республикамизнинг туман ва қишлоқларидаги болалар бундай кўрсатувлардан баҳраманд бўлиб, ўзларида ҳам куйлашга, мусиқа санъатининг муҳим жиҳатларини англашга иштиёқ уйғонарди. Фақат бу каби тадбирларга тижоратни аралаштирмаслик керак. Келажагимиз эгаларини ёшликдан санъатга пул аралаштириб мусиқага тайёрлаш яхшиликка олиб келмаслиги аниқ.

Албатта, юқорида айтилган вазифаларни амалга оширишда янги шароитларда иш бошлаган Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси кўмагига таянамиз. Уюшмада бу борада ишлар бошлаб юборилган. Болалар қўшиқчилигига эътиборни янада кучайтириш мақсадида шу йилнинг октябрь ойида ўтказилиши мўлжалланаётган болалар мусиқаси фестивали бунинг ёрқин далилидир. Ўйлаймизки, беш кунга мўлжалланган мазкур тадбир ва режадаги бошқа ишлар фарзандларимизнинг мусиқий дидини юксалтиришга, болалар  қўшиқчилиги ва мусиқаси тараққиётига хизмат қилади.

Хуршида ҲАСАНОВА,

композитор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг