Янги нашрлар: Эзгулик йўли

440

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида мамлакат Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилган эди. Ўтган давр ичида халқ билан мулоқотнинг бундай ноёб тизими аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берадиган, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, барча даражадаги ҳокимликлар билан фуқаролар ўртасидаги мулоқотнинг самарали механизмига айланди.

Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилгач, қисқа вақтда юз минглаб мурожаат келиб тушгани халқимиз орасида муаммолар йиғилиб қолгани, жойлардаги кўпгина раҳбарлар ўз ишига масъулият билан қарамай қўйганлигини кўрсатди. Шу сабабли давлатимиз раҳбари ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган қатъий талаб билан чиқди. Чунки, халқни рози қилмай, унинг дарду ташвишлари билан ҳисоблашмай туриб чинакам қудратли давлатни, адолатли жамиятни барпо этиб бўлмаслиги тарихий ҳақиқат. Кўпминг йиллик ҳаёт тарзимиз ва миллий давлатчилигимиз анъаналаридан келиб чиққан ҳолда жорий этилган мазкур оқилона тадбир – Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши халқ қалбига қулоқ тутишнинг яққол намунаси бўлди. Ахир, одамлар ўз дардини, муаммо ва ташвишларини, таклиф ва мулоҳазаларини эмин-эркин айта олиши, айтганда ҳам ўз Президентининг ваколатли вакилларига айтишида катта ҳикмат бор.

Халқ қабулхоналари бугун чин маънода кишиларимиз суянчига айланди, ишончини қозонди. Бундай хайрли янгиликлар, албатта, ижод аҳлини ҳам илҳомлантириши шубҳасиз. Халқ қабулхоналари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигидаги “Халқ қабулхоналари – адиблар нигоҳида” лойиҳаси асосида кўплаб таниқли ижодкорларимиз – ёзувчи ва шоирлар, публицистлар республикамиз шаҳар, қишлоқларида бўлиб қайтишди. Жойлардаги Халқ қабулхоналари фаолияти, фуқаролар мурожаатлари қандай ҳал этилаётгани, юртдошларимизнинг орзу-интилишлари, маънавияти ва тафаккурида юз бераётган янгиланишларига бевосита гувоҳ бўлишди. Уларнинг таассуротлари битилган мақолалар матбуот саҳифаларида эълон қилиб борилди.

Яқинда Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди ҳамкорлигида мазкур мақолалар жамланиб, “Адиб ва жамият” рукнида китоб қилиб чоп этилди. “Халқ қалбига йўл” деб номланган ушбу мажмуани ўқиб мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли ишлардан халқимизнинг розилиги, миннатдорлиги ва шукрона туйғуларига гувоҳ бўласиз. Бундан шундай бир ҳикмат англашилади: бировнинг дардини тинглай олиш, ҳис қилиш, ўз дардидай қабул қилиш билангина унинг қалбига йўл топиш мумкин. Шу маънода Халқ қабулхоналари кўпмиллатли халқимиз қалбига очилган эзгулик йўли бўлди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг