Ижод — ўта мураккаб, машаққатли жараён. Бирон-бир мавзуга қўл урсангиз, баъзан қалам илдам йўртиб, кўзлаган мақола ёки ҳикоянгизни бир уринишда ёзиб ташлай оласиз. Баъзан эса… кунларингиз бир сатр ҳам ёзолмасдан беҳуда ўтади. Лекин бундан ҳафсаласи совимай, ширин жонни аямай, майда-чуйда  юмушларга чалғимай қаламга ёпишган ижодкор барибир мақсадига етади. Ижоднинг сеҳри-синоати ҳам шунда. Мана шундай ўзини аямай, журналистикада ҳам, адабиётда ҳам анча-мунча довонларни босиб ўтаётган қаламкашлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, оқсоқол ижодкор Алиназар Эгамназаровдир.

Алиназар Эгамназаровни “Тошкент оқшоми” газетасида ишлаб юрган йилларидан бери ­биламан. Аммо Алиназар ака бунга қадар ­“Сирдарё ҳақиқати”да ҳам ишлаб, қишлоқ, ­айниқса, чўл одамлари билан гаплашиб, аниқроғи, ҳаётнинг катта қозонида қайнаб келганди. ­Кейинчалик эса, “Шарқ юлдузи” журнали, Ўзбекистон Миллий энциклопедияси нашриёти, республика радиосида анча йиллар баракали ­фаолият кўрсатди.

Қаламкаш акамизнинг таржимаи ҳолига бироз тўхталаётганимнинг боиси шуки, Алиназар ака мамлакатимизнинг нуфузли нашрларида ишлаш асносида ҳаётни, одамларни эринмай, синчиклаб ўрганди. Бинобарин, ўтган йиллар мобайнида адиб қўл урган асарлар хоҳ замонавий, хоҳ тарихий мавзуда бўлсин, маънавият ёки иқтисодиёт соҳасидами, асосийси, кўтарилаётган масала ва муаммонинг ичига ва ечимига кириб бора олди.

Дастлаб истеъдодли публицист-журналист сифатида танилган А.Эгамназаров йиллар ўтиб, қалами ўткир ёзувчига айланди. “Сиз билган Дукчи Эшон” ҳужжатли қиссаси, “Сургун” очерк­лар тўплами ҳамда “Қувноқ мухбирнинг саргузаштлари”, “Оқловдан сўнг” китоблари бунга далил. Бу китобларнинг деярли ҳаммаси ўқувчилар қалбидан жой олган ва ижодкорнинг салоҳияти, жиддий изланишлари жамоатчилик томонидан эътироф этилган.

Мана, қўлимда ижодкорнинг яқинда “Мусиқа” нашриётида чоп этилган “Икки аёл, икки хаёл” китоби. Назаримда, бу китобни А.Эгамназаров ижодининг сарҳисоби дейиш мумкин. Негаки, олти бўлимдан иборат бу китобда муаллифнинг узоқ йиллар давомида ёзган ҳикоялари, ҳажвиялари, очерк ва мақолалари жамланган. Юқорида айтганимдек, муаллиф қай бир жанр­да ёзмасин ва қай бир мавзуга қўл урмасин, аввало, ҳаётда бўлиб ўтган, ўзи яхши билган воқеа-ҳодисаларга мурожаат қилади. Шу сабабдан бўлса керак, бирон жойда сунъийликни пайқамайсиз. Мисол учун, “Тўйдан сўнг” ҳикоясини олайлик. Бу — оила, рўзғор ҳаётидан ҳикоя қилувчи барчага таниш мавзу. Ҳикоянинг қисқача мазмуни шуки, янги қурилган оилага хиёнат аралашади ва охир-оқибат оила барбод бўлади. Бугун жамиятимизда қўйди-чиқдилар кўпаяётган, умуман, оила масаласи давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам “бош оғриғи”га айланиб турганда бундай ҳикоялар жуда керак. Зеро, ҳаётга енгил-елпи қараш, хатти-ҳаракатларнинг оқибатини ўйламаслик оқибатида оилалар бузилиб кетмоқда. Хиёнат ва ёлғон устига қурилган қўрғон худди қумдан тикланган қасрга ўхшайди.

“Ўтди даврон” ҳикоясидаги қаҳрамонлар — Жалол Шукуров катта бир даргоҳнинг раҳбари. Ҳеч кимнинг унга тиши ўтмайди, бутун таҳририятни қўлга олган. Фақат таҳририятда ишловчи Ҳанифахонгина бундан мустасно. Раҳбарнинг жилови шу аёл қўлида. Таҳририятда Ханифахон ўз ҳукмини юргизади. Ходимларни ишдан бўшатадиган ҳам, уларга мурувват кўрсатиб бошини силайдиган ҳам шу аёл. Очиғи, ҳикоядаги воқеа кўпчиликка таниш. Вақт ўтиб, хиёнат ва ёлғоннинг миси чиқади, оқибатда икки оила пароканда бўлади.

Муаллифнинг “Таъмирланмаган йўл”, “Ёввойи мушук”, “Қора хат” каби ҳикоялари ҳам ҳаётийлиги билан қимматли. Китобдан даврнинг муҳим мавзулари кўтарилган, воқеа ва ҳикматларга бой мақолалар ҳам ўрин олган. Улар орасида мазмун-моҳияти билан асло эскирмайдиганлари анчагина. Хусусан, “Ҳабиб Абдуллаевнинг чўққиси” суҳбат-мақоласида улкан геолог олим ҳаёти қаламга олинган. Муаллиф қаҳрамоннинг бутун ҳаётини батафсил тасвирламайди, асосий нуқталаргагина эътибор қаратади. Адиб гарчи Ҳабиб Абдуллаевнинг ўзи билан кўришмаган эса-да, алломанинг рафиқаси Фотима опа, дўстлари, ҳамкасблари билан мулоқотлар асосида алломанинг миллатпарвар, фидойи инсонлигини кўрсатувчи турли эпизодларни келтиради.

“Никоҳ оқшоми: тўйхонада кимлар ҳукмрон?” мақоласи айни кунда долзарб бўлиб турган тўйларимиз ҳақида. Мақола қарийб йигирма йил аввал ёзилган бўлса-да, унда кўтарилган муаммолар бугун ҳам долзарб. Жумладан, ­шуҳратпарастлик сабаб тўйларда ортиқча ­дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўйиш иллатлари ҳаётий мисоллар орқали ёритилади. “Эр ва хотин бурчи” мақоласида муаллиф оила, ҳаёт муаммоларини жуда вазминлик ва мулоҳазакорлик билан кўтаради. Албатта, ўз бурчини билмаган ҳар қандай киши аёлми, эркакми, ҳаётда бир куни қоқилиши тайин.

 “Томошабоғ” мақоласи ёзилишига машҳур адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг шу номдаги ҳикояси сабаб бўлган. А.Эгамназаров шу асарга таянган ҳолда, Чор Россияси Туркистонни қандай босиб олгани ва халқимизнинг асл фарзандларини қандай азоблагани ҳақида кўпчилик билмайдиган тарихий ҳақиқатларни очади. Айниқса, “Тошкент Русияга ихтиёрий равишда қўшилди” деган ҳужжатга имзо чекишни истамасдан охири Сибирга сургун этилиб, Томскда заҳарлаб ўлдирилган ­Солиҳбек додхоҳ тақдири ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

А.Эгамназаров ўз фаолияти давомида кўпгина шоир ва адиблар билан бирга ишлаган. Шулардан бири таниқли шоир ва журналист Анвар Эшоновдир. Муаллифнинг Анвар Эшонов ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Қувноқ мухбирнинг саргузашт­лари” туркуми юморга ва саргузаштларга бойлиги билан китобхонни қизиқтириши, шубҳасиз.

Абдумажид АЗИМОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг