Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди

684

Муҳаммад Юсуф

(1954 – 2001)

Самимий шеърлари оҳанграбо қўшиқларга айланиб, ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган лирик шоир Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Шу ерда ўрта мактабни тугатгач, республика Рус тили ва адабиёт институтига ўқишга кириб, уни 1978 йилда битирди.

Ижодга ҳавас уни олий маълумот олгач Тошкентда қолишга ундади. 1978-1980 йилларда Китобсеварлар республика жамиятида, 1980-1986 йилларда “Тошкент оқшоми” газетасида, 1986-1992 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, 1992-1995 йилларда “Ўзбекистон овози” газетасида, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигида ишлади. 1995-1996 йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида ўқиди, 1997 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари лавозимада фаолият кўрсатди.  

Бадиий ижод билан талабалик давридан шуғуллана бошлаган, аммо шеърга ғоят маъсулият ва талабчанлик билан муносабатда бўладиган Муҳаммад Юсуф илк тўплами – “Таниш тераклар”ни 1985 йилда нашр эттирди. Биринч китобиёқ уни элга танитди, тўпламдаги шеърлардан дунёга келган дилтортар қўшиқлари эса уни машҳур қилди. Иқтидорли шоирнинг “Булбулга бир гапим бор”, “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима энам аллалари”, “Иш кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан”, “Ёлғончи ёр”, “Eрка кийик”, “Осмономга олиб кетаман”каби кўплаб шеърий китоблари босилиб чиққан.

Муҳаммад Юсуф шеърлари самимийлиги, омманинг руҳига яқин бўлганлиги учун ҳам китобхонинг кўнгил мулкига айланди. Унинг асарларида ўзи туғилиб ўсган юрт руҳияти, манзаралари яққол кўриниб туради. Шунинг учун ҳам у ҳақида дўстлари ҳазиллашиб баъзан: “Муҳаммад – Тошкентнинг кўп қаватли бетон уйларига от етаклаб кирган шоир”, – дейишарди.

Шоир 1998 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлди. У Ўзбекистондаги энг ёш халқ шоири эди. Муҳаммад Юсуф 2001 йилнинг 31 июлида юрак хуружидан вафот этди.

Юртим, адо бўлмас армонларинг бор…

Юртим, адо бўлмас армонларинг бор,
Тошларни йиғлатган достонларинг бор,
Ўтмишингни ўйлаб оғрийди жоним,
Кўксинг тўла шаҳид ўғлонларинг бор.

Бағрим ўртар бир ўй баҳор айёмлар,
Ой ботган ёқларга термулиб шомлар.
Айбин билмай кетган Акмал Икромлар,
Файзуллодек марди майдонларинг бор…

Юртим, кўнглингдек кенг осмонларинг бор,
Юлдузни йиғлатган достонларинг бор.
Осмонларингда ҳам дийдорингга зор,
Жайрондек термулган Чўлпонларинг бор.

Қўлинг қадоғига босай юзимни,
Онамсан-ку, оғир олма сўзимни,
Қайинбарглар ёпиб қаро кўзини
Олисларда қолган Усмонларинг бор.

Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Ана юришибди кийганлари зар,
Қодирийни сотиб шоир бўлганлар –
Меҳробингда чиққан чатонларинг бор

Қурбонинг бўлайин, эй онажоним,
Сенинг фарёдаларинг – менинг фиғоним,
Ўтмишингни ўйлаб ўртанар жоним,
Айтсам адо бўлмас достонларинг бор.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг