Осмон тўла бахт

193

Юртим

Оловранг қуёшга монанд ҳаяжон,
Дилимга кўчади туйғулар – ўтли.
Ниҳоллар осмонга бўй чўзган макон,
Сокин дарёларга ўхшаган юртим.

Тўполон қилади боғларда сойим,
Бобом чертган торнинг хониши тотли.
Сенга қиёслагим келади доим
Ҳулкар юлдузининг ёнишин, юртим.

Бандимдан узилсам паноҳим замин,
Кўз-кўз қилгим келар, сарчашмам юртим.
Боболарим юрган тупроғим қадим,
Менинг атиргулга ўхшаган юртим.

* * *

Бу уйда отам яшар,
Онам яшайди бунда.
Кўзларим келар бошлаб,
Юрагим келар ундаб.

Дардларимни ортмоқлаб,
Судраб ташвиш, аламни.
Хафа бўлиб, тутоқиб,
Йиғим бузиб оламни.

Тўлиб кетса қалб дафтар,
Ташвиш босганда ногоҳ.
Келаман мен ҳар сафар,
Онамдан истаб паноҳ.

Бу уй жимликда, бесас,
Асрлар ўтар бир он.
Бу уй ҳечам ўзгармас,
Бу уй оддий, қадрдон.

Ҳар не алфоз, ҳар кўйда
У жаннатга ўхшайди.
Отам яшар бу уйда,
Бунда онам яшайди.

Хаёлинг

Секин келди қаршимга ўйинг,
Нигоҳларинг кўзимга қўнди.
Гул келтирди кафтида бўйинг,
Куз хаёлим чулғаган тунда.

Буруқситиб чекар мўрилар,
Узоқларга тарқалади дуд.
Хаёлимга секин тўр илар,
Ишқ ҳақида айтилган суруд.

Қора кўйлак кийган малак-тун,
Сочларида нурли тўғнағич.
Кўнглим овлаш билан ҳалак тун,
Мени эса тилкалар соғинч.

Нуқталарнинг ортидан ундов,
Сарвлардан сарбаланд бўйинг.
Кўнглим каби сим-сиёҳ тунда
Секин келди қаршимга ўйинг.

Одамлар

Мен ҳам бу дунёнинг бир бўлагиман,
Сиз-ла ташлагайман шахдам қадамлар.
Энг тоза, энг гўзал ишқ йўлагидан,
Юрагин измида юрган одамлар.

Оқ-қора дунёда ранглар жилваси,
Қалбимга ҳамоҳанг чашманинг саси.
Ишқ боғида сарсон, кўзлари басир
Юрагин измида юрган, одамлар.

Денгизда саргардон кемадир юрак,
Унга севги даркор, унга дард керак.
Тўфон яқин, нега тортмайсиз сергак?
Юрагин измида юрган одамлар.

Бизга ишқ сарҳади асли тўрт тараф,
Иситар вужудим юракдаги тафт.
Биз гўё маёқмиз, ортимизда саф,
Юрагин измида юрган одамлар.

 

Ой

Осмон тўла юлдуз, осмон тўла бахт,
Сен олов қизими, тун беваси ой?
Нигоҳим узолмам, кўзларим карахт
Англолмай қийналдим ишқ шевасин, ой.

Сочларинг тун каби силасамми, айт,
Ҳижрон они ўтли денгиздирми ё?
Муҳаббат дардини биласанми, айт,
Сен кўкда, мен ерда эгиздирмиз ё?

Тоғлар бор адоқсиз, сарҳадсиз уммон,
Мен оддий дарё ҳам кечолмайман, ой.
Ҳаммаси чалкашдир, онгимда туман,
У мушкул масала, ечолмайман, ой.

Чақмоқ нигоҳлардан етгандир озор,
Юракка чизилган ўша изми ой?
Икки қалби нолон, икки дили зор,
Сен менга, мен сенга ўхшаймизми, ой?

 

 

Бекатларда

Бекатларда яшайди ҳижрон,
Бекатларда қувонч яшайди.
Ҳаёт қайнар, тинмайди бирон,
Бекат сенга, менга ўхшайди.

Янгиланар лаҳзалар, замон,
Неча фасл айланар, ўтар.
Тунлар кетиб, ёришади тонг,
Бекат бизни кузатар, кутар.

Жонсиз вужуд, у совуқ оғуш,
Бекатларда югурар йиллар.
Қўлин силтаб қолади соғинч,
Бизни олиб кетади йўллар.

Шаҳрибону

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг