Даҳшатли тун

591

Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишини ўқиб, шу мавзуга оид бир тарихий сурат ва сурат билан боғлиқ ҳужжат кўз олдимга келди. Суратда иккинчи жаҳон урушининг ҳал қилувчи жангларида иштирок этган 1-Белоруссия фронти 48 251 – А ҳарбий қисм жангчилари сиймоси мангуга муҳрланган.

Ёзув столи устида бир тахлам оқ қоғозу олти кишининг кулиб турган чеҳралари акс этган сурат. Унинг орқа томонига: «26/IV. 43. Орлов область, ст. Рождество» деб ёзиб қўйилган. Бошқа ҳеч қандай ёзув йўқ. Суратдагиларнинг ўнгдан биринчиси менинг отам. Қолганлари эса сафдошлари. Улардан икки кишини онам яхши танидилар. Чап томондаги сочи жингалак, кулиб турган қиз Зифо Шамсуддинова, унинг ёнидагиси эса Умрзоқов деган киши экан. Зифо жуда ёш бўлишига қарамай, фронт­га кўнгиллилар сафида кетган. (Уни хизматдошлари Зебо деб чақиришган. «Қизил Армия» фронт газетаси таҳририятида матн кўчирувчи-котиба бўлиб ишлаган. (Ушбу суратни кўрган ёзувчи Тоҳир Малик биринчи қатордаги офицер ёзувчи Мирзакалон Исмоилий – тоғаси эканини айтган — муаллиф).

Суратга тикилиб, хаёл сураман… Ҳеч нарса кўнгилга сиғмайди. Ўша машъум даҳшатли тунда улардан қайси бирининг гулдек умри хазон бўлди экан?!

Отам вафот этганларида еттинчи синфда ўқирдим. Иккинчи жаҳон урушининг оловли кунлари ҳақидаги ҳикояларидан баъзиларини тинглаганман, холос. Лекин мен ёзаётган ушбу воқеани онам батафсилроқ қилиб сўзлаб берган эдилар.

Отам хизмат қилган 1-Белоруссия фронти ихтиёридаги «Қизил Армия» газетаси редакцияси ўрмон ичкарисида беш-олти вагонга жойлашган бўлиб, олдинги вагонлар иш жойи ва босмахона, охирги икки вагон ётоқхона ҳамда ошхона вазифасини ўтаган экан.

Қирқ учинчи йилнинг ўн олтинчи октябри. Тун. Қоп-қоронғу ўрмон. Катта сержант Солиҳ Абдукаримов (менинг падари бузрукворим) уч кунлик кетма-кет навбатчиликдан бўшаб, олдинги вагонда ишлаб ўтирган шу газетанинг муҳаррири Жалолхон Азизхонов олдига кириб: “Вақт алламаҳал бўлиб қолди, дам олсангиз бўларди, ўртоқ командир, — дейди”.

— Сиз бораверинг, мен бир оз ишлаб, сўнг ётаман, — деган жавобни олгач, отам ортига қайтади.

Воқеа ниҳоятда ҳаяжонли кечгани онамнинг овозидан билиниб турарди.

…Вагонларнинг ҳар икки томонида навбатчи соқчилар. Кундузги ғала-ғовурдан чарчаган, ҳаёт-мамот кураши бораётган олдинги жабҳадан ҳориб-толиб қайтган жангчи мухбирлар, таҳририятнинг бошқа ходимлари дам олишмоқда. Охирги вагондан патефон овози эшитилади…

Бир пайт душман самолётининг чинқироқ товуши қулоқларни батанг қилади. Ҳаммаёқ бир зум ёп-ёруғ бўлиб, кўзларни қамаштиради. Даҳшатли портлашдан замин ларзага келади. Одамлар ўзларини вагонлардан ташқарига отадилар. Олдинги икки вагонни аланга чулғаган. Соғ одамлар ўзларини ўт ичига уриб, ёнаётганларни, ярадорларни вагонлардан ташқарига олиб чиқа бошлайдилар. Фашист самолёти ташлаган бомба олдинги икки вагон ўртасига тушган, бу вагонлар тамоман ўт ичида қолган эди.

Портлаш кучи Азизхоновни деразадан ташқарига улоқтирган, у ўзини билмай ётарди. Шу вақт яна фашист самолётининг чинқириғи эшитилади. Одамлар ўзларини панага урадилар… Кўпинча душман учувчиси бомба ташлаганидан сўнг яна учиб келиб, ўз «ҳунари»ни тантанали равишда суратга тушириб, кўринган одамларни ўққа тутиб кетар экан. Буни билган солдатлар ўзларини панага олишади. Бу гал самолёт ёнаётган вагонлар тепасидан учиб, ўқ узмай қайтиб кетади. Ўрмонни аччиқ тутун, ярадорларнинг оҳ-нолалари тутади.

Тонг саҳарда даҳшатли манзара намоён бўлади. Ҳалок бўлганлар ўн саккиз киши… Бир қанчаси, жумладан, Азизхонов ҳам қаттиқ ярадор бўлган. У дам ҳушини йўқотар, дам ўзига келиб «Зебо, Зебо қани», деб алаҳларди.

Аскарлар ярадорларни “санчаст”га жўнатиб, ҳалок бўлганларни дафн этишга киришадилар. Ўн саккиз жангчи ҳамда эндигина ўн тўққиз баҳорни қаршилаган, ҳали ўн гулидан бир гули ғунча очмаган Зифонинг умри шу ерда ниҳоя топади. (Ҳозир Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги катта кўчалардан бири Зифо Шамсуддинова номи билан аталади — муаллиф).

Отамнинг: «Қабр тепасида икки калима Қуръон тиловат қилиб, шаҳидларнинг руҳларига бахшида этдим», деган гаплари сал-пал эсимда… Бомба тушганида вагонларнинг икки томонидаги соқчилардан бири ҳалок бўлиб, иккинчиси соппа-соғ қолган. Буни қарангки, кечаси навбатчиликни топширган отамни Яратганнинг ўзи сақлабди. Шу ўринда раҳматли бувимдан эшитганларимни ҳам тилга олмоқчиман.

– Тошкентни ўрислар олганида (1865 йил 15 – 17 июнь – муаллиф) «Ёв босди, ёв босди» деб ҳамма қўрқиб яширинишга тушибди, — деб ҳикоя қилган эдилар бувим. — Одамлар қўлига илинган нарсани олиб, шаҳардан чиқиб кетишга шошилган экан. «Эй Парвардигор, сенга омонат» деб онамни – уч ойлик чақалоқни болохонада териб қўйилган чалмалар устига ётқизиб кетишибди. Уч кундан кейин «Омон, омон» бўлгач, уйга қайтиб келиб кўришсаки, чақалоқ «инга-ингалаб» охирги нафасини олиб ётган экан. «Ураман деса чора йўқ, асрайман деса бало йўқ», деб ана шунга айтилади болам.

Таниқли журналист-ёзувчи раҳматли Ҳабиб Нуъмон ва онам шу чақалоқнинг неваралари бўлишган. Отам 1942 йил 23 июлда – «Қизил Ўзбекистон» газетаси редакциясида ишлаб турган вақтида Қизил Армия сафига чақирилган. Турли қоғозларни варақлар эканман, кўзим ушбу ҳужжатга тушди. Унда шундай сўзлар ёзилган:

«1-Белоруссия фронти. «Қизил Армия» газетаси редакцияси. 22. IX. 1945. № 0163

1-Белоруссия фронти 48251 А ҳарбий қисми командири  Н. Потапов  Маълумотнома

Қизил аскар Абдукаримовга берилди шу ҳақдаким, у 1942 йил сентябрь ойидан 1945 йил 21 сентябрга қадар 1-Белоруссия фронтининг 48 251 – А ҳарбий қисмида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтади. У  «Берлинни   олганлик учун» медали билан мукофотланишга ҳақли».

«Қизил Армия» газетаси таҳририяти ходими, ­катта сержант Солиҳ Абдукаримов жанговар қаламкаш дўстлари Жалолхон Азизхонов, Мирзакалон ­Исмоилий, Мели Жўра, Илёс Муслим билан биргаликда фашизмни ўз уясида тор-мор этишга баҳоли қудрат ҳисса қўшди. Қўмондонлик топшириқларини муваффақиятли бажаргани учун бир неча бор мукофотларга сазовор бўлди. «Сталинград мудофааси учун», «Варшавани озод қилганлик учун», «Жанговар хизматлари учун», «Берлинни олганлик учун», «Германия устидан қозонилган ғалаба учун», «Улуғ Ватан уруши йилларидаги меҳнати учун» жанговар медаллари билан мукофотланди. 1945 йил июль ойида – Потсдам конференцияси ўтаётган кунларда ўша шаҳарчада эди.

Отам 1945 йил октябрь ойида Қизил Армия ­сафидан қайтгач, Ўзбекистон Адабиёт ва нашриёт ишлари бош бошқармасида ўн йил меҳнат фаолиятини давом эттирди. Бу даргоҳда умрлари охирига қадар самарали ишлади.

Афсуски, фронтдан ёзган хатлари сақланиб қолмаган. Балки, урушдан кейинги йилларда (баҳорда далага кўчиш, кузда шаҳарга қайтиш сингари «кўчди-кўчдилар»да) йўқолиб кетгандир. Лекин, аминманки, мактублар она юрт, оила соғинчи, фарзандлар ва ота-она меҳри билан йўғрилган. Мана, отамнинг мактубларидан бирида битилган, онамнинг хотирасида қолган шеърий мисралар:

Оҳким, қилди уруш шаҳриёримдан жудо,
Оҳу кўз, қошлар қаро нозик ниҳолимдан жудо.
Сўзи шакар, ўзи дилбар Суръатим, Санъатларим,
Ғайратим, Талъатларим, жондан азизимдан жудо.

Кўзи дардлиғ, ўзи ғамлиғ меҳрибон онам менинг,
Хаста ётган, бағри гирён меҳрибон отам менинг.
Соғмисиз, омонмисиз, ақлу расо Қори укам,
Ишларингиз яхшиму жондан азиз катта акам,
Набихўжа, Алихўжа номларингиз дилда жо,
Зикрхўжа, Ғанихўжа, Ботиру Ғулом укам…

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, отамнинг фронтдош сафдошларини кўришга, улар билан суҳбатлашишга, биргаликда ишлаш шарафига муяссар бўлганимдан фахрланаман. Чунончи, Жамолхон Азизхонов урушдан сўнг Ўқувпеднашр (ҳозирги “Ўқитувчи” нашриёти)да директор, сўнгра партия Марказий қўмитасида масъул вазифаларда фаолият юритди. Мирзакалон Исмоилий ёзувчи сифатида машҳур бўлди. Журналист Мели Жўра умрининг охирига қадар “Ўзбекистон” нашриётида меҳнат қилди. Бир неча рисолалар қатори “Ноширнома” деган салмоқли асар ҳам ёзиб қолдирди. Менинг ноширлик фаолиятим бошланишига илк бор сабабчи бўлган Илёс Муслим эса болалар шоири бўлиб элга танилди. Илоҳо, Аллоҳ улардан рози бўлсин, борган жойларини равзаи райҳон жаннати ноилларидан қилсин. Уларнинг номлари, ёрқин сиймолари бугунги авлод қалбига мангу муҳрланган.

Бинобарин, фашизмга қарши жангларда қатнашган, фронт ортидаги фидойи меҳнати ва кучли иродаси билан буюк ғалабани яқинлаштирган юртдошларимиз хотираси ёш авлодни мардлик, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омилдир. 

Суръат АБДУКАРИМОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг