Тарих ва тақдир: Номаълум мақбара

359

Таниқли шоир, жамоат арбоби Носир Муҳаммад кўп йиллар кўҳна тарихнинг сирли зарварақларини мутолаа қилиш, тадқиқ этиш, бўлиб ўтган воқеаларга ойдинлик киритиш борасида қизғин фаолият олиб борган адибларимиздан эди. Унинг “Сирли зарварақлар” (“Ўзбекистон” нашриёти) номли китобига тарихий этюдлари жамланган. Ушбу янги тадқиқотларда буюк алломалар сабоқлари, “Зафарнома” ва унинг муаллифи, Насафийларнинг бебаҳо мероси, мумтоз адабиётимизда туюқ жанри, Амир Темур ва Ҳофиз Шерозий, Темурийлар даврида кутубхона, Алишер Навоий аждодлари, машҳур кутубхоналар, илм масканлари сингари турли ва ғоятда қизиқарли мавзулар аниқ факт ва саналар, қўлёзмалар, манбалар асосида ёритилган.

Жумладан, “Мангуберди ҳаёти ва курашлари” номли тарихий этюдда муаллиф Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида мўғул босқинчиларига қарши курашда мислсиз жасорат кўрсатган миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва фаолиятига оид жамоатчиликка яхши маълум бўлмаган бир неча тарихий лавҳаларни қаламга олган. Мазкур асарнинг яратилишига туртки берган омиллар ҳақида сўз юритиб, адиб шундай ёзади: “1976-1979 йиллари Эронда шўро мутахассисларининг форс тили таржимони бўлиб ишладим. Бўш пайтларимда китоб дўконларини айланар, тарихимизга ва маданиятимизга оид манбаларни қидирар эдим… Шундай кунларнинг бирида Шаҳобиддин ан-Насавийнинг Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва курашлари ҳақидаги “Сийрат ус-султон Жалолиддин Мангуберди” деб номланган китоби қўлимга тушиб қолди… Хуллас, бу китоб менинг доимий ҳамроҳимга айланди. Ундан дафтаримга анчагина кўчирмалар қилиб олдим. Жалолиддин эса менинг севимли қаҳрамоним бўлиб қолди”.

“Сирли зарварақлар” китобидаги “Мангубердининг ҳаёти ва курашлари” тарихий этюдидан эътиборингизга тақдим этилаётган “Номаълум мақбара” лавҳасида ҳам мозийдан ҳикоя қилинади.

Тарихдан бизга маълумки, айрим шоҳлар ва саркардаларнинг дафн этилган жойлари ниҳоятда сир сақланган. Душманлари таҳқиридан чўчиган ҳукмдорларнинг сўнгги хоҳишлари шундай бўлган. Ривоят қилишларича, Чингизхонни дафн этган кишилар ва қўриқчиларнинг барчаси ўлдирилган. Бирорта ҳам гувоҳ омон қолмаган. Ҳозиргача жаҳонгир қабрини қидириш давом этади. Македониялик Искандарнинг ҳам қаерга дафн этилганлиги маълум эмас.

…Султон Алоиддин Муҳаммад Ҳазар (ҳозирги Каспий) денгизидаги ороллардан бирига дафн этилган эди. Жалолиддин Мангуберди Эроннинг бир қисми ва Озарбайжонда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлагач, отаси учун Исфаҳонда муносиб бир мақбара қурдиришни режалаштирди. Насавийнинг ёзишича, бу ғоя унда  Хилот (Ахлот) шаҳрини қамал қилиб турган пайтида туғилди. Ўша пайтда Хилот ал-Малик ал-Ашраф (Айюбийлар сулоласи) ихтиёрида эди. Ван кўли бўйида жойлашган бу шаҳар Айюбийларнинг асосий таянч нуқталаридан бирига айланганди. Жалолиддин бу шаҳарни уч марта қамал қилди. Биринчи марта 1226 йил ноябрида, иккинчи марта 1228 йил қишида ва учинчи марта 1229 йил августидан 1230 йил апрелигача. Учинчи қамалдан сўнг шаҳар таслим бўлди. Ҳар ҳолда Насавий айтган қамал иккинчиси ёки учинчиси бўлса керак. Насавий шундай ёзади: «У (Жалолиддин) амири охур Муқаррабиддинга Исфаҳонга бориб, мақбара қуришга киришишни топширди. Бинода барча зарурий хоналар, таҳоратхона ва бошқа хоналар қурилиши кўзда тутилганди. Қурилишни бошлаш учун султон унга 30 минг динор берди. Сўнгра Ироқ вазирига хат ёзиб, қурилишни тугатиш учун зарурий маблағларни девон даромадлари ҳисобидан бериб туришни топширди. Бино ашёлари, яъни шамдонлар, тоғоралар, идишлар олтиндан тайёрланиши, эшик олдида отлиқ соқчилар навбатда туриши зарурлиги кўрсатилган эди. Муқаррабиддин Исфаҳонга кетиб, қурилишини бошлаб юборди. Мен у ерга 4 ойдан кейин бордим ва мақбара деворлари бирпасда одам бўйи кўтарилганлигини кўрдим…»

Шундан сўнг Жалолиддин Мозандарон туманларидан бири – Сария ҳокими, аммаси Шоҳ хотунга мактуб ёзади. Шоҳ хотун Мозандарон ҳокимларидан бири – Ардашер ибн ал-Ҳасанга турмушга чиққан, унинг вафотидан сўнг ҳокимликни ўз зиммасига олган эди. Мактубда Мозандароннинг ҳокимлари, амирлари ва таниқли кишилари билан бирга бориб, отасининг хокини оролдан қазиб олиб, Ардахн қалъасига келтириш сўралган эди. Рай шаҳридан уч кунлик йўлда бўлган, Дамованд билан Мозандарон ўртасидаги тоғларда қурилган мустаҳкам бу қалъа энг бехавотир жой деб ҳисобланарди. Исфаҳондаги мақбара битгунча Хоразмшоҳнинг жасади шу ерда туриши, сўнгра тантана билан ўзига аталган мақбарада дафн этилиши лозим эди.

Насавий бу фикрга қарши бўлса-да, шубҳаларини Жалолиддинга очиқ айта олмайди. Муқаррабиддинга эса фикрини шундай баён этади: мўғулларда илгари ўтган барча подшоҳларнинг суякларини қабрдан қазиб олиб, ёқиб юбориш одати бор эмиш. ўазнида Маҳмуд ўазнавий мақбараси ҳам худди шу қисматга дучор қилинган. Хоразмшоҳ қабрини тополмаганликлари учун бу ишни қилолмаганлар. Энди эса унинг қабри – сўнгги маскани маълум бўлиб қолаяпти…

Аммо Насавийнинг хавотири Муқаррабиддинга ҳам ёқмайди. Пировардида эса бу шубҳалар тўғри бўлиб чиқади! Жалолиддин фожиали ҳалок бўлгач, мўғуллар Ардахн қалъасини қамал қиладилар ва Султон Алоиддиннинг суякларини қўлга киритадилар. Кўп ўтмай Чингизхоннинг амри билан бу суяклар ёқиб юборилади.

Хўш, Исфаҳонда қурилаётган мақбара нима бўлди, деган савол туғилади? У қурилдими ёки чала қолиб кетдими? Афсуски, Исфаҳонга бориб буни аниқлашимнинг имкони бўлмади. Ўша пайтда «Эроннинг тарихий бинолари ва қадимий маконлари рўйхати» номли китоб қўлимга тушиб қолган эди. Унда қайд этилган «Буқъаи шоҳи шоҳон» (Шоҳлар шоҳи мақбараси) деган бино тарихи диққатимни жалб этди. Жумладан, китобда шундай сатрлар битилган эди: «Бу   мақбара  Исфаҳоннинг  машҳур мақбараларидан бири бўлиб, пештоқидаги ёзувларига кўра, ҳижрий IX асрда яшаган  шоҳ Алоиддин Муҳаммад  бу ерда  дафн  қилинган. Бинонинг   асли Темурийлар даврига тааллуқли бўлиб, Сафавий   султонлар замонида таъмирланган. Мақбара рангли кошинлари,  ганч ўймакорлиги ва ёзувлари гўзаллиги ҳамда нафосати билан диққатни жалб этади…»

Бу тасвирдан кўриниб турибдики, мазкур мақбара Хоразмшоҳ учун қурилган бино бўлса керак. Фақат унинг яшаган йили нотўғри кўрсатилган. Эҳтимол, бу бинонинг қуриб битказилган ёки таъмирланган йилидир. Чала қолган бино темурийзодалар кўрсатмаси билан қуриб битказилган бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, ҳижрий IX асрда яшаган бошқа  Алоиддин Муҳаммад исмли шоҳ йўқ. «Шоҳлар шоҳи» деган таъриф ҳам Хоразмшоҳ ҳақида гап кетаётганлигидан далолат бериб турибди…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг