Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижоди

796

Ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири Ўткир Ҳошимов 1941 йилнинг 5 августида Тошкентнинг Бешёғоч даҳасига қарашли Дўмбиробод мавзеида таваллуд топди.

Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг сиртқи, сўнгра кундузги бўлимида (1964) ўқиди. “Темир йўлчи” (1959–1960), “Ўзбекистон овози” (1960), “Тошкент ҳақиқати” (1960–1966), “Тошкент оқшоми” (1966–1982) газеталарида бўлим мудири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари (1982–1984), “Шарқ юлдузи” журналида бош муҳаррир (1985–1995), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси сифатида (1995–2005) фаолият кўрсатди. Узоқ йиллар (2005–2013) “Театр” журналига раҳбарлик қилди.

Ўткир Ҳошимов ижоди публицистикадан бошланиб, шу йўналишдаги “Пўлат чавандоз” номли биринчи китоби 1962 йилда босилиб чиқди. Илк ҳикояси эса 1963 йили “Тўрт мактуб” номи билан эълон қилинди. Кейинчалик мазкур ҳикояси асосида “Чўл ҳавоси” (1963) қиссаси яратилди. Шундан сўнг “Одамлар нима деркин”, “Шамол эсаверади” қиссалари майдонга келди. “Баҳор қайтмайди” (1970), “Қалбингга қулоқ сол” (1973) қиссалари ёзувчига катта шуҳрат келтирди.

“Нур борки, соя бор” (1976) романида жамият ижтимоий ҳаётидаги иллатларни, турғунликнинг моҳиятини очиш асносида даврнинг муҳим маънавий-ахлоқий масалаларини кўтариб чиқди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги йиллик мукофоти билан тақдирланган “Дунёнинг ишлари” (1982) қиссасини қайсидир маънода автобиографик асар дейиш мумкин. Асарнинг бош қаҳрамони муаллифнинг ўз онасидир. “Икки эшик ораси” романи эса адиб ижодида алоҳида аҳамиятга эга. Унда қарийб қирқ йиллик давр қамраб олиниб, бир қатор чигал, мураккаб тақдирлар мисолида ўзбек халқининг тарихий қисмати маҳорат билан тасвирланади. Роман 1986 йилда Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. “Тушда кечган умрлар” романи ҳам турғунлик даври иллатларини фош этувчи асар сифатида алоҳида ўрин тутади.

Ўткир Ҳошимов ҳикоя жанрида ҳам унумли, самарали ижод қилди. “Муҳаббат”, “Деҳқоннинг бир куни”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Ўзбек иши” каби асарлари ўзбек ҳикоячилиги ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. “Қалбнинг оппоқ дафтари”, “Муқаддас қасамни бузганлар”, “Авлодларга нима деймиз?”, “Мантиқ қани?”, “Давлат сири” каби ижтимоий-публицистик мақолалари ўзбек публицистикасининг жиддий ютуқлари сифатида эътироф этилди. Ўткир Ҳошимов драматург сифатида яратган “Хазон бўлган баҳор”, “Тўйлар муборак”, “Виждон дориси”, “Инсон садоқати”, “Қатағон” каби драма ва комедиялари республика театрлари саҳналарида қўйилди, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. 1998 йили “Осмондан тушган пул” номли ҳажвий ҳикоялар тўплами чоп этилди.

Адибнинг етмишдан ортиқ китоблари миллионлаб тиражларда нашр этилган. “Оила битта, Ватан ягона”, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”, “Бадбахтдала тутқуни”, “Истиқлолни асрайлик”, “Кечани унутмаган ‒ бугунни қадрлайди” сингари асарларида мустақилликни қадрлашга даъват этади. Бугунги кунда Ўткир Ҳошимов асарлари энг ўқишли, энг оммабоп китоблар сифатида халқ орасида қўлма-қўл ўқилаётир. Боиси тилининг халқоналиги, қаҳрамонлари ва характерларнинг миллийлиги, воқеаларнинг ҳаётийлиги ўқувчилар меҳрини қозонган.

Ўткир Ҳошимов таржимон сифатида О. Берггольц, Мустай Карим, В. Шукшин асарларини ўзбек тилига ўгирган. Ўзининг энг яхши асарлари рус ва дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган.

Ўткир Ҳошимовга самарали ижодий меҳнати учун 1991 йили “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилди. У “Меҳнат шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” (2001) орденлари билан ҳам тақдирланди.

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг