Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди

560

Замонавий ўзбек миллий адабиётининг ёрқин юлдузларидан бири Эркин Воҳидов 1936 йилнинг 28 декабр санасида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилган. Отаси Чўянбой Воҳидов уруш сўнгида фронтдан Тошкентга қайтиб келиб, шу ерда вафот этган. Сўнг онаси Розияхон Воҳидова (Соҳибоева) ҳам вафот этади. Бўлғуси шоир эса тоғаси Каримбой Соҳибоев тарбиясида бўлади.

Эркин Воҳидов ўрта маълумотни Тошкентда олади. 1960 йилда Тошкент Давлат университетининг филология факултетини тугатиб, аввал собиқ «Ёш гвардия», сўнг Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир ва раҳбар ҳам бўлиб ишлайди. «Ёшлик» журналига муҳаррирлик қилади. У мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг халқаро алоқалар ва муносабатлар қўмитаси раҳбари сифатида Республика ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этади. Кейинчалик Ўзбекистон Сенати аъзоси сифатида фаолият юритади. Халқимиз суйган ижодкор 2016 йил 30 май куни ёруғ олмдан кўз юмди.

Фаолияти: Унинг биринчи шеъри 14 ёшида, 7-синфда ўқиб юрган кезларида чоп этилган. У 16 ёшга кирганда «Манзара» номли шеъри босилди. Унда табиат гўзаллиги самимий тасвир этилган бўлса, кўп ўтмай, у дўстларига қарата:
Истайманки, хуррамлик бўлсин, 
Шўх қаҳқаҳа боғласин қанот. 
Куй шалола янглиғ қуйилсин, 
Қўшиқ бўлиб туюлсин ҳаёт, –
деб, ижоднинг катта карвонига ўзининг яхши нияти, катта умиди, покиза қалби билан кириб келди.

Шоирнинг «Тонг нафаси» (1961), «Қўшиғим сизга» (1962), «Ақл ва юрак» (1963), «Менинг юлдузим» (1964) каби тўпламларига кирган кўпчилик шеърларида унинг бадиий тафаккурида ҳам, поетик услубида ҳам ўсиш, улғайиш сезила бошлайди. Энди шоир оддий ҳаётий тасаввурлардан анча чуқур фикрлаш сари кўтарилади. Айниқса, «Фурсат – олтин», «Инсон» каби шеърларида шоирнинг ҳаёт ҳақидаги тасаввури яна ҳам чуқурлашади.

У инсон ҳақида мадҳия ўқиб: «Ёрни гўзал қилгани сайин, Гўзал бўлар ўзи ҳам инсон», деган хулосага келади. Меҳнатни, гўзалликни, эзгуликни улуғлайди. Худди шу даврда шоир ижодида яна бир муҳим интилиш пайдо бўла бошлайди. У энди мумтоз адабиётимиз анъаналаридан озиқ излаб топади. Унинг «Ғунча», «Азгануш», «Фузулий ҳайкали ёнида» каби шеърлари бу борадаги дастлабки дадил изланишлари эди. Бинобарин, шоир ижодида жанр ва услуб ранг-баранглиги қатори мавзулар доираси ҳам кенгаяди. «Чирчиқ», «Дўстим», «Олимларнинг рафиқаларига» каби шеърларида шу ҳолат кўзга яққол ташланади.

Шундай қилиб, Эркин Воҳидов ижодида ғазал, қасида, мухаммас каби жанрлар шаклланиб боради. У мумтоз адабиётнинг бу соҳадаги тажрибаларини бойитиш, мукаммаллаштиришга интилади. Айниқса, «Ёшлик» (1969) девонига кирган шеърлар бу жиҳатдан эътиборлидир.

Шоир худди шу даврдан бошлаб дунё кезди, дунёни кўрди, дунёни таниди. Ана шу таассуротлари асосида «Тирик сайёралар» (1978), «Шарқий қирғоқ» (1981) каби янги шеърий тўпламларини ташкил этган шеърларини яратди. Инсон тақдири, унинг бахти ва келажаги шоир ижодининг мавзуига айланади.

Унинг «Келажакка мактуб» (1983), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) тўпламларига кирган шеърларида буюк, покиза, ҳақгўй ва бедор инсонни камол топтириш ғояси йетакчилик қилади. Худди шу ўринда файласуф шоирнинг келажак ҳақидаги башорати ўзининг ёрқин ифодасини топган сатрларини четлаб ўтолмаймиз. Унинг «Ватан истаги», «Девона ҳақгўй», «Изтироб» каби шеърлари бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятли. Шоир «Ватан истаги» шеърида собиқ СССР мавжудлигидаёқ:
Бу ватандан бир Ватан қурмоқни истайдир кўнгил, 
Ўзни озод қуш каби кўрмоқни истайдир кўнгил, –
дея бўлғуси мустақил Ватан – Ўзбекистонни кўришни истади.

Шоирнинг «Буюк ҳаёт тонги» (1960), «Орзу чашмаси» (1964), «Нидо» (1964), «Палаткада ёзилган достон» (1966), «Қуёш маскани» (1972), «Руҳлар исёни» (1980), «Кўҳинур» (1982) каби лиро-эпик асарлари, қолаверса, «Олтин девор» ва «Истамбул фожиаси» каби шеърий драмалари катта ижодий меҳнатининг самараларидир.

Ана шундай самарали ижоди Эркин Воҳидовга эл-юрт эъзозини олиб келди. У таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан «Буюк хизматлари учун» (1996) ордени билан тақдирланди.
Шоирнинг тўрт жилдлик «Сайланма асарлар»и нашрдан чиқди.

Эркин Воҳидов бадиий маҳорати ўсиб, камол топган, чуқур фалсафий умумлашмалар даражасига кўтарилган ижодкордир. У Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамонидир.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг