Маънавий юксалиш асоси

476

Бугун ҳаёт шиддатли кечмоқда. Бошқа жабҳаларда бўлгани каби маданият ва санъат соҳасида ҳам ўзгаришлар суръати юксак, янгиланишлар кўлами кенг. Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар аниқ ва эзгу мақсадларга қаратилган: одамларимизни рози қилиш, уларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, онгу тафаккурини ўзгартириш. Шундай экан, энди ҳаётга янгича қараб, янада ғайрат-шижоат кўрсатиб ишлаш вақти келди. Аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга ғов бўлаётган камчилик ва муаммоларга адолатли ечим топиш – давр тақозоси. Давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат – ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий,  ҳам маънавий юксалиш сифатида дунёни кенгроқ англашимизга хизмат қилиб, тафаккуримизда катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 3 августда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувдаги  “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш — халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” деб номланган маърузасида айтган гаплари шу соҳалар вакиллари учун муҳим дастуриламал бўлиб қолди. 

Ана шу тарихий учрашувга ҳам бир йил бўлиб қолди. Ўшанда давлатимиз раҳбари адабиёт ва санъатимиз, миллий маданиятимизнинг бугуни, эртаси ва унинг янада ривожланишига  доир жуда кўп қимматли маслаҳатлар берган эди. Учрашувда қатнашиш бахтига муяссар бўлган маданият ва санъат соҳасининг вакили сифатида Президентимизнинг ижод аҳлига бўлган чексиз меҳрини, бағрикенглигини кўриб қалбим ғурур ва ифтихорга тўлганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мазкур тарихий учрашув маданият ва санъат аҳлини яратишга, янгиланишга чорлади. Унда миллий эстрада ва мумтоз қўшиқчилик санъати олдида турган  долзарб муаммолар  хусусида ҳам атрофлича фикр юритилиб, таҳлилий ва танқидий мулоҳазалар билдирилган эди. “Халқимизнинг ноёб мероси бўлган мақом санъатини нафақат юртимизда, балки бутун дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш, керак бўлса, халқаро миқёсда мақом танловларини ташкил этиш устида ишлашимиз керак”, деган даъвати ўшандаёқ кўпчилигимизни тўлқинлантириб, олди-қочди, сохта қўшиқчи-машшоқларнинг усулсиз куйларига чек қўйилаётгани маълум бўлган эди.

Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов ўзбек халқининг Марказий Осиёга таъсирини қадим Византиянинг Европага таъсирига қиёслаган эди. Улуғ арбоб бу гапни беҳудага айтмаган. У халқимиз даҳосини асрлар, минг йилликлар силсиласида намоён этиб келаётган миллий адабиётимиз, санъатимиз, умуман маданиятимиз тимсолида баҳолаганига шубҳа йўқ. Мақом – миллатимизнинг ана шундай тимсолларидан биридир. Санъатимизнинг гултожи бўлган “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий мероси сифатида эътироф этилиб, Репрезентатив рўйхатига киритилгани бежиз эмас.

Мақом санъатимиз азалдан инсонларни эстетик тарбияловчи воситалардан бири бўлиб келган. Давлатимиз раҳбари томонидан  имзоланган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарор эса уни янада теранроқ ўрганиш, тарғиб қилишдек улуғвор ишларда дастуриламал вазифасини ўтайди. Энди  аслни сохтадан, ҳақиқийни нусхадан ажратиш вақти келди.

Шу маънода, мазкур қарор миллий маданиятимиз арконларининг асосларидан бири ҳисобланган мақом санъати истиқболи борасидаги тарихий ҳужжатлардан бўлиб қолиши, шубҳасиз. Унда миллий мақом санъатини ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий камолотда  тутган ўрни, қадимий маънавий-маданий қадриятлар ва миллий анъаналарни қайта тиклаш ҳамда бойитиш, шунингдек, бозор муносабатлари шароитида мумтоз санъатимиз тараққиётини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш сингари масалалар қамраб олингани соҳа истиқболида муҳим аҳамият касб этади. 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш, Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва миллий созлар лабораториясини ташкил этиш каби мақсад ва истаклар замирида Ватан, миллат, халқнинг орзу-умидлари, миллий ва умумбашарий қадриятларнинг уйғунлиги, қолаверса, буюк  меросимизга чексиз  ҳурмат ва эҳтиром мужассам. Мазкур халқаро миқёсдаги йирик анжуманнинг дастлабкиси шу йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда бўлиб ўтади.

Мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантириш борасидаги мақсад ва вазифалар жуда ҳам улкан. Кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида маънавий бўшлиққа ёки кўнгилга келган ишларни қилаверишга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Президент зиёлилар билан бўлган учрашувда Мудофаа вазири билан Маданият вазирининг вазифаларини қиёслаб ўтгани бежиз эмас, албатта. Бундан хулоса шуки, давлат мудофаасиз мустаҳкам бўла олмаганидек, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланган маданият ва санъатсиз ҳам маънавий юксалишга эриша олмайди. Ўтган давр мобайнида Маданият вазирлиги Президент томонидан қўйилаётган вазифалар ижросини таъминлаш борасида кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.

Халқимизга манзур бўладиган ишлардан бири халқ оғзаки ижодиётининг  қадимий анъаналарини тиклаш ва миллий қадриятларни изчил ривожлантириш, бахшилар ва достончилар ижодининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш, уларнинг ижодини мукаммал ўрганиш ва ривожлантириш, бахши-шоирлар ижодининг ўзбек маданияти ва санъатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, шунингдек, ўқув-услубий адабиётлар яратиш, устоз бахшилар ва достончилар, соҳа олимлари ва мутахассислари, иқтидорли ёш бахшиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарордир.   Фольклор санъати ижодкорлари ўртасида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзбек фольклор  санъатини янада тараққий эттириш, халқ ижодиёти анъаналарини жаҳонга тараннум  қилиш мақсадида 2019 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” ҳамда 2018 йилдан бошлаб Навоий вилоятининг Нурота туманида “Нурли наволар” халқаро фольклор  фестивалларини ўтказиш тўғрисидаги қарорлар халқ ҳаваскорлик санъатига бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.  Шу йил 30-31 май кунлари ўтказилган “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали хайрли ишларнинг бошланиши бўлди. 

Фестивалнинг “Нурли наволар” деб номланиши бежиз эмас, албатта. Аслини олганда  Ўзбекистонимизнинг келажаги нурли, мамлакат, юрт раҳнамосининг ғоялари нурли, қолаверса,  бугунги ҳаётимиз нурли, эртанги кунимиз – истиқболимиз нурли. Ҳатто қалбларимизнинг ҳам нурли орзу-мақсадларга тўлалиги халқимизнинг  нурли  чеҳраларида акс этиб  турибди. Ана шу нурафшонлик ва нурли келажак куй-қўшиқларимизга кўчяпти. Фестивалга бағишлаб ёзилган (Нуриддин Аминжонов ва Азиз Турдиев сўзи, Фарҳод Абдуллаев мусиқаси) Яҳё ва Муҳсин Мўминов ижросидаги “Нурли диёр навоси нурли” байрам таронаси тадбирнинг асл моҳиятини очишда катта аҳамият касб этди. Фестивалда Қозоғистон, Тожикистон ва Афғонистон Республикаларидан ташриф буюрган  санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқлар  ушбу анжуманнинг нуфузини янада оширди.

Анъанага айланган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали каби халқ ижодиётининг нодир  дурдоналарини ўзида мужассам этадиган бундай фестиваллар ҳам келажакда ўзбек халқининг қадимий санъати билан дунё халқлари фольк­лор қўшиқларини боғлаб турувчи улкан маънавий кўприкка айланишига ишончимиз комил.

Президентимиз 2017 йил  25 декабрь куни маданият ва санъат соҳасини ­ривожлантириш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлашга бағишлаб ўтказган йиғилишда: “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди”, деган эди. Шу маънода, маданият –халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Хулоса шуки, халқимизнинг ривожланиш ­даражаси, аввало, миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Давлатимиз ­раҳбари раҳнамолигида Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган ­эканмиз, демак, ҳаммамизнинг биринчи галдаги вазифамиз, аввало, миллий ­маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этишдан иборат.

Азамат ҲАЙДАРОВ,

Республика маданият  муассасалари фаолиятини ташкил этиш

илмий-методик маркази директори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг