ЖЧ – 2018. Таассурот: Чилла тафти

215

Бир ой давомида ер юзидаги миллиардлаб инсонларга ҳаловатсиз, аммо завқли дамларни мўл-кўл ҳадя этган футбол бўйича жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Франция терма жамоаси иккинчи марта жаҳон чемпиони бўлди. Мамлакат футболчилари биринчи кубогини 1998 йилда қўлга киритган эди.

“Миллиардлаб мухлислар” эмас, ёппасига “инсонлар” дейишимизнинг боиси бор. Футбол бўйича жаҳон чемпионати – сайёра миқёсидаги ўзига хос улкан машваратки, у фақат мухлисларни эмас, балки инсон фаолиятининг сиёсат, иқтисод, маънавият… каби деярли барча қирраларини қамраб олади. Футбол, умуман спорт учун диний, миллий, ирқий, жинс ва ҳоказо чегаралар мавжуд эмас, у Одам Атонинг барча фарзандлари учун башарий қадрият эканлиги яна бир бор намоён бўлди.

Юртимизда ҳам футбол ҳаяжонлари мезбон майдонлардагидан асло кам бўлмади. Шу кунларда “Ҳеч бир восита мамлакатни дунёга спорт каби тез танита олмайди”, деган ҳикматли ибора такрор-такрор эсга олинган бўлса ажаб эмас. Ижтимоий тармоқларда баҳс-мулоҳазалар қизигандан-қизиди. Таниқли шоирамиз Зулфия Мўминова финалдан бир неча кун аввал: “ЖЧ. Ишонганим Хорватия…” дея умид билдирган эди. Финалдан сўнг эса ўз саҳифасига: “Кумуш… Бу меҳнаткаш ва маданиятли жамоага ҳурматимни пасайтира олмайди…” деб ёзди.

Дунё аҳли наздида шиддатли финал беллашуви бир ён, ушбу ўйинда ҳозир бўлиб, юртдошларини қўллаб-қувватлаган Хорватия Президенти Колинда Грабар Китарович хоним бир ён бўлди! Хабарларга қараганда, Колинда хоним жаҳон чемпионати муносабати билан маошсиз таътилга чиққан. Ўз ҳисобидан самолётга чипта сотиб олиб, оддий самолётда бир неча марта Россияга учиб келиб, Хорватия терма жамоасига мухлислик қилди.

Ижтимоий тармоқлардаги қизғин мунозаралар руҳи юртимизда кечаётган авжи ёз чилласи ҳароратидан асло кам бўлмади. Уларда бетакрор “футбол спектакллари”дан завқ­ланиш, шунингдек, кўп йиллик дарду аламлар, орзу-умидларимиз ҳам очиқ-ойдин акс этди. Мана, шундай мулоҳазалардан айримлари:

“Офарин Президент хоним, бутун дунё аёллари тугул эркакларига ҳам улкан инсонийлик ва ватанпарварлик намунаси кўрсатдингиз. Сизнинг миттигина давлатингиз мен учун чемпион! Нафақат футболда, юксак инсонийлик, матонат ва қатъият борасида ҳам чемпион!”

“Хорватия аҳолиси атиги тўрт миллионни ташкил этади. Исландлар улардан ҳам ўн маротаба кам, халқи ярим миллион ҳам чиқмас экан…”

“Французлар кубокни, хорватлар эса қалбларни қўлга киритишди…”

“Питбол кўрмайман, лекин болаларга қизиқиб, кубок топшириш маросимини кўрдим. Шу Президент аввало аёл, асл фидойи инсон экан. Кўз ёшларини ютиб, барчага табассум улашди. Унга раҳмат…”

“Опанинг Президент эмас, энг аввало АЁЛ эканлигини финалда бутун дунё кўрди. Ўз фарзандларини оналарча юпатиши, ўзи йиғлаб турсаям уларга таскин бериб, раҳмат айтишини кўриб, кўзимга ёш келди…”

“Аслида финалга етиб боришнинг ўзи – чемпионлик. Ишқилиб бизнинг футболчилар ҳам ўйинни кўрган бўлишсин-да?! Мен нима учундир, бизнинг футболчилар ўйин кўришмаса керак, деб ўйлайман. Агар кўришган бўлса, уларда ҳам умид уйғонарди, ишонч пайдо бўларди…”

“Бизникилар ҳам қўй ёғи ва қўй гўштида ош қилиб, финални кўрган, домла…”

“34 минг нафар томошабинга мўлжалланган «Бунёдкор» стадиони ёнидан ўтар эканман, кеча футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финалигача етиб борган Хорватия терма жамоаси мураббийи Златко Даличнинг берган интервьюси, хусусан, унинг: «Тўғрисини айтганда, юртимизда тузукроқ стадионнинг ўзи йўқ, футбол ўйнагани» – дегани эсимга тушди.

Давлатнинг қудратли бўлиши, ҳашаматли стадионлар қуришга қодирлигининг ўзи камлик қилар, миллий жамоамиз дурустроқ натижага эришиши учун яна кўп нарсалар, шу жумладан, виждон ҳам керак экан”, – хулоса қилдим ўзимча…”

Тa’lim-tarbiya maskanlaridan vijdonli kadrlardan ko’ra, «jig’ildonlilar» ko’proq yetishib chiqmoqda…

“Футбол шароит талаб қилмайдиган спорт тури ҳисобланади. Лекин бизда шароит йўқлигини баҳона қилувчилар кўп. Ниманидир баҳона қилиш керак-ку. Кот Д`ивуар, Сенегал, Нигерия ва шу каби мамлакатларда футбол ривожланган-ку. Сабаби – уларда халқ футбол билан нафас олади.

Биз – чойхона билан нафас оламиз…”

“Фақат спортдамас, ҳамма соҳага тегишли гап, бу. Ҳашаматли лицей бинолари, замонавий типдаги мактаблар, ОТМ иморатлари, қўйингки, одамнинг ўзи ҳам – чиройли суратга яраша тайинли мазмун керак экан…”

“Исми сир қолиш шарти билан шахси номаълум кишиларнинг маҳалла хотинларига (қайси маҳалла эканлиги суриштирилмоқда. Таҳририят.) таяниб айтишича, Умид Аҳмаджонов бугун Москвага бораркан. Финалда ғолиб бўлган терма жамоа бош мураббийини Ўзбекистон термасини бошқаришга кўндиришга ваъда берибди. Ҳазил – ҳазил-у, бироқ қарийб бир йилдан бери биттагина мураббий топилмаётгани чатоқ бўляпти…”

“Menga qolsa, Zlatko Dalichni olib kelardim!”

“Қурбон Бердиев… Туркман оғамиз номзодини ҳалиям ушлаб турибман лекин…”

“Туркман оғамизга пулимиз етса керак. Сколарига етган-ку?”

Хуллас, жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Гарчи футболчиларимиз унда иштирок этмаган бўлса-да, туғён-у ўй-хаёлларимиз мезбонларникидан кам эмас. Чемпионат ўтган шаҳар ва стадионларда дўппи кийиб, давлатимиз байроғини силкитаётган, ҳатто Андижон полкасига рақс тушаётган ҳамюртларимиз “ойнаи жаҳон”да тез-тез кўринишди. Бу ҳам бежиз эмас. Бизким ўзбеклар, эзгу орзу-ниятларимиз бир олам, некбин халқмиз. Кейинги чемпионатлардан бирига мезбонлик қилишдек орзу-ниятларимиз ҳам тобора бўй кўрсатяпти. Асосийси – бундай катта ният учун бизда журъат бор, зарур шарт-шароитни ҳозирлаш ўз имконимизда! Бир кун келиб, дунёнинг нариги бурчида яшовчи мухлислар интернетдаги ўз саҳифасига: “ЖЧ. Ишонганим – Ўзбекистон…” дея ёзишса, не ажаб!

Орзуга айб йўқ. Бугун юртимизда кечаётган кенг қамровли ислоҳотлар, туризмни ривожлантириш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз шундай орзу-ниятлар қилишимиз, улкан ва жиддий режалар тузишимиз учун асос-замин бўлади.

Бахтиёр Ҳайдаров

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг