Осмон миноралари

816

Муборак газни қайта ишлаш заводи иш бошлаганига яқинда ярим аср тўлади. Албатта, қандай ақл, тафаккур айни шу ҳудудда улкан хазинанинг калити яширинганини тахмин қилган ва бутун бир паҳлавон саноат корхонаси шунда қад кўтарган – буни инкишоф этиш мушкул, аммо айнан шу жойларда бир кичик маскан бўлганини ва бу жой, эҳтимол, Буюк ипак йўлида қатнайдиган карвонлар учун қўналға бўлиб хизмат қилганини илмий фараз қилиш мумкин: бир пайтлар Қашқадарё ўзани шу жойларгача етиб келган ва дарё ёқасида кичкина шаҳарча қад кўтарган. Унинг  мавқеини эса олис Ироқнинг Ҳийт шаҳридан келтирилган авлиёнинг қабр тупроғи устига кўтарилган мақбара белгилаб тургандир. Ҳа, зиёратгоҳга қўл етадиган жойда улкан завод қад кўтарган.

Бир замонлар cоҳибқирон Амир ­Темур бепоён саҳролардан ўтиб кетатуриб, ялангликда тошдан минора кўтаради ва унга ўз юришининг шарҳини ёздиради. Йиллар ўтиб, худди шу жойда Бойқўнғир космодроми пайдо бўлади, бу манзил инсоннинг космосга илк қадам қўйишида старт майдони бўлгани билан инсоният тарихида қолади. Умумийлик шундаки, илмий манбаларнинг тасдиқлашича, Ҳийт шаҳридан ҳам Ҳадис илмининг пешволаридан бири, ҳатто Имом Бухорийнинг ҳам илк устозларидан  ҳисобланган Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийнинг табаррук хокини Амир Темур ҳазратлари келтириб, шу жойда дафн қилишни ихтиёр этган эканлар. Энди, бу ҳақиқатлар қаршисида ҳайратланишдан бошқа чора йўқ.

Муборак газни қайта ишлаш заводининг иш тартиби қуйидаги тўртта йўналишга ихтисослашган: табиий газни олтингугуртли бирикмалардан тозалайди ва қуритади; техникавий олтингугурт ишлаб чиқаради; барқарорлашган газ конденсатини ишлаб чиқаради; суюлтирилган газ ишлаб чиқаради. Гарчи таърифлар тўрт-беш қаторга сиғиб кетса-да, корхонанинг бутун фаолиятини тасаввур қилиш учун хаёл тизгинини анча қўйиб юборишга тўғри келади. Аввало, бугунги тирикчилик маромида газ қанчалик зарурлигини чамалаб кўрайлик-да, унинг ўчоқларимизда ишлатишга яроқли ҳолга келгунча бўлган жараённи мушоҳада қилишга уринайлик. 

Шуниси борки, бу ёнилғи табиатда соф ҳолда учрамайди. Унга турли минераллар табиий равишда аралашган бўлади. Газнинг техник тайёр маҳсулот ҳолига келиши эса бир қанча мураккаб босқичлардан иборат. Хом ашё баъзан улкан резервуарларда сақланади, гоҳида игнанинг кўзидек тирқишдан ўтказилиб тозаланади, баъзан тошни ҳам эритадиган ҳароратда қизитилса, гоҳ ҳавони ҳам тош қотирадиган совуқликда музлатилади, кучли босим билан гоҳ кенгайтирилади, гоҳ қисилади. Бу жараёнларнинг кетма-кетлиги ва суръати-аниқлиги илмий йўл билан кашф қилинган. Бирон бўғиндаги кичкина нуқсон ҳам сифатга жиддий таъсир кўрсатади.

Биз, аввало, бир неча юз гектарни ишғол қилган ана шундай паҳлавон корхонанинг бугунги фаолияти билан қизиқдик.

— Албатта, илғор технологияларни жорий этмасдан муваффақиятга эришиб бўлмаслиги исботланган ҳақиқат. Бу мақсадга эса энг сўнгги инновацион ғояларни татбиқ этмаслик қармоқ билан кит овлашга уринишдай гап, — дея сўзини бошлайди тадқиқот, янги маҳсулотларни жорий этиш, инвестицияларни жалб этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўлими етакчи муҳандиси  Бобур Қодиров. — Таассуфки, биз бу борада анча сусткашликка йўл қўйган эканмиз. Бўлимимиз март ойида ташкил этилган бўлса-да, натижалар аллақачон кўзга ташлана бошлади.

Янги ғоялар ўз номи билан янгилик. Янгилик эса осонлик билан қабул қилинмайди. Тайёр, далилланган инновацион таклифларнинг жорий этилиши ҳам шундай. Ишлаб чиқаришга жорий этишни тавсия қилиш учун эксперт комиссиясига берилган лойиҳалар ойлаб, ҳатто йиллаб ғаладонларда муҳокамага чиқарилмай ётарди. Чунки масъулиятни бўйнига оладиган валломат топилавермасди ёки янгиликка унчалик ҳам рағбат билдирилавермасди.  Ҳолбуки, экспертиза харажатлари учун олдиндан катта миқдорда маблағ тўлаб қўйилган бўларди.

— Жорий йилнинг 21 июнида Президент Шавкат Мирзиёев селектор йиғилиши ўтказди, — дейди янгиликдан мамнун Бобур Қодиров. — Энди бюрократик тўсиқлар олиб ташланадиган бўлди. Йиллаб кутиладиган экспертиза муҳокамалари Президент ҳузурида нуфузли комиссия иштирокида ўтади, масала жадал ҳал бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 июндаги “Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан алоҳида лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишда тўлов олинмайди. Дастлабки  ва якуний техник-иқтисодий асосларни комплекс экспертиза қилиш учун тўланадиган ҳақ миқдори тўрт баробарга қисқартирилди.

Яратилаётган қулай инвестиция муҳити, умуман, ишлаб чиқаришнинг рағбатлантирилиши ҳисобига кейинги икки йилда завод фаолиятида ижобий ўзгаришлар рўй бераётганини рақамлар кўрсатиб турибди. Масалан, ўтган йил якунида суюлтирилган газ сотиш режаси 111,4 фоизга уддаланган бўлса, бу йил ярим йиллик натижаси 177 фоизга тенг бўлмоқда. Ёки олтингугурт  маҳсулотини АҚШ долларига сотиш режаси ҳам 179 фоизга уддаланган. Жамоа олтингугурт маҳсулотини экспорт қилиш режаси охирги беш йилликда биринчи марта муваффақиятли бажарилганини фахр билан таъкидламоқда.

Қолаверса, юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар туфайли инвестициялар оқими кучаймоқда, хориждан тайёр, бозорбоп  маҳсулотларга харидорлар сони ортмоқда. Туркия,  Хитой, Швеция, БАА, Покистон,  Қирғизистондан вакиллар келиб, олтингугурт харид қилиш истагини билдирмоқда. Албатта, йилига тўрт юз минг тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводнинг ишлари юришиб кетишидан бутун мамлакат аҳли манфаатдор. Зеро, бу завод газдан олтингугурт ажратиб олишга ихтисослашган дунёдаги нодир корхоналардан бири.

Техника бўлимининг бошлиғи  Ҳусан Беков ҳар йили пойтахтда ташкил қилинадиган инновацион ғоялар ярмаркасининг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди. Завод маъмурияти унда фаол иштирок этиш билан бирга яқин ва узоқ хориждаги ҳамкорлар билан шерикчилик шартномаларини имзолайди. Ўнинчи марта ташкил қилинган мазкур ярмарка корхона фаолиятини замонавий асосларга кўчиришда кўплаб фойдали ғоялар берди, ҳамкорлар топишга кўмаклашди. Жумладан, Сингапурнинг “Интер инжиниринг”  компанияси  инвестецияси ҳисобидан йилига 280 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқарадиган технологик қурилма бунёд этилаяпти. Унда энг замонавий технологиялар, масалан, “Клаус усули”да олтингугурт олиш қурилмаси ўрнатилади.

Ҳусан Беков тақдири “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ билан боғланган минглаб кишилардан бири. У ўқишни битириб, шу ерга ишга келди, дастлаб оператор, катта оператор, қурилма бошлиғи бўлиб ишлади, ҳар жиҳатдан тобланди,  айни пайтда бўлим бошлиғи. 33 йиллик меҳнат фаолияти унинг кўз олдида газета саҳифаларидек очиқ турибди. Охирги йилларда ходимлар таркиби маҳаллий ёшлар ҳисобидан янгиланиб борди. Улар ҳар қандай технологик жараённи мукаммал бажара олишларини амалда кўрсатиб келмоқдалар. Меҳнатга яраша эътироф ҳам юқори даражада. Масалан, узоқ йиллар оддий темирчи бўлиб ишлаган фидойи, камтар инсон Қобил Мўминов Ўзбекистон Қаҳрамони деган шарафли унвонга сазовор бўлди. Меҳнатидан шуҳрат топган бундай кишилар МЧЖда кўплаб топилади.

– Умуман, корхонамизда ишчилар манфаатини муҳофаза  қилиш бош масала бўлиб келган, — дейди касаба уюшмаси раиси Акром Ҳамроев. — Фаолиятимизнинг ўзи одамлар оғирини енгил қилиш, рўзғорига файз, қувонч олиб киришга йўналтирилган экан, ана шундай юмушга сафарбар этилган кишиларга юксак даражада ғамхўрлик кўрсатилиши табиий ҳол. Олайлик, Яккабоғ туманининг хушманзара жойларида 350 ўринга мўлжалланган “Ниҳол” оромгоҳи завод ишчиларининг фарзандларини ёзги дам олишини ташкил қилиш мақсадида очилган. Бу йил биринчи марта “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” акцияси бўйича ишчи-ходимлардан Самарқанд шаҳрига 225 нафар, Шаҳрисабзга 300 нафар, Хоразм вилоятига 100 нафар, Қарши шаҳрига 50 нафар, Бухоро шаҳрига 25 нафар киши турист сифатида бориб келди.

Корхона тасарруфида “Муборак-текст”, “Муборак-экоҳаёт”, “Табиий тоза” масъулияти чекланган жамиятлар тузилди. Муборак туманида йилига жами 8 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқарадиган фабриканинг қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бу билан юзлаб йигит-қизлар иш билан таъминланади.

Корхонани ривожлантиришнинг истиқболли режасида энергия тежамкорлигига эришиш бўйича аниқ таклифлар мавжуд. Жумладан, чет эл инвесторлари билан қўшма корхоналар ташкил қилиш ва божхона, солиқ йўналишлари бўйича энергия тежамкорлиги учун имтиёзлар яратиш мақсадида узоқ муддатли (10 йилгача) кам фоизли (3 фоизгача) имтиёзли кредитлар ажратишни таъминлаш; энергия тежамкорлигида иштирок этган ходимларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги 2008 йил 15 декабрдаги стандартларни қайта кўриб чиқишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

…Шинам хонадаги суҳбат узоқ давом этди. Суҳбатдошларнинг бамаъни мулоҳазаларидан улкан корхонада бир вақтнинг ўзида ҳам жўшқин меҳнат давом этаётганини, ҳам янгиланишлар жараёни кетаётганини ҳис этдик. Корхона жамоасининг кайфияти бугунги ўзгаришлар, тараққиёт руҳига мос. Гўё фалакка интилган осмон миноралари янги қут-барака ва фаровонлик ҳадя этишга чоғлангандек, яна ҳам қудратли ва ишонч билан гувлаётгандек туюлди. Муаззам замин эса ўзининг чўнг елкасида кечаётган янгиланишлардан мамнундек бепоён бағрини кафтдек тутиб турибди.  

Ҳаким САТТОРИЙ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг