Кутубхона  очган фермер

287

Ўқилаётган китоб икки қаноти очиқ турган дарвозага ўхшайди. Бу ҳаёт, илм-маърифат эшигидир. Остонадан ўтар экансиз, турфа ҳикматларга, ноёб хазиналарга дуч кела бошлайсиз. Фақат бу маънавий бойлик қўлга берилмайди, балки қалбга, тафаккурга инади, кейин китоб ўқиган кишининг файзиёб суҳбатларида, ажойиб фазилатларида, хислатларида, кундалик турмушида намоён бўлиб, атрофига зиё таратади. Китоб ўқиган одамнинг йўриғи ҳам, гап-сўзи ҳам ўзгача: уларни халқимиз ўқимишли одам, зиёли деб улуғлайди. Норин туманининг Қозоқовул қишлоғидаги фермер Нодиржон Сиддиқов ҳам ана шундай одамлар сирасидан. У ўзи туғилиб ўсган қишлоғида бутун бошли кутубхона бунёд этди. Албатта, бу воқеани кўрган одамлар ажабланиши мумкин. Одатда ижодкорлар, маданият ходимлари ўзлари йиққан китобларни кутубхонага туҳфа этганини кўп эшитганмиз. Яна, қишлоғида турли маиший хизмат шохобчалари очган тадбиркорлар ҳам истаганча топилади. Аммо чекка бир қишлоқда кутубхона очиб, ҳамюрт­лар кўнглини обод қилаётган, ­зиёлилар сафини кенгайтиришга бел боғлаган фермерни илк бор учратишим ва унинг ибрати, бешак, таҳсинга лойиқ.

Одам ҳавас қилгулик кутубхона қишлоқнинг қоқ марказида жойлашган: янги бино, янги жиҳозлар, янги ва эски китоблар… Тўғриси, яхши китобнинг эскиси бўлмайди! Нодирбекдан нима учун айнан кутубхона очишга қарор қилгани ҳақида сўрадим.

– Отам Олимжон ота Сиддиқов ­болалигимиздан бизни китоб ўқишга рағбатлантирган ва буни маънавий эҳтиёжга айлантира олган. Биринчи ўқиган китобим “Беш болалик йигитча”ни ҳамон ҳайрат билан эслайман. ­Ке­йинчалик Саид Аҳмаднинг “Уфқ” ­трилогияси, Ўткир Ҳошимов асарлари, жаҳон адабиёти хазинасидан  “Қўрқинч­ли ­Теҳрон”, “Чолиқуши” ва бошқа ­романлар менинг болаликдаги севимли ­китобларим эди.

Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш ­борасидаги ташаббуси боис кўнглимда янги кутубхона бунёд этиш нияти туғилди. Акаларим ва опаларим билан маслаҳатлашиб, отамиз кўп йиллар давомида жамлаган, аксариятини ўзимиз ўқиб чиққан китобларни алоҳида кутубхона қилишга қарор қилдик. Бундан хабар топган вилоят ҳокими ташаббусимизни қўллаб-қувватлади ва кутубхона очилишида шахсан иштирок этиб, янги нашр этилган китоблар совға қилди. Туман ҳокимияти ҳам қараб турмади. Хуллас, икки ярим мингдан зиёд китоб фондига эга мўъжазгина кутубхона ташкил топди.  Эзгу ниятли одамнинг ишларига Яратганнинг ўзи мададкор бўлар экан, даладаги юмушларда ҳам, кутубхона қурилишида ҳам, уйда ҳам баракасини берди. Ишларимиз юришиб кетди.

Нодирбек ёши қирқлардан ўтган бўлса-да, табиатан мулоҳазали, камтар, камсуқум, аммо айтган ҳар бир сўзи маъноли. Бундан ўн саккиз йил аввал ташкил этган фермер хўжалигини икки акаси билан юритади, 70 гектар ер майдонида пахта ва буғдой етиштиради. Оталаридан ака-укаларга қолган бебаҳо мерос – ўзаро ва маҳалла аҳли билан аҳиллик,  хушмуомалалик, деҳқончилик тажрибаси, қолаверса, китобга бўлган меҳр унинг хатти-ҳаракатларида сезилиб турибди.

Суҳбатимиз жараёнида у Қозоқовул қишлоғи марказида, катта йўл бўйида, эътибордан четда қолган ерда кутубхона қурилиши жараёни муҳрланган суратларни кўрсатар экан, 2017 йил июль ойида бошланган кутубхона қурилиши тез фурсатларда битирилиб, янги жиҳозлар билан таъминлангани ва 2018 йил 31 январь куни очилиш маросими ўтказилганини сўзлаб берди. Албатта, бу ишлар фермернинг ўз вақтидан кечиктириб бўлмас деҳқончилик ишлари – пахта йиғим-терими, кузги шудгор ва буғдой экиш билан баб-баробар олиб борилган. Хуллас, февраль ойидан кутубхона чинакамига иш бошлаган ва Олимжон ота Сиддиқов номи билан аталган.

 – Отамиз  Олимжон Сиддиқов йигирма йилча ҳозирги Бўстон қишлоғидаги хўжаликда раис бўлган. Нафақага чиққанларидан кейин ҳам эл-юрт маслаҳат сўраб ёки суҳбатлашгани уйи­мизга келиб туришарди. Ёлғиз қолдиришмаган. Мана, энди отамизнинг номидаги кутубхона ҳамқишлоқларимизга маслаҳат, маърифат таратиб турибди. Бир сўз билан айтганда, падари бузрукворимизнинг номи ҳамон одамлар тилида, одамлар орасида. Умид қиламанки, қилган ишимиздан доимо эл-юрт ташвиши билан яшаган отамизнинг руҳи шод бўлади. Ота-онамиз ҳаётлигида озми-кўпми хизматини қилдик, аммо уларнинг порлоқ хотирасини сақлаш, ҳурмат билан авлодларга ибрат қилиб кўрсатиш ҳамишалик бурчимиз. Бизнинг фарзандларимиз боболари билан фахрланишини, эл-юрт хизматига шай бўлишларини истайман. Яна бир ниятим бор. Қишлоғимиздан битта бўлса-да, зиёли одам, фан арбоби  чиқса шу ерга унинг нафи тегади, бош­қаларни ортидан етаклайди. Кутубхона шундай инсонларнинг илм-фанга бўлган дастлабки қизиқишлари учун, дастлабки билим олишлари учун замин бўлса бас, бизга шу керак.

Янги кутубхона иш бошлаши билан ўтказилган биринчи тадбирлар ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунларига бағишланибди. Қишлоқдаги 14-умумтаълим мактаб ўқувчилари учун бу кутубхона нақадар аҳамиятли эканини сўз билан ифодалаш қийин.

Китоб жавонларида турган Алишер Навоийнинг ўн жилдли асарлар тўплами, “Бобурнома”, “Шоҳнома”, Машраб ғазаллари, Маҳтумқули шеърлари сингари кўплаб мумтоз адабиёт намуналари, “Камолот кутубхонаси”, “Жаҳон адабиёти” туркумида чоп этилган асарлар… Жеймс Жойс, Перси Биши Шелли, Кафка асарлари… Болалар адабиётига эса, алоҳида жавон ажратилибди. Ўқитувчи ва ўқувчилар учун қўшимча адабиётлар ҳам талайгина.

Кутубхоначи Гулмира Сиддиқова – Нодирбекнинг турмуш ўртоғи – олий ўқув юртида кутубхоначилик касбини эгаллаган. Унинг айтишича, бир кунда китоб олишга 50-60 нафар китобхон келиб-кетар экан.

–  Тўда, Шўран каби қўшни қишлоқлардан ҳам ўқувчилар қатнашади. Улар бирданига 2-3 та китоб олишади. Узоқ йўл босиб келишгани сабабли уларга истаганича китоб берамиз, – дейди Гулмира. – Мактаб ўқувчилари ҳар куни шу ерда. Алоҳида режа асосида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишни  ҳам йўлга қўйдик. Яқинимизда жоме масжиди бор. ­Намоздан кейин оқсоқоллар кутубхонага кириб ўтишади. Хуллас, масканимиз доим гавжум. Келгусида ўқувчиларни институтга тайёрлов курси, адабий тўгараклар очишни ўйлаяпмиз.

– Комьпютер олиб қўйдим, – деб суҳбатни давом эттирди Нодирбек. – Интернет тармоғига улаб, кутубхонани электрон кутубхона билан бойитамиз. Ўзим ҳам “ZiyoNet”, “Ziyo.uz” сайт­ларидан китоблар ўқиб тураман. Фермер хўжалигимиздаги ўттиз нафар ишчи ходимнинг ҳаммаси кутубхонамизга аъзо бўлишган.

Суҳбатимиз давомида кутубхона олдида одам йиғилиб қолди. Шу орада келиб, даврамизга қўшилган маҳалла фаоли Баҳодир ака Мамасолиев ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди:

– Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан ҳамма жойда китобхонлик маданиятини оширишга эътибор кучайди. Бу бежиз эмас. Кутубхона очилганидан кейин маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳит яхшигина ўзгарди. Маҳалламизда салкам тўрт минг аҳоли яшайди. Ҳар бир хонадонга китоб кириб борди десам, янглишмайман. Ўзим ҳам уйга, қизимга китоб олиб бориб тураман.  Ҳар куни камида бир соат вақтим шу ерда ўтади, озгина вақт топсам, янги келган газеталар билан танишаман. Дунё янгиликларидан хабардор бўламан. Нодирбекка раҳмат!”.

Кутубхонадаги “Фикр-мулоҳазалар китоби”га ўз фикримни ёзишга тутинар эканман, қўшни Андижон вилоятининг Балиқчи туманидан келган меҳнат фахрийси Муродилла Раҳмоновнинг ёзувларига кўзим тушди: “Олимжон ота Сиддиқов номидаги ушбу зиё маскани бизда жуда катта таассурот қолдирди. Шундай масканни яратганларга раҳмат!”.

Ўқувчи, ҳарбий хизматчи, журналист сингари кўплаб китобхонларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишиб, халқимизнинг китобни, маърифатни нақадар қадрлашига яна бир бор иқрор бўлдим.

Нодирбек билан хайрлашув олдидан унинг эзгу ишларини қўллаб-қувватлашга қарор қилдик. Ахир адабиётимизнинг чинакам тарғиботчисини биз ижодкорлар бошимизга кўтармасак, ким кўтаради. Кутубхонада алоҳида жавон ажратиб, унга туҳфа сифатида бевосита Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Ижод” фонди ҳомийлигида чоп этилган “Ўзбек адиблари”, “Озод Ватан саодати”, “Адолат йўли” сингари юз донадан ортиқ бадиий ва публицистик адабиётларни жойлаштирдик. Ёзувчилар уюшмасининг Наманган вилояти бўйича масъул котиби, шоир Жамолиддин Муслим иштирокида келгусида Олимжон ота Сиддиқов номидаги қишлоқ кутубхонаси билан мунтазам ҳамкорлик ўрнатиш, бу ерда адиблар билан учрашувлар ўтказиш, кутубхонага уюшма аъзоларининг янги нашр этилган китобларини етказиб туришга келишиб олдик.

Бу қишлоқларда қалби дарё, сахий одамлар кўп. Балки Норин тумани ҳудудидан Норин билан Қорадарё ёнма-ён оқиб ўтганидадир. Нафақат мамлакатимизда, балки дунёда ҳам камдан-кам учрайдиган икки дарёнинг бу қадар яқинлиги ўртада жойлашган Қозоқовул, Ҳақулобод, Марғизор, Учтепа сингари кўп гўзал қишлоқларни яратган. Сирдарё билан Амударё оралиғи катта Мовароуннаҳр бўлса, Норин тумани кичик Мовароуннаҳрга ўхшайди. Тумандаги ҳар бир қишлоқ, маҳалла аҳли боболардан қолган анъаналарни қадрлайди ва ёш авлодга ҳам муносиб ибрат кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, бу заминда Нодирбек сингари қалби дарё одамлар яшайди.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг