Бахмал (ҳикоя)

Урушнинг кўпи ўтиб, ози қолган бўлса ҳам онаси ҳамиша икки гапнинг бирида:

– Урушни кимки унутса кўр бўлади. Оғир кунларни тез-тез эслаб-эслаб тургандагина яхши кунларнинг қадрига етасизлар, – дерди.

Бола эса  ўша кезларда  гўдак бўлиб,  бу гапларнинг маъносига етмасди.

Эс-эс хотирлайди: узоқ каҳратон қиш оқшомлари онаси сигирни ертўладан чиқариб, ўзлари ётадиган хона даҳлизига боғлаб қўярди. Сигир тун бўйи куртиллатиб хашак чайнар, кавшанар, бола эса унинг ўқтин-ўқтин пишқиришини тинглай-тинглай уйқуга кетарди. Онаси сигирга жуда меҳрибон эди. Буни, афтидан, сигир ҳам сезар, ҳамиша онаси «Бахмал», деб чақирганида, у эмранибгина онаси ёнига келар ва думини силкитиб эркаланарди. Онаси ўз ғамини емаса-емас, бироқ сигирини ҳеч қачон унутмасди.

Бир куни акаларидан бири сигирга қилинаётган бунчалик ғамхўрлик боисини сўраб қолди. Она, ертўла совуқ, боз устига, қишлоққа ўғри оралаган, худо кўрсатмасин, сигирга бирон касофат тегса, биз сағирларнинг кунимиз битади, деди. У пайтларда тирикчилик ана шундай таҳликали кечарди. Онаси сигирнинг ўртанча акаси билан тенгдош эканини ва ҳар йили канда қилмай туғиб берадиган бузоқни катта  қилиб сотиб,  рўзғор корига  ишлатаётганини айтди. Ўша йили Бахмал ўн тўртинчи бузоғини туғиб берган эди.

Оиланинг яккаю ягона илинжи шу сигир эди. Она уни еру кўкка ишонмасди. Баъзан болалардан ортган сут-қатиқни қўни-қўшниларга бир тақа талқон, дон ёки бошқа нарсага алмаштирар, қаймоғини кувида пишиб, ёғ қилиб сотарди. Оила бахтига Бахмал чиндан ҳам серсут ва серқаймоқ эди. Биринчи марта эсини таниб, маза қилиб еган ширгуруч ҳам ўша сигир сутида пишгани хотирида. Ундан тотлирок ширгуручни унгача ва ундан кейин ҳам еганини эслай олмайди. Умоч ошни айтмайсиз-ми! Ҳозир умоч ошни камдан-кам учратасиз. Ўша оғир йилларда ҳар бир нарса — сут ҳам, нон ҳам, умоч ош ва гўжа ош ҳам ғоят антиқа таомлар эди…

Уруш тугади. Унинг одамлар юзидаги, дилидаги кўланкаси аста-секин кўтарила борди. Боланинг фронтга кетган катта акаси ҳам қайтиб келди. Урушдан эсон-омон қайтган йигитлар меҳнат қучоғига ўзларини уришди. Бора-бора ороми бузилган қишлоқ ва одамлар ҳаёти яна изга тушиб кетди.

Бу орада сигир ҳам, боланинг онаси ҳам кексайди. Айниқса, сигир ўзини тамом олдириб қўйган эди.

У кексаликнинг бедаво дардига чалинди. Бахмал бутун оила кўз ўнгида кун сайин чўкиб борарди. Онанинг сигир атрофида гирдикапалак бўлиши, зўр бериб емиш ейишга қисташлари ҳам фойда бермади.

Рўзғор ташвишлари бошига тушган, оилага эгалик қилган тўнғич ўғил кунларнинг бирида онасига:

— Эна, сигирни сўйсак, — деди-ю, лекин шу ондаёқ ўз гапидан ўзи чўчиб кетди.

— Нима деяпсан? Сўйсак дедингми?

— Ҳаром ўлиб қолмасин, деяпман. Увол бўлади. Бунинг устига бечора роса қийналиб кетди, гуноҳига қоламиз. Ўрнига бошқасини олиб бераман…

Она ўғлининг фикрига қўшилгандек анча вақт сукут сақлаб қолди. Пешонасидаги ажинлар қуюқлашди. Кейин тўсатдан бутун гавдаси силкиниб, йиғлай бошлади. Тўнғич ўғил ўрнидан туриб кетди. Шу-шу бўлди-ю, қайтиб сигирни сўйиш тўғрисида гап очмади. Бироқ Бахмалнинг куни қисқа экан. Қиш чиқиб, мол-ҳолнинг оғзи кўкатга етганда оила мадади, суянчиғи Бахмал ўлиб қолди.

Уни ажриқзорда ётган пайтда ер ҳайдаётган трактор оқшом ғира-ширасида бехосдан туртиб кетди. Бола ажриқзорга онаси билан югуриб борганида сигир ҳали тирик экан. Аммо унинг бошига қараб бўлмас, аъзойи баданини трактор тишлари тимдалаб, тилка-пора қилиб юборган, чанг ёпишган жунидан рангсиз қон сизиб турарди. Сигир ҳар замонда жонҳолатда бошини кўтаришга уринар, оғир пишқирарди. Она унинг қоқсуяк бошини қўлига олди. Бахмал бир амаллаб тилини чиқарди-да, кулфатдоши, меҳрибон кампирнинг билакларини ялади. Она юзини сигирнинг юзига босди. Бола шунда Бахмалнинг кўзларидан оққан ёшни кўрди. Ҳасратли кунларни бирга, елкама-елка кечирган онаси ҳам унсиз йиғларди.

Бахмал кампирнинг қўлида  жон берди.  Фарзандлар уни кекса оналари илтимосига кўра эҳтиром билан кўмдилар.

Йиллар бири бирини кувиб ўтди.

Энди ўша севимли Бахмал ҳам, ундан ҳам суюмлироқ муштипар она ҳам йўқ. Ҳар иккаласи ҳам бу ёруғ дунёни тарк этишган. Аммо йигитнинг маъсум қалбида чуқур ўрнашиб қолган ўша манзара ҳамон бутун борлиғи билан намоён бўлади: ажриқзорда чала ўлик ётган сигир ва унинг боши узра қадди эгилган она. Уларнинг кўзларидан оқиб тушаётган шўртак ёш ситамкор кунлар, бедор ва таҳликали кунлар, мудҳиш дамларни мангуга ювиб кетгандек.

Менгзиё САФАРОВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan