Ҳаёт – гўзал шеърдир (шеърлар)

219

* * *

Эй соғинчнинг маъюс сафарларида,
Исмимга нилуфар гулини эккан.
Шамол тўккан ғамгин ифорни ҳидлаб,
Йиллар соҳилида йиғлаб энтиккан.

Эй тунни тунларга уриб синдирган,
Қалбнинг тўлғоғини куй қилиб чалган.
Ҳаёт юрагидан силқиб ўтгувчи —
Нурнинг кесмасида чизилиб қолган.

Тинглайман, овозинг келар тупроқдан
Ва яна келади осмон қаъридан.
Ёдингни ўчириб боради кунлар,
Қисмат дафтаридан, ишқ дафтаридан.

Қайси пайт хазонрез боғлар ҳайқирди:
— Биз томонга ўтма, ўтма биз томон.
Ўтдим,
алангалар оралаб ўтдим
Энди мени севар шамол ва хазон.
Мен куз аҳлиданман,
ёмғирлар билан,
Сувларга чизаман ҳаёт расмини.
Ҳар куни елкамга осмонни ёпиб,
Шамол ўргатади кетиш рақсини…

Эй сен, эслагувчим ишқ соҳилида,
Эй сен, шафақзорлар ичра йўқолган.
Не учун сувратинг кўнглимдан ўтган —
Нурнинг кесмасида чизилиб қолган.

* * *

Шамолда чиройли куй энтикади,
Дарахтларнинг кулранг қовурғасида.
О, ҳаёт таъсирчан шеърга ўхшайди,
Ёришиб келаётган тонг нафасида.

Бу шеърни ёдлайман зукко толибдай,
Йиртиб қайғу чизган хариталарни.
Орзуни туш кўриб ухлаётганлар,
Туринг, тонгга очинг даричаларни.

Ҳаёт — гўзал шеърдир,
жон деворига,

Қайта туғилайлик самандар мисол,
Замин ва осмоннинг муҳаббатида.

Хўрсинманг,
осмонга дарз етмасин,
Кўнгилни тоблайлик  кун назарига.

Кетайлик,

Кетайлик саболар билан,
Майса сафарига, ишқ сафарига.

Дунёнинг энг гўзал куйин яратсин,
Томиримиз чертиб куйчи чақмоқлар.
Қаҳ-қаҳа отайлик жўр бўлиб бирга,
Қиқирлаб кулганда момоқаймоқлар.

 

Башоратчи уфқ ёнида туриб,
Кўрайлик,
шодлик илдизидан ажралганин ғам.
Сарғайиб, ичикиб қолмасин ахир,
Уйдан олиб чиқинг орзуларни ҳам.

Қаранг, қандай гўзал, қандай чиройли,
Гулнинг соғинчини ҳўплайди тикан.
Юришга ҳолим йўқ, дея зорланманг,
Олдда дарахтлар бор суянадиган.

Ҳаёт — нафис шеърдир, кечикмай  ёдланг…

* * *
Хонам хомуш эди,
шаббода кирди —
Очиқ деразадан югурганча шод.
Ва настарин ҳиди ҳаво тилида —
Ўтган ишқ қиссасин куйлади озод.

Осмон яқин келди, оқ булут қўнди,
Кўнглим дарахтининг шохига қушдай.
Зулматлар ажралиб кетди руҳимдан,
Шовқинзорга чўккан ҳазин товушдай.

Жонимнинг қоронғу бурчакларига,
Энтикиб таралди нури ҳувайдо.
Шунча яшилмиди,
ям-яшилмиди —
Сабзага чайилган қўлларинг, само?!.

Сен келдинг.
Ёмғирлар таронасида,
Ҳисларни чайқадинг, эй зумрад мироб.
Янги келинчакдай саломга келди,
Уфқнинг уйидан чиқаётган офтоб.

Осмон руҳидаги тиниқ овозни,
Тингладим дарёни тинглаган мисол.
О, бунча завқ билан қандай яшайман,
Кун кўрдинг, дегани  шудир эҳтимол.

Эҳтимол қайғуга бормасман энди,
Дард босган юракни ювди ҳаяжон.
Эй ҳаёт, ростини айтгин кўзингга,
Мана шундай кулиб қарадим қачон?!

Сен келдинг,
гулладим, ахир сенгача —
Қор эдим, оёқлар изи қолган қор.
Ташаккур, келганинг учун аммо айт —
Сенга манзилимни ким берди, баҳор?!
* * *
Дадам бор эди, дадам,
Ҳайбати тоғларни қилгудек талқон…
Онам бор эди, онам,
Ҳар қандай қайғуни айлаган ризвон…
Улар кетди.
Улар билан кетди нимадир,
Ортидан қолгани — биз олти нафар,
Ва яна қолди
суяк-суягига болалигимиз
Сингиб кетган ҳовли муштипар…
Адашган қуш патлари каби,
Тўрт томонга тўзғиб кетган биз,
Дадамизнинг юрак парчасин,
Онамизнинг  юрак парчасин —
Билиб билмай узиб кетган биз —
Йиғилишдик,
Ҳануз бурчак-бурчакларидан,
Меҳр сизиб турган ҳовлига.
Биздай бешафқатлар юрак уришин —
Санаб, сезиб турган ҳовлига…
Катта укам айтди: — Сотамиз, тамом.
Кичик укам айтди:
— Ижарага қўйсак бўлмасми?!
Ўйладим:
Болалик хотираларин ижарага қўйса,
Ёхуд сотса бўлармикин,
Бўлармикин, кўнгилда барқ уриб гуллаган
Соғинчни илдизидан суғуриб?!
Назаримда дадам ўйчан қараб турарди,
Онам йиғлар эди ҳовли супуриб…
Ва яна,

Ва яна тўкилар эди,
Хазонга айланган дунё дардлари.
Бизга ниманидир айтгиси келиб,
Беруҳ сочиларди,
Бағри қонга тўлган олма барглари.
Гулзордаги сарғайган гуллар,
Бош уриб шамолда урарди фарёд.
Ҳовлининг киртайган кўзига боқиб,
Йиғладим,
Бўғзимга тиқилди ҳаёт.
Ва дедим: Бас қилинг, етар энди бас,
Ҳовли сотилмайди,
Қўйилмайди ижарага ҳам.
Уни таъмирлаймиз, уни асраймиз…
Қаҳ-қаҳ уриб кулди бош чайқаб укам.
Сўнг жим қолдик,
Ҳовли юзида —
Эшитилгандек бўлди қадам товушлари.
Ва дарахт шоҳига қўниб бизларга
“Муножот”ни айтди кузнинг қушлари.
Сездик онам руҳи,
Дадамнинг руҳи
Кезиб юрар эди ҳовлида  майин
Кейин тарқалишдик.
Дилимни ҳануз
Нимадир эзади, янчар кун сайин
… Кучли ёмғир ёғар, осмон қорайган
Ўйлайман, гулларни юлгандир шамол.
Дадамнинг кўзида, онам кўзида –
Йўл пойлаб чарчаган ҳовли эҳтимол.
Ёмғир шаррос қуяр, соғинчларим ҳўл
Юзимни ўгириб дунёдан,
бари-баридан,
Хавотир оламан кимсасиз ҳовлидан
Ва яна дадамнинг қабридан,
Онам қабридан…
…Дадам бор эди, дадам,
Ҳайбати тоғларни қилгудек талқон…
Онам бор эди, онам,

Ҳар қандай қайғуни айлаган ризвон…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг