Санъаткор — қалб шифокори

Таниқли  дирижёр  Бобомурод Худойқулов  Бухоро шаҳрида туғилган. Дастлаб Бухоро санъат мусиқа билим юрти(ҳозирда Бухоро санъат коллежи)да, Ўзбекистон давлат консерваториясининг хор-дирижёрлик  факультетида, 2006-2008 йилларда магистратурада опера-симфоник дирижёрлиги мутахассислиги бўйича профессор В.Б.Неймер синфида таълим олган. Бобомурод Худойқулов кўплаб халқаро лойиҳалар ва танловларда қатнашиб, совриндор бўлган. 2015 йилдан Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида фаолият кўрсатиб келади. Қаҳрамонимиз Ж.Вердининг “Реквием”, “Риголетто”, Чайковскийнинг “Евгений Онегин”, Ж.Бизенинг “Кармен”, “Марварид изловчилар”, Доницеттининг “Севги шароби”, “Лючия ди Ламермур”, Леонковаллонинг “Масхарабозлар”, Ж.Пуччинининг “Флория Тоска”,  С.Юдаковнинг “Майсаранинг иши”, М.Бафоевнинг “Ал-Фарғоний” ва “Хамса” операларига ва қатор балетларга дирижёрлик қилган. Қуйида Б.Худойқулов билан соҳа такомилига оид суҳбатни эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

— Санъатда ҳамма нарсани  Оллоҳ берган иқтидор, тинимсиз изланиш, меҳнат ва яна меҳнат ҳал қилади.  Дирижёрлик анчагина  мураккаб соҳа. Унча-бунча одамнинг бу соҳага қизиқиб кириши қийин. Ўзингиз бу соҳага қандай кириб келгансиз?

— Ҳар қандай соҳанинг ўзига яраша мураккаблиги, машаққати бор. Дирижёрлик мусиқа соҳасида нисбатан ёш касблар сирасига киради. Бу касб эгаси турли ижрочилар эгаллаган билимлардан хабардор бўлишдан ташқари, мусиқа адабиётидан, назариясидан, тасвирий санъатдан, бадиий адабиётдан ҳам тушунчаси бўлиши керак. Агар дирижёр табиатни севмаса ҳеч қачон борлиқ ҳақидаги симфонияда, драматик зиддиятларга бой асарларни ўқимаса ватанпарварлик руҳидаги симфонияда дирижёрлик қилолмайди.  Бундан ташқари, у бой фантазияга, драматургик асарларни тасвирлаб бериш қобилиятига эга бўлиши ҳам зарур.

Санъат оламига кириб келишимда отамнинг хизмати жуда катта. Очиғи,  санъаткор бўламан, мусиқа билан жиддий шуғулланаман деб ўйламаганман. Чунки ёшлигимда спорт ўйинларини севардим: футбол, теннис, бадминтон… лекин отамнинг маслаҳати билан ҳозирги Бухоро санъат коллежига ўқишга киришим ҳаётимда бурилиш ясади. Бу даргоҳда мусиқа билан жиддий қизиқиб қолдим. Консерваторияга ўқишга кирганимдан сўнг  дирижёрлик соҳасига астойдил берилганман.

Устозим Жўра Ҳотамов илк бор хор дирижёрлиги санъатидан сабоқ бера бошлаганида бу касб­га ҳавас уйғонган. Албатта, ҳавас билан ижод жараёни ўртасида катта фарқ бор. Жаҳон классик операларида дирижёрлик қилган Герберт фон Караян, Леонардо Бернстайн, Карлос Клайберн, Жеймс Ливайн, Саймон Ретлларнинг катта саҳналарда дирижёрлик қилганини кўриб, улардаги шижоат,  дадилликка ҳавас қилганман.  Ўзбек опера-симфоник дирижёрлиги мактабининг асосчиси, бутун бир авлоднинг ижрочилик санъатига таъсир кўрсатган Мухтор Ашрафий ижодига меҳрим бўлакча. Мухтор Ашрафийнинг шогирди Владимир Неймер ва Сулаймон Шодмонов бу санъаткор ҳақида бизга кўп гапириб беришган. Устоз  ҳам директор, ҳам бадиий раҳбар, айни пайтда  консерватория ректори бўлган. “Бундай тиғиз шароитда қачон  мусиқа ёзишга улгурасиз?” деб сўрашганида, “Эрта саҳарда туриб мусиқа ёзаман, саккиздан кундузги иккигача консерваторияда бўламан, кейин қолган ишларимни битираман”, деб жавоб берган экан. Бу устознинг жуда фаол бўлганини кўрсатади.

— Бугун Опера ва балет театримизга чет эллик мухлислар ҳам ташриф буюришади. Шундай улуғ даргоҳда ишлаш сиз учун қанчалик масъулиятли?

— Дарҳақиқат, бизнинг театр Марказий, жанубий-шарқий Осиёдаги энг катта театр. Бу даргоҳда хор артистидан  дирижёргача бўлган йўлни босиб ўтганман. Устозларимиз, раҳматли Дилбар Абдураҳмонова, устозимиз Фазлиддин ака Ёқубжонов… Очиғи, бирга ишлаётган пайтда ёнингиздаги одамларнинг  буюклиги ҳақида ўйламас экансиз. Чунки ҳар куни кўришамиз, ижодий мулоқотда бўламиз, билмаганимизни сўраймиз, билганимизга улар фикр билдириб, ижодимизнинг сайқалланишига ёрдам беришади. Шулар қаторида  Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Шодмоновнинг  ишчанлиги, ғайрати, меҳнаткашлигига қойил қоламан. Сулаймон ака: “Ҳар бир одамда битта виждон бўлса, мусиқачида иккита виждон бор. Ҳам инсоний, ҳам мусиқачи сифатида виждони бўлиши керак”, дейди. Дирижёрнинг бирламчи вазифаси муаллифнинг ғоясини тўғри талқин қилиш. Шахсан мен саҳнага чиққанимда мусиқа янграши билан  солист ва мухлис ўртасида воситачи эканимни сезаман. Яъни саҳнадан таралаётган қудратни томошабинларга етказиб бераман.  Ва улардан келаётган “энергия”ни,  ички кечинмаларини сезиб тураман. Бу ажойиб бир ҳолат!  Мен қарсак чалиш вақтини айтмаяпман. Бутун зал сукутда, томошани эшитиб, кўриб ўтирганида, ҳар бир томошабиннинг ҳолатини ҳис қиламан. Буни сўз билан ифодалаш мушкул. Спектаклдан сўнг таъзимга чиққанимизда ҳар сафар “Нақадар ажо­йиб, бу дунёдаги энг зўр саҳна!” дейман. Шу даражага етишимга ўзининг катта ҳиссасини қўшган устоз Владимир Неймердан миннатдорман. Бу инсон бутун бир дирижёрлар авлодини тарбиялаб етиштирган. Шогирдлари бугун ўзбек опера санъати, симфоник санъат хизматида.

Опера ва балет оламида жуда кўп саҳналар бор. Австриянинг Вена шаҳридаги “Вена опера”си, Америкада “Карнеги хол”… Бундай саҳналарда чиқиш ҳар қандай ижодкор учун шараф. Лекин ўзимизнинг театр саҳнаси  мен учун муқаддас.

— Нима учун дирижёрлик касбида кўпроқ эркак кишиларни учратамиз?

— Биз гўзалликни аёлга, дадилликни, кучлиликни  эркакларга қиёслаймиз. Яъни эркак киши чўрткесар, аёл эса нозик бўлиши керак… Шахсан ўзим дирижёрликни эркаклар касби деб ўйлайман. Мустасно ҳолатлар ҳам бор: раҳматли биринчи ўзбек дирижёри Дилбар Абдураҳмоновани олайлик. Лекин  у киши ҳаётда аёл бўлса ҳам пультда эркак кишидек ҳаракатланарди.  Америкалик машҳур дирижёр Сара Колдуэл, Вероника Дударева ҳам касбда эркакдек бўлган. Бундай санъаткорлар юз   йилда бир марта учраши мумкин.

— Дирижёрлик касбида бадиий адабиётнинг ўрни қандай? Умуман, китоб мутолааси учун бўш вақтингиз борми?

— Мусиқада “легато”, “стакато” деган тушунчалар бор. Баъзилар дирижёрлик таёқчасини ишлатиш жуда осон, деб ўйлашади. 50/100 такт ичидаги мусиқани бошидан охиригача чалиш ҳар қандай мусиқачининг қўлидан келади. Лекин  мусиқанинг ғоясини ифодалаб бериш, уни мантиқан ҳал қилиш, ечимини топишнинг уддасидан фақат дирижёр чиқади. Ижодкор билан ҳунарманднинг  фарқи ҳам шунда. Ҳақиқий ижодкор ҳар бир нарсани санъат даражасида яратмоғи керак. Санъаткорлар қалбни даволайди, у қалб шифокоридир. Ҳар бир асарнинг ўз дарди бўлади. Ана шу дардни ҳис этолган одамгина ҳақиқий санъаткордир. Ҳис этишда эса, албатта, китоб ёрдамга келади.

Консерваторияда ўқиб юрганимда жуда кўп китоб ўқир эдим. Театрда эса иш бошлангунча  китоб ўқирдим. Ҳозир ҳам ижодимда китобнинг ўрни беқиёс. Бўш қолдим дегунча қўлимга  китоб оламан.  Пушкин, Лермонтов, Шекспир асарларини севиб ўқиганман. “Бобурнома”ни, “Темур тузуклари”ни  қайта-қайта ўқиганман. Айнан адабиёт мусиқадаги дардни ҳис қилишимга ёрдам беради.

— Халқаро танловлар ижодкорга нима беради?

— Шахсан мени бундай танловлар Ватанни севишга, тупроғининг ҳар бир заррасини кўз-қорачиғимдек  ардоқлашга ўргатади. Саҳнада юртимнинг, юртдошларимнинг ишончини  оқлаш насиб қилишини, юзим ёруғ бўлишини Оллоҳдан сўраб тураман.  Онам: “Инсон доим ишониб яшаши керак, агар ишонмасанг, орзуларинг амалга ошмайди, орзу амалга ошиши учун эса меҳнат қилиш керак”, дейди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, хал­қаро танловларда ижодкорнинг тажрибаси, ўзига ишончи ортади.

— Бобомурод ака,  дирижёрлик жараёнида  оркестр жамоаси ва актёрлар билан муносабат қандай кечади?

— Саҳнада олтмиш кишидан иборат хор, ўнга  яқин солист бўлади. Лекин дирижёр қўлини кўтармаса, ҳеч ким куйлай олмайди. Шунинг учун дирижёрнинг хато қилишга ҳаққи йўқ. Чунки солистлар ролга берилиб кетишганида ҳам  кўз қири билан дирижёрга қараб туради. Дирижёр уларни кузатиб, йўл-йўриқ кўрсатиб туриши,  бошқариши керак. Бунинг масъулияти ниҳоятда катта.  Муяссар Раззоқова, Нормўмин Султонов, Шукур ўофуров, Аваз Ражабов, Кирилл Барчанинов каби санъаткорлар,  Рустам Алимардонов, Умид Исроилов,  Маъсума Болтабоева каби ёшлар билан бир саҳнада турганимизда, концерт бўладими, спектакль бўладими, бир-биримизни сўзсиз тушунамиз. Юрак тубидан  чиқаётган товушларни дирижёр шифокор каби сезиши керак. Санъатда бирламчи мақсад – томошабинга яхши санъат асарини тақдим этиш. Бу йўлда театримиз солистлари билан кўп меҳнат қиламиз.  Бундай инсонлар билан бир жамоада ишлаш мен учун шараф.

— Дирижёр  бўлмоқчи бўлган ёшларга қандай тилакларингиз бор?

— Илья Александрович Мусин  деган буюк устоз  дирижёр Санкт-Петурбург консерваториясида ижод қилган. Шу одамнинг қўлида таҳсил олган  ҳар икки ўқувчидан бири саҳна юлдузи бўлган. Ана шу санъаткорнинг ижодини чуқур ўрганиш ёшларга кўп нарса беради.  Қолаверса, дирижёр биринчи ўринда мусиқани севиши керак, кўп тинглаши, китоб ўқиши  керак. Хушбичим, бўйи баланд бўлишнинг ўзи кам. Ҳозир кимда қомат, қиёфа бўлса, қўлига чўп тутиб дирижёр бўлишга ҳаракат қиляпти. Ёшлар орасида дирижёрликка икки йил ўқиб, дирижёр бўлиб ишлашим керак, деган талабгорлар кўпаймоқда.  Очиғини айтганда, ҳозирча ҳар бир туманда оркестримиз йўқ. Шу сабаб, олифтагарчилик учун таёқ кўтариб юрадиган одам ҳақиқий дирижёр бўлолмайди. Бу касбни росмана севиб, чуқур тушуниб, тиним билмай изланган ёшлар орасидангина ҳақиқий дирижёр чиқади, деб ўйлайман.

Шоҳсанам БЕРДИБЕКОВА суҳбатлашди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan