Бадиий таржима: Галдаги вазифалар

411

Мумтоз ва замонавий адабиётимиз тарғиботида бадиий таржиманинг, адабий алоқаларнинг ўрни беқиёс. Тарихга назар ташласак, таржима адабиёти Ватан адабиёти билан вобаста тараққий этиб келганига гувоҳ бўламиз. Айни пайтда таржима адабиёти ва унинг назарий муаммоларини тадқиқ этишда бой тажрибага эгамиз. Бу жабҳадаги ишларни янги, юқори босқичга кўтаришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 18 майдаги 376-сон қарори муҳим аҳамият касб этиши муқаррар.

Ўтган ХХ аср мобайнида таржима асарларининг жуғрофияси янада кенгайди. Аср бошида адабиёт саҳнасига чиққан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби адибларимиз жаҳон адабиётидан таржима қилиш тажрибасини бошлаб бердилар. Чўлпон таржимасидаги Шекспирнинг “Ҳамлет”, Усмон Носир ўгирган Лермонтовнинг “Демон” асарлари таржималари ҳанузгача ўз қимматини йўқотгани йўқ. Айни пайтда ҳам жаҳон адабиётининг номдор адиблари асарлари тилимизга мунтазам таржима қилиниб келинмоқда. Айниқса, мустақиллик йилларида Ватанимизда таржима адабиётига эътибор янада ортди. “Жаҳон адабиёти” журнали ўтган йигирма йил ичида чет эл адабиёти билан ўзбек китобхонини таништиришда жонбозлик кўрсатди. Бу йилларда устоз таржимонларнинг шижоатли меҳнати туфайли жаҳон адабиётининг ўнлаб намуналари китоб жавонимиздан ўрин олди.

Қувонарлиси, сўнгги йилларда билвосита таржима амалиётидан бевосита таржима амалиётига ўтиш даври бошланди. Бевосита аслиятдан таржима қилаётган маҳоратли таржимонларимизнинг меҳнати кўзга кўрина бошлади. Чунончи, Бегойим Холбекова, Алишер Отабоев, ­Ойбек Остонов, Аъзам Обидов ўз таржималари билан ­жамоатчиликка танилдилар. Кейинги пайтда бадиий ­таржимага иштиёқи баланд ёшларнинг бўй кўрсата ­бошлагани ҳам мамнуният ҳиссини уйғотади.

Ўзбек адабиётининг чет тилларга таржимаси ва хорижда ўрганилиши тарихига тўхталадиган бўлсак, бу борада ҳам бой тажриба тўпланган. Масалан, француз олими Бартолемей д“Ербеллонинг 1697 йили Парижда чоп қилинган “Шарқ кутубхонаси” (“La Bibliotheque orientale”) қомусида илк дафъа ўзбек мумтоз адабиёти, хусусан, ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳамда ижоди ҳақида мақолалар берилганди. Шундан сўнг европалик олимлар Навоий, Бобур ижодини ўрганиш, асарларини француз, немис ва инглиз тилларига таржима қилиш билан жиддий шуғуллана бошладилар. Натижада, ҳазрат ­Навоийнинг “Хамса”сидан айрим достонлар, ­Бобурнинг “Бобурнома” ва Абулғозихоннинг “Шажараи турк” асарларининг французча, немисча ва инглизча таржималари Европа бўйлаб кенг тарқалди, улар ҳақида тад­қиқотлар ёзилди.

Мустақиллик даврида ўзбек тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан ўзбек тилига бевосита таржима амалиётига ўтиш борасида ҳам илк қадамлар ташланди. Айни пайтда, хорижий тилларни пухта эгаллаган ёшларимиз ўзбек адабиёти намуналарини инглиз, немис, француз, хитой, япон, корейс тилларига таржима қилишмоқда. Бу ўринда, албатта, таржимонларимизнинг хорижлик  мутахассислар билан ҳамкорликда фаолият юритаётгани самарали натижа беряпти. 

Албатта, адабиётимизнинг энг сара  намуналари таржималарини амалга ошириш, таҳрир ва нашрини таъминлаш осон кечмайди. Таржималарни нашрга тайёрлашда хорижлик мутахассисларнинг ҳам ёрдами керак бўлади. Масалан, Ойбекнинг “Навоий” ва ў.ўуломнинг “Шум бола” повести таржималарига америкалик олима Элиза Бриттэн муҳаррирлик қилди. Натижада ҳар иккала таржима ҳам муваффақиятли чиқди.

Хулоса қилиб айтганда, бизда ҳам хориж  адабиётидан ўзбек тилига, ўзбек адабиётидан дунёнинг бошқа тилларига таржима қилиш борасида тажриба тўпланган. Эндиги вазифа, ана шу тажрибага таяниб, ўзбек адабиётининг сара асарларини чет тилларга, жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилувчи малакали таржимонларни тайёрлаш, таржима асарларини тарғиб қилиш ва улар таҳлилини йўлга қўйишдан иборат. Шу ўринда таржима амалиётини юксак санъат даражасига кўтариш, таржимашунослик илмини фаоллаштириш ва изчилликни таъминлаш борасида айрим таклифларимизни билдирмоқчимиз. Биринчидан, хорижий тилларни пухта эгаллаган ёш таржимон кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик ва Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги таржимонлик факультетлари фаолиятини тубдан янгилаш, ўқув ва илмий режаларни замон талабига мослаштириш зарур. Бу таълим даргоҳлари ўқув режасига жаҳон адабиёти тарихи, адабиёт назарияси, адабиётлараро алоқалар, бадиий матн таҳлили, таржима назарияси ва амалиёти каби фанларни киритиш зарур. Ушбу фанлар йўналишига мос кафедраларни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Иккинчидан, юқоридаги ўқув масканлари билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида алоқани мустаҳкамлаб, таниқли таржимонлар, ёзувчи ва олимларни таржимонлик факультетларида амалий дарсларни ўтишга жалб қилинса, бу жуда яхши самара беради. Учинчидан, давлат нашриётларида таржима адабиёти таҳририятларини ташкил этиб, хорижий тилларни биладиган нашриёт ва журналлар таҳририяти муҳаррирларнинг ишлашига шароит яратиб бериш зарур. Шунингдек, чет давлатлар элчихоналари билан билан яқин алоқа ўрнатилса, ўзбек адабиётини чет элларда тарғиб қилиш, таржима асарларни хорижий тилларда нашр этишнинг имконияти кенгайган бўларди.

“Жаҳон адабиёти” журналининг нашрига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Пала-партиш таржималарни чоп этишни тўхтатиш, журналнинг йиллик нашр режасини пухта ўйлаб, жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтказиб, амалга оширган маъқул. Шунингдек, журналда эълон қилинган таржима асарларни баҳолайдиган тақризларни матбуотда эълон қилиб бориш, журналда таржима назариясининг бугунги долзарб муаммоларига бағишланган мақолаларни нашр этиб бориш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Айни пайтда ўзбек адабиётининг энг сара асарларини хорижий тилларга таржима ва тарғиб этиш учун янги нашрга эҳтиёж сезилмоқда. Ўзбек адибларининг асарлари инглиз, немис, француз, хитой, япон, корейс тилларига таржималари эълон қилиниб борилса нур устига нур бўларди. Қолаверса, бундай нашр ёш таржимонлар учун маҳорат мактабига айланарди.

Кейинги йилларда бизда таржима назарияси ва таржима танқиди бирмунча оқсаб қолди. Масалан, Халқаро таржимонлар уюшмаси (ФИТ) билан алоқамиз йўқ, унинг сўнги йиллардаги фаолиятидан бехабармиз. Халқаро таржималар уюшмаси билан яқин алоқа ўрнатилса, ташкилотнинг хал­қаро симпозиумларида таржимон ва таржимашуносларимиз иштирок этишса фойдадан холи бўлмасди.

Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими Республика телевидениеси Маънавият ва маърифат канали билан ҳамкорликда “Таржима — юксак санъат” мавзусида мунтазам кўрсатувлар ташкил этса, унда етакчи таржимон ва таржимашуносларимиз иштироки таъминланса, шунингдек, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида бадиий таржима муаммоларига бағишланган давра суҳбатлари уюштириб борилса бу ҳам соҳанинг ривожига қўшилган муносиб ҳисса бўларди.

Муҳаммаджон ХОЛБЕКОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг