Булоқбошидан баҳра

849

Жаҳон адабиётидаги ҳар бир мумтоз асар ўз муаллифининг халқ оғзаки ижодидан қанчалик баҳрамандлигини аниқ-тиниқ кўрсатиб туради. Чинорнинг пурвиқорлиги ва умрзоқлиги илдизининг теранлигига боғлиқ бўлганидек, бадиий асар ҳам, аввало, халқ оғзаки ижодидан баҳра олиб мумтозлик касб этади. Буюк мутафаккир Алишер Навоийдан Гулханийга қадар жамики улуғ адибларимизнинг ижодий мерослари бунинг ёрқин далилларидир.

Кейинги бир асрлик адабиётимиз тарихида халқ оғзаки ижодидан баҳра олиб яратилган дастлабки асарлардан бири Абдулҳамид Чўлпоннинг 1920 йилда яратган “Ёрқиной” драмасидир. Халқ ривояти асосида ёзилган бу асарда ўзаро ихтилофдаги отаси Ўлмас ботир ва севгилиси Пўлат ботир ўртасида овора-сарсон санъаткор Ёрқиной тимсолида эски муҳитда умри кечаётган чинакам ижодкорнинг қисмати таъсирчан бадиий гавдалантирилган. Асардаги Ёрқинойнинг устози, халқ оғзаки ижодининг билимдони Момо, айтиш мумкинки, Она халқнинг ўзига хос тимсолидир.

Адабиётимизда халқ оғзаки ижодига мустаҳкам таяниб яратилган яна бир шоҳ асар Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи. Халқимизнинг қадимий қаҳрамонлик эпоси “Алпомиш”га ўзига хос янгича оҳанг, янги бир нафас бахш этган адиб Абдулла Қодирий бўлди. Тўғри, “Ўткан кунлар” романи ёзма адабиётимизнинг энг ёрқин намуналари, чунончи, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достони, Алишер Навоийнинг “Хамса”си ва, айниқса, “Лисон ут-тайр” фалсафий достони, Бобурнинг “Бобурнома” ва Муҳаммад Фузулийнинг “Лайли ва Мажнун” асарларидан таъсирланган ҳолда уларда акс эттирилган азалий ва абадий мавзуларга янгича ижодий ёндошишнинг ёрқин намунаси бўлди. Лекин мазкур роман ёзма адабиёт асарларидан ҳам кўпроқ халқ оғзаки ижоди, хусусан, “Тоҳир ва Зуҳра” билан “Алпомиш”га мустаҳкам таяниб яратилган янги даврнинг янги достони эди.

Ўтмишда Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий каби забардаст адиблар бир-бирларидан ижодий таъсирланиб ўзларининг жаҳоншумул “Хамса” асарларини яратганлари маълум. Янги даврда хамсанависликдек қутлуғ анъана янгича шамойилларда қайта жонланмоқда, дейиш мумкин. “Ўткан кунлар” романининг нафақат ўзбек ёзувчилари, балки, айни чоғда, қозоқ адиби Мухтор Авезов, туркман адиблари Берди Кербобоев ва Хидир Деряев, тожик адиби Жалол Икромий, айрим уйғур, озарбайжон ва татар адиблари ижодига, қисқаси, барча қардош халқлар адабиётига ҳаётбахш таъсир кўрсатгани ҳам барчага маълум.

“Ўткан кунлар” романини тақир жойда Помир тоғидек юксалган асар сифатида таърифлар экан, қозоқ адибини бу асарга мафтун-маҳлиё этган  асосий сир нимада? Асарнинг туркий халқларга мансуб минг йиллик муштарак адабиётимиз тажрибаларига, аввало, халқ оғзаки ижодига, айниқса, “Алпомиш” достонига мустаҳкам таяниб турганида, албатта. Мухтор Авезов Абдулла Қодирий тажрибаларини пухта ўзлаштирган ҳолда устоз анъаналарини ижодий ривожлантириб, халқ оғзаки ижодидан озиқланишнинг янги ва яна-да ибратли намуналарини амалда кўрсата олди. Адиб қаламига мансуб “Абай йўли” эпопеяси, айтиш мумкинки, янги даврдаги яна бир халқ достони, қолаверса, бевосита халқ достонларига янги нафас бахш этиб ёзилган кўпгина драмалари мана шундан далолат беради. Адибнинг улкан фольклорист олим сифатидаги фаолияти, айниқса, қирғиз халқ эпоси “Манас” ҳимояси бобида кўрсатган жасоратининг ҳосиласидек, айтиш мумкинки, замонавий адабиётнинг Манаси бўлиб дунёга келган Чингиз Айтматовнинг илк қиссаси “Жамила”ни жаҳонга танитишда улкан француз адиби Луи Арагон билан биргаликда кўрсатган фидойилиги кейинги ярим аср мобайнида тилларда озмунча достон бўлдими!

Абдулла Қодирий билан Мухтор Авезов ўзларининг умрибоқий асарларини халқ достонларига таяниб яратган бўлсалар, бу икки  улуғ устозга муносиб икки шогирд – Чингиз Айтматов билан Тўлепберген Қаипбергенов асарлари қирғиз ва қорақалпоқ халқларининг афсона-ривоятлари асосида дунёга келган. Чингиз Айтматовнинг дастлабки ҳикоялари ва қиссаларидан сўнгги “Қулаётган тоғлар (Мангу қайлиқ)” романига қадар жаҳонга машҳур жамики асарлари шохдор она буғу, қоранор, от, ит, бўри, наҳанг, қорли тоғ қоплони ва бошқа жонзотлар билан боғлиқ афсона-ривоятларга янги нафас ва оламшумул довруғ бахш этиб турибди. Тўлепберген Қаипбергеновнинг машҳур “Қорақалпоқ достони” трилогияси, хусусан, достоннинг биринчи китобини ташкил этувчи “Маманбий афсонаси” романида, ҳатто бу асарнинг номидаёқ афсона қанчалик муҳим ўрин тутишини яққол кўришимиз мумкин. Агар Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бош қаҳрамони Отабек тимсолида бир Алпомиш, Мухтор Авезовнинг “Абай йўли” эпопеясидаги бош қаҳрамон Абай тимсолида яна бир Алпомиш бадиий гавдалантирилган бўлса, Тўлепберген Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқ достони” трилогиясида бош қаҳрамонлар (Маманбий, Ойдўсбий, Эрназар олакўз) тимсолларида бирйўла уч нафар Алпомиш қад ростлаб турибди.

Агар “Қорақалпоқ достони” трилогияси ўзига хос “уч оға-ини ботирлар” ҳақидаги уч афсона асосида яратилган асар бўлса, адибнинг камина ўзбек тилига таржима қилган “Қорақалпоқнома” роман-эссеси халқ афсоналари, нақллари, мақол-маталлари, хуллас, халқона донишмандликнинг тажассумидир. Мазкур асарнинг 1997 йилдаги иккинчи нашрига атоқли адибимиз Одил Ёқубов ёзган сўзбошининг сарлавҳасиёқ буни аниқ-равшан кўрсатиб турибди: “Халқона ҳикматлар гулдастаси”! Сирасини айт­ганда, бутун бир халқнинг миллий ўзига хослигини аён кўрсатувчи юзга яқин афсона-ривоят ва беҳисоб ҳикматли нақлларни бир асарга қаловини топиб жамлаш бир умр халқ ижодидан баҳраманд бўлиб яшаган чинакам халқ ёзувчисигина мушарраф бўладиган улкан ютуқ.

“Ёрқиной” драмаси ва “Ўткан кунлар” романидан кейин ўзбек адабиётида ҳам халқ оғзаки ижоди, хусусан, халқ афсона-ривоятлари, ҳикоят, ҳангома, эртак ва латифалари асосида яратилган асарлар талайгина. Масалан, Ҳамид Олимжоннинг “Семурғ ёки Паризод ва Бунёд”, “Ойгул билан Бахтиёр” достонлари, ўафур ўуломнинг “Афанди ва шайтон алайҳи лаъна”, “Ҳасан кайфий”, “Менинг ўғригина болам” ҳикоялари билан “Шум бола” қиссаси (айниқса, асарнинг таркибий қисмига айланиб кетган “Бир ёлғондан қирқ ёлғон” эртаги), Асқад Мухторнинг “Чинор (Ривоятлар. Ҳикоятлар. Қиссалар)”, Эркин Воҳидовнинг “Донишқишлоқ латифалари”, Омон Матжоннинг “Ҳаққуш қичқириғи”, Зоҳир Аъламнинг “Афандининг қирқ бир пашшаси”, Сафар Барноевнинг “Кичкина Хўжа Насриддин” асарлари… Ўз муаллифлари ижодий бисотининг кичик бир қисминигина ташкил этувчи бу асарлар қарийб бир асрлик адабиётимиз бой халқ оғзаки ижодидан бутунлай узилиб кетмагани, унга ўқтин-ўқтин мурожаат қилиб турилганини аён кўрсатади, албатта. Тарихнавис адибимиз Миркарим Осимнинг Тўмарис, Широқ, Спитамендан Увайсий ва Нодирабегимга қадар жами йигирмадан кўпроқ улкан тарихий шахслар ҳақида яратган гўзал ҳикоя ва қиссалари, аввало, мавжуд афсона-ривоятларга янги бир ҳаёт, иккинчи нафас бахш этиб тургани билан алоҳида қадрлидир. Тарихий шахслар ҳақидаги афсона-ривоятлардан бу қадар самарали ва изчил фойдалана олган адиб жаҳон адабиётида ҳам кам топилади!.. 

Халқ оғзаки ижоди ҳар бир адибнинг ўзига хос тириклик суви, сарчашмаси — булоқбоши ҳисобланади. Минг йиллик чинор қақраб ётган биёбонда эмас, энг сўлим ва гавжум хиёбондаги булоқбошида ўсиб-униб қад ростлайди. Бинобарин, булоқбошидан баҳра олиш бахти барчамизга муяссар бўлсин.

ОТАУЛИ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг