Ижодкор соғлиғидан кўнгли тўқ бўлса…

318

Халқимиз азалдан ижодкорнинг иззат-ҳурматини жойига қўйган. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Ёзилган китоблар бунёд этилган иншоотлардан ҳам кўпроқ яшайди”, деган сўзлари қалам аҳлига бўлган меҳр-мурувват ифодаси ўлароқ тарихда дарж этилган.

— Тани сиҳатлик ва руҳан тетиклик – яхши асарлар яратишнинг бош омили, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси раҳбари, олий тоифали шифокор Анвар Ражабов. — Ҳаётдан завқланувчи адиб ёзган асар ҳам завқ билан ўқилади. Турмуши ва соғлиғидан кўнгли тўқ ёзувчи асарининг мағзи тўқ бўлади. Шу боис, ҳар бир ходим бу ерга келувчи мижознинг кайфияти аъло бўлишига ҳисса қўшишни ўзларининг бурчи деб билади.

Поликлиникамизда самарали меҳнат қилишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ижод аҳлининг соғлиғи учун қайғуриш – ҳар биримизнинг бош вазифамиз саналади.

Қаламкаш меҳнатини оғирлик, ҳажм, миқдор каби одатий меъёрлар билан ўлчаб бўлмайди. Бадиий ижоднинг нечоғлик машаққатли жараён эканини биз шифокорлар жуда яхши англаймиз. Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар каби миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Юксак эътиборга жавобан адибларимиз юртимизнинг қайноқ жабҳалари бўйлаб ижодий сафарларга чиқишмоқда. Бугунги шиддатли давр талабларига тўла жавоб бера олиш – жуда катта масъулият. Бу масъулият ижодкорлар қаторида биз, шифокорларга ҳам бирдек тегишли. Масалан, поликлиникамизни замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини доимо юксак даражада ташкил этишга катта эътибор қаратамиз. Ҳукуматимиз ва шахсан муҳтарам Президентимиз томонидан аҳоли саломатлигини ҳимоялаш йўлида қабул қилинаётган қарорлар ва ҳужжатлар ижодкорлар поликлиникасида дарҳол ижро этилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида кенг кўламли амалий тадбирлар режаси белгилаб олинди. Шифокорларга бириктирилган мижозларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, оналар ва болаларга янада эътиборли бўлиш, кекса ёшли адибларнинг уйларига бориб саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари доимо диққат марказида бўлади.

— Ёзувчи ва шоирларимиз кўпроқ кўз нурини ошириш учун мурожаат этаётганлари боис, офталмолог хонаси замонавий аппаратлар билан жиҳозланди, — дея суҳбатга қўшилди шифокор Ҳамид Боймуродов. —  Энг замонавий тиббий ускуналар орқали беморлардаги ҳар қандай кўз касаллигини аниқлаб ташхис қўйиш мумкин. Қулоқнинг эшитиш қобилиятини текширадиган аудиометр, тезкор равишда қондаги қанд миқдорини текширадиган глюкометр каби тиббий асбоблар орқали касалликларни эрта аниқлаб, олдини олиш имкони пайдо бўлди. Масалан, лаборатория хонасидаги гематологик анализатор ёрдамида  қисқа муддатда қоннинг 18 турдаги таҳлилини аниқлаб, беморга профилактик ёрдам бериш, эрта ташхислаш йўлга қўйилди…

— Бизнинг поликлиникамизда фаолият кўрсатувчи шифокорлар ҳам бошқа ҳамкасбларимиздан анча-мунча фарқ қилишади, деб ўйлайман, — дейди Анвар ака. — Биз доимо “ижодкорни даволайдиган шифокор, албатта дунёқараши кенг, маънан бой бўлиши, ижодкорнинг кўнгли ва руҳиятини теранроқ анг­лаши лозим”, деган талабни юқори қўямиз. Масалан, мен ўзим даволанишга келган ҳар бир ёзувчи, шоирларнинг ижоди билан албатта? танишиб чиқаман. Ходимларимга ҳам улар ижодидан бохабар бўлиб боришни уқтираман. Қолаверса, эл севган ижодкорлар ­соғлиғини тиклаш, саломатликларини мустаҳкамлаш учун ҳар қанча иш қилсак оз. Зеро, бахт, энг ­аввало соғлик демакдир.

Бахтиёр Ҳайдаров

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг