Қўғирчоқ театри анжумани

391

Жажжи фарзандларимизни юксак маънавиятли, маданиятли қилиб тарбиялашда санъатнинг бошқа турлари қатори қўғирчоқ театрларининг ҳам ҳиссаси бор. Ҳафтанинг биринчи куни Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театри биносида Республика қўғирчоқ театрларининг ХI анъанавий кўрик-фестивали очилиши айни шу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган мазкур тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Маданият ишлари вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков  ва Театр арбоблари уюшмаси раиси Ё.Аҳмедов бугунги кунда маданиятимиз, хусусан, театрларимиз ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар санъат аҳлини фаолликка  ундаётганини таъкидлашди.

Маданият ишлари вазирлиги ва Театр арбоблари уюшмаси  ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан қатнашаётган жамоалар “Виртуал дунё” (Жиззах), “Сеҳрли табиб” (Самарқанд), “Мушукча Миу” (Қашқадарё), “Қирққиз” (Қорақалпоғистон), “Юрак сеҳри” (Хоразм), “Оққушлар нидоси” (Фарғона), “Зумрад ва Қиммат” (Сурхондарё), “Турна пати” (Андижон), “Жалолиддин Мангуберди” (Бухоро), “Зумрад шаҳар сеҳргари” (Маринетка театри), “Тўмарис” (Тошкент) каби спектакллари билан жажжи театр ихлосмандларини хурсанд қилмоқда.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон давлат Қўғирчоқ театрида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади. “Ўзбекистон қўғирчоқ театрлари: кеча ва бугун” деб номланган мазкур тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, доцент М.Ашурова, Xизмат кўрсатган маданият ходими, профессор И.Жуманов, санъатшунослик фанлари доктори, профессор С.Қодированинг қўғирчоқ театрларида режиссура, саҳна нутқи мавзуларидаги ҳамда  фестиваль натижалари ҳақидаги маърузалари тингланади.

Мазкур фестиваль республикамизда фаолият кўрсатаётган барча қўғирчоқ театрлари фаолиятига самарали таъсир кўрсатади, деган умиддамиз.

Ўз ахборотимиз

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг