Замон, инсон ва модерн шеърият

864

Жаҳон замонавий адабиёти ғоят ранг-барангдир. У ўзига хос синтез адабиёти бўлиб шаклланмоқда. Унда классицизм, романтизм, натурализм, реализм, модернизм, постмодернизм… хуллас, ҳамма “изм”лардан нимадир бор, шу йўлда жадал илгарилаб бормоқда. Бадиий тафаккурда ҳис қилинган эркинлик боис Истиқлол йиллари ўзбек адабиётида, хусусан, шеъриятида бошқа йўналишлар қатори модернизм ҳам ўзлигини танитди. Натижада ҳозирги замон ўзбек адабиёти ҳақида сўз борганда, ҳеч иккиланмасдан, ўзбек модерн шеърияти, ўзбек модерн насри ҳақида мулоҳаза юритиш мумкин бўлди. Бу эса, юқорида таъкидланганидек, ўзбек ижодкори бадиий тафаккуридаги эркинликдан, адабиётимизнинг эса турфалашаётганидан дарак берувчи ижобий ҳолдир. Қуйидаги суҳбат адабиётимиздаги ана шундай янгиланишлардан бири – ўзбек модерн шеъриятининг айрим масалаларига бағишланган. Суҳбатдошлар: таниқли ёзувчи, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Улуғбек Ҳамдам ва қорақалпоғистонлик шоир ва тадқиқотчи
Анвар Алламберганов.

А.Алламберганов: — Модер­низм анъаналарни рад қилади. Сизнингча, анъаналардан узилган адабиёт боши берк кўчага кириб қолмайдими?

У.Ҳамдам: — Ҳа, модернизм анъаналарни инкор этади. Лекин ўрнига ўз реаллигини тақдим қилади. Аввало, нега инкор этади? Чунки у реал ҳаётда бахтли бўлишнинг имкони йўқ, инсон фақат ўз хаёлларидаги инсондек яшай олади, деб билади ва испан эстети О. Гассет ибораси билан айтганда, кўз соққаларини 180 С.га буриб, эътиборни ичкарига қаратади. Модернизмнинг реаллиги ичкарида, инсон ботинидаги реалликдир. Лекин бундай хулосага у “ҳе” йўқ, “бе” йўқ,  теп-текис йўлда келдими? Асло! Тарихдан маълумки, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари оқибатида миллион-миллион бегуноҳ инсоннинг ёстиғи қуриди. Бу даҳшатлар ўарб тафаккур эгаларининг кўз ўнгида содир бўлди. Натижада “бани одам дунёни қўл билан ислоҳ қила олмайди, ҳақиқий ҳаёт, бахт инсоннинг хаёлларида”, деган фикр туғилди. ХХ аср санъаткори шундай дейишга мажбур бўлди. “Хаёл, хаёл, ёлғиз хаёл гўзалдир, Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқамен…” деб ёзмадими худди шу давр фарзанди, улуғ ўзбек шоири Абдулҳамид Чўлпон. Албатта, кейинроқ, модернизм ўзини ҳар кўйга солиб кўрди, жумладан, у адабиётни ўйинга айлантиришга уринди. Бу нарса, айниқса, модернизмдан кейин келган постмодернизмда авж олди. Айни ҳол номлари зикр этилган оқимларнинг, сиз айтгандек, боши берк кўчага кириб бораётганидан дарак эди. У ёғини сўрасангиз, танглик ҳозирги дунёнинг ўзида мавжуд. Академик Юрий Борев башариятнинг ҳозирда боши берк кўчага кириб қолганию унинг юриши учун янги парадигманинг, яъни йўлнинг йўқлиги ҳақида бонг урмоқда. Модомики, боши берклик замонавий ҳаётда ўзига хос жараён бўлса, демак, “изм”лар (жумладан, модернизм) ҳам ана шу ҳаётий кайфиятни акс эттираяпти экан-да. Шунга қарамай, қаноатимча, янги парадигмага эҳтиёж бор экан, у ҳали изланади, изланмоқда ҳам.

А.Алламберганов: —  Ижодий малака юксалишида модернча талқин қандай ўрин тутади деб ўйлайсиз?

У.Ҳамдам: — Қарши бўлмасангиз, модернча талқинни умуман модернча тафаккур тарзи деб олсак. Чунки модернча тафаккур тарзи бўлмасдан талқин ҳам бўлмайди. Хуллас, ушбу тафаккур тарзининг бугунги, замонавий ижодкор малакасининг ўсишида жуда катта аҳамияти бор. Чунки модернизм, айримлар иддао қилаётганидек, олифталик эмас. У ҳаётнинг ўзидан ўсиб чиққан бир оқим, бир кайфият, ўзликни ифода этишнинг бир йўли. Бу йўлнинг сиру синоатларидан хабардор бўлиш эса, ўйлайманки, ижод устаси учун кони фойда. Ахир, уста курашчи курашнинг барча усулларини билгани яхшими ёки акси?.. Демак, қайси “…изм” бўлишидан қатъи назар, ҳақиқий ижодкор уларнинг ҳавосидан симириб, керакли жиҳатларини кифоя қилгулик даражада ўзлаштирган бўлса, бу фақат ютуқдир.

А.Алламберганов: — Сизнингча, халқчиллик принципи шеърни  санъат даражасига олиб чиқадиган омил бўла оладими ёки йўқми?

У.Ҳамдам: — Албатта,  бўлади. Фақат бунинг битта шарти бор: ижодкор истеъдодли бўлсин! Истеъдод, истеъдод, яна бир бор истеъдод! Фақат у ҳал қилади.

А.Алламберганов: — Устоз Озод ­Шарафиддинов “Модернизм – жўн ҳодиса эмас”, дея унга  эҳтиёткорлик билан ёндашса, Сувон Мелиев модерн йўналишини тамомила инкор этиб, бу йўналиш асл бадииятни тушунмайдиган ва яратолмайдиган  ижодкорлар йўли, дея ҳукм чиқаради. Ҳар иккала қарашга ўз фикрингизни билдирсангиз?

У.Ҳамдам: — Шўро даврида модернизмга тақиқ қўйилди. Бу ишнинг ўзига яраша арзигулик сабаблари бўлса-да(чунончи, модернизм индивидуализмни ёқлайди, ахлоқий чегара танимайди, ҳар қандай анъанани инкор қилади ва ҳоказо), оқимнинг дунё тан олган, жаҳон адабиётида алоҳида мавқега эга бўлган вакиллари бор эдики, уларнинг асарларини ман қилиш инсонни яхши билмаслик, унинг бадиий тафаккур тадрижини менсимаслик билан тенг эди. Зеро, модернизмни билишга интилиш инсонни билишга, унинг ботинидаги пучмоқларга бўйлашга, ичкаридаги зиддиятлардан бохабар бўлишга интилишдир, бунинг маҳлиёлик ёки ғарбпарастликка асло алоқаси йўқ. Инсоннинг санъату адабиётдаги ҳар бир  ҳодисанинг туб илдизларига соғлом назар сола олиши, алалоқибат, унинг дунёқараши бутунлигини таъмин этибгина қолмай, маънавий иммунитетини ҳам чиниқтиради. “Модернизм нима?” деган саволга дунё ва ўзбек олимлари кўпдан бери жавоб бериб келишади, ҳалигача бу масала устида баҳслар якунлангани йўқ. Модернизм, ўзбек олими О.Шарафиддинов таъкидлаб айт­ганидек, “жўн ҳодиса эмас”. Ўзбек адабиётшунослигида, айниқса, Истиқлол йиллари модернизм атрофида қизғин баҳслар бўлди. ­Баҳсларда, асосан, модернизмни ўзбек менталитетига бутунлай ёт мафкура ёки, аксинча, модернизм инсоният бадиий тафаккур тадрижининг бир босқичи, уни ўқиб-ўрганишнинг ҳеч бир зарари йўқ, деган икки қараш айтилди.  Чунончи, сиз эслаган адабиётшунос олим, ўзига хос қарашлар эгаси Сувон Мелиевнинг чиқишларидан ташқари филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Саримсоқов “Абсурд маънисизликдир”(“ЎзАС”, 2002, 28-июнь) мақоласида модернизм оқимларидан бири — абсурдни кескин танқид остига олади, уни “инқироз”, экзистенциализм оқимини эса “субутсиз” деб атайди. Бу қарашга жавобан филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов ўз қарашларини илгари суриб, абсурд ва экзистенциализм  йўналишидаги асарларга санъат ҳодисаси сифатида қараш кераклигини айтади: “Б.Саримсоқовнинг абсурд ва экзистенциализмга берган баҳоси ўта мунозарали. Санъат ҳодисаси сифатида абсурд тушунчаси бу сўзнинг луғавий маъносидан ўзгачароқдир. Абсурд, Б.Саримсоқов даъво қилганидек, асло маънисизлик эмас, балки, аксинча, теран маънога эга. Абсурд адабиётда, санъатда адашган, алданган, беҳуда, самарасиз меҳнат-фаолиятга, маънисиз қисматга мубтало этилган шахснинг фожиасини очиб бериш, кутилмаган томонлардан ўзига хос тарзда бадиий таҳлил этишдан иборат”. Кўриниб турганидек, қарашлар ҳар хил, зиддиятли. Баҳсу мунозаралар ҳали-ҳануз давом этмоқда. Талаба ёшлар бу баҳсда қайси фикр жўялироқ, яъни ҳақиқатга яқинроқ эканини билиш учун эса модернизм ва унинг йўналишлари моҳиятини теранроқ ўрганиб чиқишлари лозим бўлади.

А.Алламберганов: — Жиддий янгиланаётган адабий тафаккурга турли хил йўналишлар таъсири ортиб бормоқда,  хусусан, модернизм ўрнини  эгаллаётган постмодернизм таълимоти таъсирини таъкидлашимиз мумкин. Пост­модерн­ча талқин шеърий дунёқараш юксалишига олиб келадими ёки аксинча?

У.Ҳамдам: — Постмодернизм модер­низм­дан кейин келган бўлиб(“пост” — ­ке­йин), ўта мураккаб адабий оқимдир. ­Адабий оқим дейилса-да, постмодернизм худди модернизм каби инсон дунёқарашига таъсир қилган, кенг тармоқли ва ғоят зиддиятли ҳодисадир. У ҳақдаги қарашлар ҳам тугалланмаган. Чунки ҳодисанинг ўзи ­давом этмоқда. Қаердаки хаос бор экан, у ерда постмодернизм ҳам бор, дея қаралади. Хаос эса, ҳозирда дунёнинг ҳамма ­жойида бор.

Постмодернизмни майдонга чиқарган кўпдан-кўп омилларнинг бир нечасига эътибор берамиз:

  1. Дунё маданиятларининг қоришуви. Бунга электрон ахборот воситаларида рўй берган тезкорлик, масалан, телевидение ва интернетни асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатиш мумкин. Натижада турфа хил маданиятлар илгари ҳеч қачон кўрилмаган, кузатилмаган даражада бир-бирига таъсир қилди, бир-бирига қоришди. Турмушдаги бу ҳол (эклектиклик) санъат ва адабиётга ҳам кўчиб ўтди. Турли санъатлар ўзаро бир-бирига “аралашди”.
  2. Оммавий дидсизлашув. Бунга сабаб қилиб олимлар бадиий асар қимматини унинг қанча кўп фойда келтирганлиги билан ўлчанишини кўрсатишади. Оқибатда бадиий асарга санъат асари деб эмас, балки товар ўлароқ қаралди ва шундай “ишлаб чиқара” бошланди. Услублар, жанрлар қоришди, мутацияга учради. Чинакам санъат асари билан оммавий асар ўртасидаги чегара бузилди. Санъат асари дизайнлашди, яъни фақат унинг ташқи безагига эътибор кучайди. У сотиладиган товарга айлантирилди. Буларнинг ҳаммаси бир бўлиб эса оммавий дидсизлашувга йўл очди.
  3. Дунё ҳолининг доимий ўзгариб туришини фалсафий, бадиий эстетик идрок қилиш натижасида умидсизлик, эртанги кунга ишончнинг йўқолиши ва ҳоказо.

Бу ва бунинг каби бошқа омиллар постмодернизмни пайдо қилди.Булардан таш­қари, реалистик санъат оламни тушуниш ва тушунтиришга уринган метаривоятлар яратган бўлса, постмодернизм уларни бекор санайди, ўрнига бутун олам ҳақида эмас, балки унинг парчалари ҳақида тасаввур берадиган кичик ҳикоялар яратади. Чунки фақат парчаларгагина ишониш мумкин, деб билади. Мутахассисларнинг фикрича, айни шу хусусият постмодернизмни модернизмдан ажратиб турувчи асосий фарқдир. Чунки модернизм ҳам худди реализм каби дунёни яхлит кўради, воқеликни бадиий идрок этиш мумкин эмас, деб билса-да, унинг яхлит, бутун моделини яратишга уринади. Постмодернизм эса воқеликни парча-парча ҳолида кўради ва ифодалайди. Постмодернизм учун ижоднинг, асарнинг ўзи жараён, мақсаддир. Унингча, бадиий асар ташқаридаги оламни тушунтириб беришга қодир эмас, шунинг учун ижод жараёнининг ўзи қадрият. Зеро, дунёни англаб бўлмайди, унинг ўзи маъни(логос)дан холи, деб билади. Постмодернизм анъанавий маданият негизидаги логоцентризмни инкор қилади. Бас, шундай экан, дунё ҳақида муайян маънога суянган концепцияни илгари сураётган муаллифнинг ўзи ҳам қадрини йўқотади. Чунки постмодернизмга кўра, муаллифни қадрли қилаётган логос(маъни) ўз аҳамиятини йўқотгандир. Модомики, дунёни маъно ёрдамида тушунтириб бўлмас экан, уни тушунтирмоқчи бўлган муаллифнинг ҳам ўрни бўлмайди. “Муаллиф ўлими” концепцияси шундай вужудга келган. ­Дунёни узуқ-юлуқ ривоятларгина тушунтириши мумкин, дейди пост­модернизм…

Энди, Анвар, ўзингиз хулоса чиқаринг, мана шунча гапдан кейин “постмодернча талқин шеърий дунёқараш юксалишига олиб келадими?..”. Назаримда, постмодерн дунёқараш ва ифода йўсинини ўз дунёқараши ва услубига пайванд қилган, лекин бу дунёқарашда ўзлигини йўқотиб қўймаган ижодкоргина мазкур йўналишнинг маҳв этувчи бўронларидан омон чиқа олади. Фақат шундай ижодкорнинг шеърий дунёқарашида, айтайлик, бадиий тафаккур тадрижида силжиш бўлиши мумкин. Мен бу ҳақдаги мулоҳазаларимни “Инсон ва постмодерн дунё” деган шеъримда тўлиқроқ ифодалаганман.

А.Алламберганов: — Сизнингча,  ўзбек модерн шеъриятида миллий ва умуминсоний қадриятларга  эътибор нечоғлик?

У.Ҳамдам: — Бу масала ўзбек шеършунослигида монографик планда ҳали ўрганилган эмас. Жумладан, мен ҳам масалани сиз қўйган тарзда қўйиб тадқиқ қилган эмасман. Ҳозиргача модернизм ҳақида ёзганларимиз унинг умумий қиёфасини чизишга қаратилди, десам кўнглим хотиржам топади. Чунки йўқ нарсани бор қилиб кўрсатмаган бўламан-да. Демак, бу каби масалалар сиз каби ёш тадқиқотчиларини кутиб турибди.

А.Алламберганов: — Тилни билмай шеър ёзишга жазм қилган шоир сузишни билмай дарёга тушган анойига ўхшайди, дейишади. Ҳозирги кунда  шеър нималигини билмай ёки модернизм­нинг асл моҳиятини англамай модерн йўналишида ижод қилаётганлар кўп. Булар ҳақида нима деган бўлардингиз?

У.Ҳамдам: — Ҳа, ҳозирда модернизм айрим истеъдодсиз қаламкашлар қочиб бориб остига яширинадиган катта хона бурчагидаги столга айланиб қолди. Улар ана шу стол остига кириб олсак, бас, модернист бўламиз-қоламиз, асли ким эканлигимизни ҳеч ким билмайди, деб ўйлашиб, тушунуксиз, нуқта-вергулсиз ва қофиясиз мисралар йиғиндисини модернистик шеър бўлса керак, деб тахмин қилишади, бошқаларни ҳам шунга ишонтирмоқчи бўлишади. Асло! Модернизм жуда мураккаб ва ранг-баранг оқимдир. Шунинг учун ҳам ҳали ҳеч бир шоир ёки носир ўзбек адабиётида чинакам модернизм ҳодисаси бўлиб кўз олдимизда қад ростлаган эмас. Бошқа томондан, биз Шарқ фарзандларимиз. Ўзбек ижодкори сиймосидан ўарб модернистини қидириш ҳам тўғри эмас.

А.Алламберганов: — Ёзувчининг ўқувчига айтаётган дарди қанча кучли бўлса, асар тили шунча бийрон бўлади. Умуман олганда, модерн шеърияти анча “мужмал”дек. Ёки бу руҳда ижод қилувчи  шоирларнинг ёзаётганларида дард йўқми?

У.Ҳамдам: — Анъанавий шеърият ­Шарқда мингйиллик тажрибага эга. Модернизм эса — кечаги бола. (ўарб эса постмодернизмни “яшаб ўтди” ҳисоб.) Шунинг учун ҳам аруз ва бармоқда баланд савиядаги меросимиз бор. Модерн руҳли шеъриятимиз эса ҳали ёш. Шунга қарамай, ширин мевалари йўқ эмас. Ўйлайманки, ўзбек модерн шеъриятидаги изланишлар, худди бошқа жанрларда бўлганидек, ҳали давом этади ва кун келиб ўзининг гўзал намуналарини беради.

Маҳмуд САЪДИЙ тайёрлади.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг